Линклар

logo-print

Декларация коррупцияни сусайтирадими?

  • Гулнора Равшан

Оддий тожикистонликлардан кўра бир неча баравар кўп ойлик олаëтганларига қарамай¸ тожик амалдорлари ва депутатлари порадан ҳам ҳазар қилмайдилар.

Оддий тожикистонликлардан кўра бир неча баравар кўп ойлик олаëтганларига қарамай¸ тожик амалдорлари ва депутатлари порадан ҳам ҳазар қилмайдилар.

Тожикистонлик айрим депутатлар давлат раҳбари ва давлат идораларида ишлаётган барча мансабдорлар ойлик маошлари миқдори матбуотда эълон қилинишини талаб қилиб чиқдилар.

Тожикистон қуйи палатаси вакили Юсуф Аҳмедов шу кунга қадар давлат раҳбари ва вазирлар ҳамда давлат қўмиталари раисларининг ойлик маоши аҳолига ошкор этилмаётганига норозилик билдирди.

- Давлат идораларининг юқоридан пастки бўғинига қадар барча идоралар раҳбарларининг ойлик маошидан аҳолини хабардор этиб туриш зарур.

Бу жамиятимизда кун сайин илдиз отаётган порахўрликка қарши курашнинг бир йўлидир.

Ким қанча маош олаяпти, олган маоши эвазига нималар қураяпти ёки сотиб олаяпти - буни халқ билиши керак, деди Юсуф Аҳмедов.

Бироқ Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Шерхон Салимов депутатнинг иддаоларини рад этди ва ҳукумат аъзолари ҳар йили бу борада декларацияни тўлдириб, Солиқ қўмитасига тақдим этишини маълум қилди:

- Бу ҳолат қонунчилигимизда кўзда тутилган ва турмушга татбиқ этилган. Биз ҳар йили келгуси йил апрелига қадар мансабдорларнинг маоши ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни солиқ қўмитасига тақдим этамиз, деди Шерхон Салимов.

Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси жорий йилда ҳам бу тадбир давом этишини қўшимча қилди.

Аммо агентлик расмийсининг бу жавоблари Аҳмедов ва унинг билан бир қаторда кўпчилик депутатларни қониқтирмади.

Хусусан, ўтган йили тожикистонлик 100 нафар бой норасмий рўйхатидан жой олган Тожикистон юқори палатаси депутати Ҳожи Акбар Тўражонзода ўзининг мансабдорлар маоши ва мол-мулки матбуотда эълон қилиниши тарафдори эканини таъкидлади:

- У депутатми, мансабдорми - унинг ойлик маоши қанча эканини жамият билиши керак. Чунки улар аҳолидан йиғилаётган солиқ ҳисобидан маош олади.

Солиқ тўловчилар бу амалдорлар бажараётган иш неча пулга арзишини билишлари лозим.

Мен депутатларнинг ойликларини жамиятдан пинҳон тутилишига қаршиман.

Фуқаролар, масалан, депутат 3000 сомоний (785 АҚШ доллари – таҳр.) ёки парламент раиси 9000 сомоний (тақрибан 2350 АҚШ доллари – таҳр.) олишини билиши шарт, дейди Тўражонзода.

Тожик депутатлари коррупцияга қарши кураш агентлиги раисидан мансабдорлар топширган декларацияни ҳар йили матбуотда эълон қилишни талаб қилдилар.

Шерхон Салимов эса бу борада депутатларга тайинли жавоб айтмади ва ўз хулосаларини парламент кейинги мажлисларида эълон қилишини билдирди.

Мустақил кузатувчи Ражаби Мирзо амалдорлар ўз ойлик маоши матбуотда эълон қилинишига рози бўлмайди, деган ишончда.

- Ҳукумат мулозимларига берилаётган маош матбуотда эълон қилинса, уларнинг бошқаларникидан кўра фароғатлироқ турмуши маош эвазига эмас, балки ноқонуний даромадлар эвазига экани ошкор бўлиб қолади, дейди таҳлилчи.

Душанбелик Мунаввархон ҳам Тожикистонда давлат амалдорлари маош эвазига яшаяпти, деган фикрдан йироқ.

- Улар болаларини жудаям қутуртириб юбориб, қасрлар қуришади. Тўрттадан, бештадан, ўнтадан уйлар олишади. Юз минг-юз эллик минглик машиналар олишади. ЗАГСларини самолётларда қилишади.

Инсоф ҳам керак. Халқ аввал тоқат қилади, кейин бир кун исён кўтаради. Кейин ўзларига қийин бўлади, дейди Мунаввархон.

Суҳбатдошимиз Мунаввархон давлат амалдорларининг маоши 500 - 600 доллардан ошмаслигини, бу маош ҳозир бахтли ҳаёт учун кифоя эмаслигини, шунинг учун улар кўпроқ ноқонуний йўллар билан даромад орттираётганига шубҳа қилмаслигини айтади.

Халқаро ташкилотлар ва Тожикистон расмийлари ҳам давлатга қарашли барча идораларда порахўрлик гуллаб-яшнаётганини вақти-вақти билан қайд этиб турадилар.
XS
SM
MD
LG