Линклар

Коммунал тўловлар яна ошади


Иссиқ ва совуқ сувга тўланадиган ҳақнинг ошиб бораëтгани ўзбекистонликлар ҳисоб-китобини оғирлаштирмоқда¸ улар бўйнидаги қарзларни кўпайтирмоқда.

Иссиқ ва совуқ сувга тўланадиган ҳақнинг ошиб бораëтгани ўзбекистонликлар ҳисоб-китобини оғирлаштирмоқда¸ улар бўйнидаги қарзларни кўпайтирмоқда.

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув ҳамда иситиш хизматлари учун тўловларнинг 8 фоизга оширилиши шундоқ ҳам иқтисодий муаммолар гирдобида бўлган ўзбекистонликлар ташвишини оширмоқда.

Тошкент шаҳар “Сувсоз” давлат унитар корхонаси ходимига кўра, 1 апрелдан бошлаб совуқ сув учун янги тариф белгиланди.

- 1 апрелдан бошлаб водопровод суви бир куб метри учун 55,1 сўм(ҳозирда 52 сўм), канализация учун бир куб метрига 35 сўм (ҳозирда 33 сўм) қилиб белгиланди, деди Тошкент шаҳар “Сувсоз” давлат унитар корхонаси ходими.

Тошкент шаҳар иссиқлик тарқатиш бошқармаси ходими ҳам иссиқ сув ва иситиш хизматлари 8 фоизга ошганлигини билдирди.

- 1 апрелдан бошлаб тўловлар оширилади. Иситиш хизматлари учун бир ойлик тўлов бир квадрат метр учун 300,2 сўм (ҳозирда 278 сўм), иссиқ сув учун, агар ҳисоблагич бўлмаса, 3135,3 сўм (ҳозирда 2903 сўм), агар ҳисоблагич бўлса, бир куб метр сув учун 963,3 сўм (ҳозирда 891 сўм) қилиб белгиланди, деди Тошкент шаҳар иссиқлик тарқатиш бошқармаси ходими.

Иккала ташкилот вакили ҳам хизмат ҳақлари оширилишини ёнилғи-энергетика ресурслари харажатлари кўтарилгани билан изоҳладилар.

Тошкент шаҳрида яшовчи Саломат опа коммунал тўловлар оширилиши камбағал оилалар учун нохуш янгилик эканлигини айтади.

- Икки хонали уйда турамиз. Беш-олти ой бўлиб кетди - коммунал тўловларни тўлолганимиз йўқ. Иссиқ сувдан қарзларимиз йиғилиб ëтибди, дейди Саломат опа.

Суҳбатдошимиз коммунал хизматлардан қарзи тахминан 100 минг сўмдан ошиб қолгани, бу қарзларни имконият бўлмагани учун тўламасдан юрганини айтади.

- Ҳар икки-уч ойда бир амаллаб 30-40 минг тўлаймиз, лекин охиригача тулай олмаймиз. Икки-уч ой ўтиб, яна қўшилиб, йиғилиб қолаяпти.

Энди охири нима бўлади билмайман. Нархлар ошиб бораëтгани сайин тўлаш ҳам қийинлашиб бораяпти, дейди тошкентлик Саломат опа.

Тошкент шаҳрида яшовчи бошқа бир суҳбатдошимиз - Мирҳайдар аканинг умуман коммунал тўловлардан қарзи йўқ. Мирҳайдар ака топган маблағини тежаб ишлатса, қарздор бўлмаслик мумкинлиги ҳақида гапиради.

- Бутун оиламиз – ўзим, хотиним, болаларим ишлайди. Ўшани инобатга олган ҳолда, оилавий келишган ҳолда, авваламбор давлатнинг ҳисоб-китобини тўғри қилиб қўямиз. Қолганини кейин¸ ўзимизга яраша ишлатаверамиз.

Коммунал тўловлар вақтида тўланса, етказса бўлади. Шунда қарздорлик ҳам бўлмайди.

Бизнинг коммунал тўловлардан қарздорлигимиз нол даражада. Умуман қарзимиз йўқ.

Қарз йиғилиб қолса¸ инсон қийналади. Кейинги ойга ўтиб кетса¸ одам икки ойликни тўлайди ва қийналишни бошлайди. Уч ой бўлиб кетса¸ ундан ҳам қийин, дейди Мирҳайдар ака.

Лекин тошкентлик яна бир суҳбатдошимиз Хадича аяга кўра, коммунал тўловлардан қарздорлар пойтахтда кўпчиликни ташкил қилади.

- Халқ қийналди, усти-устига қарз бўлиб ëтибди. Битта ойликка 100 хил нарсани тиқиб қўйибди. Бунинг устига¸ ҳаммаси қиммат.

Бечора ишчи қаердан етказсин? Бу ëқда қимматчилик бўлса. У топган пулини ейдими ë фақат коммунал хизматларга тўлайдими? Ҳозир жуда ҳам қийин. Халқ қарз бўлаверади.

Ҳали иссиқ сув деб келади, ҳали газ деб келади, ҳали ахлат деб келади. Борган сари светнинг ҳам нархи ошиб кетаяпти.

Мен уйда фақат битта хонанинг чироғини ëқаман¸ бошқасини дарров ўчиртираман. Ойнинг ëруғида ўтираверларинг, деб айтаман. Тежаш керак, пули кўпайиб кетади, дейман.

Бир неварам талаба. Бечора кун ёруғида дарсларини қилиб олади. Шунча тежасак ҳам барибир қарзимиз ошиб кетаяпти, дейди Хадича ая.

Расмий маълумотларга кўра, ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда Хадича ая сингари коммунал тўловлардан қарздорлар кўпчиликни ташкил қилади.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон парламентининг расмий нашри бўлган “Халқ сўзи” газетаси “мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи камбағалликда яшаши ва аксар халқнинг коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашга ҳам қурби етмай қолгани” ҳақида ёзганди.

Шунга қарамай, жорий йил 1 апрелидан бошлаб ўзбек расмийлари айрим коммунал тўловлар учун ҳақни 8 фоизга оширадиган бўлдилар.
XS
SM
MD
LG