Линклар

Сайлов шу йил кузда бўлади


Айрим мухолифат етакчилари сайловнинг шу йил ичи ўтказилишини Қурманбек Бакиев ҳозирлаган навбатдаги сарой ўйини дея баҳоламоқдалар.

Айрим мухолифат етакчилари сайловнинг шу йил ичи ўтказилишини Қурманбек Бакиев ҳозирлаган навбатдаги сарой ўйини дея баҳоламоқдалар.

Қирғизистон Конституциявий судининг 19 март куни чиқарган қарори мамлакат сиёсий доираларида “Президентлик сайлови 2009 йилда ўтиши керакми ёки 2010 йилдами?” деган баҳсга нуқта қўйди.

Президентлик сайловига оид қарорни Қирғизистон Конституциявий суди раисаси Светлана Сидиқова эълон қилди:

- 2009 йилнинг 25 октябригача президентлик сайлови ўтказилган бўлиши шарт. Сайлов кунини белгилаш эса парламентнинг ваколатига киради.

Бу қарор 2003 йилдаги Конституция асосида қабул қилинди. Чунки президент айни мана шу Конституция талаблари асосида ва аввалги президентнинг президентлик ваколати якунланмай туриб сайланган, деди Светлана Сидиқова.

Конституциявий суднинг Қирғизистонда президентлик сайлови муддатини белгилаш масаласини кўриб чиқишига Қирғизистон парламенти депутати, мухолифатдаги Социал-демократлар партияси аъзоси Асилбек Жээнбековнинг мазкур судга шу йил феврал ойида юборган талабномаси асос бўлди.

Мазкур талабномада Асилбек Жээнбеков Бакиев президентлик муддатини 2007 йилда қабул қилинган Конституция асосида эмас, 2003 йилдаги бош қонун асосида ҳисоблаш керак, деган фикрни асослашга ҳаракат қилган.

- У киши, яъни Бакиев 2005 йилнинг 10 июлида президент қатори ўз фаолиятини бошлаган. У беш йил президентлик қилиши лозим.

Агар Бакиевнинг 2003 йилдаги Конституция асосида сайланганини ҳисобга олсак, унинг ваколати шу йил октябрида якунланиши керак.

Демак, сайлов 2010 йилда эмас, шу йили ўтказилиши лозим, деган эди Асилбек Жээнбеков ўз талабномасини асослар экан.

Қирғизистон парламенти яқин кунларда президентлик сайловини қайси куни ўтказиш масаласини муҳокама қила бошлайди.

Мамлакат қонунчилигига кўра, янги президент аввалги президентнинг ваколатлари якунланишига тўрт ой қолгунича сайланиши лозим.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қирғизистонлик кузатувчилар президентлик сайлови жорий йилнинг июл ойи охири ва август ойлари бошларида ўтказилишини тахмин қилмоқдалар.

Қирғизистон мухолифати лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев бу сайловда амалдаги президент Қурмaнбек Бакиев иштирок этмайди, деган нуқтаи назарни билдиради:

- Бакиев сайловда қатнашмайди, лекин ўз ворисини президент қилади, деб ўйлайман. Чунки Бакиевнинг соғлиғи ва айни пайтдаги сиёсий вазият унинг сайловдаги иштирокини йўққа чиқаради.

Бакиевнинг ворислари ҳокимият учун курашни бир ярим йил аввал бошлаганлар. Конституциявий суднинг бугунги қарорини эса ана шу сарой ўйинларининг давоми сифатида қабул қилиш лозим, деди Ўмурбек Текебаев.

Бироқ Қирғизистон президенти Қурмaнбек Бакиев феврал ойида ўтган матбуот анжуманларидан бирида навбатдаги сайловда иштирок этишини билдирганди:

- Конституция бўйича иккинчи муддатга сайланишга ҳаққим бор ва мен бу ҳуқуқимдан фойдаланишим керак, деб ўйлайман, деган эди Қурмaнбек Бакиев.
XS
SM
MD
LG