Линклар

logo-print

Европа инқироздан чиқиш йўлини изламоқда


Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Барросо 19 март куни баҳорги саммит якунида иқтисодий инқироздан чиқиш борасида ягона иттифоқ ëндашувининг қабул қилинишига умид билдирди.

Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Барросо 19 март куни баҳорги саммит якунида иқтисодий инқироздан чиқиш борасида ягона иттифоқ ëндашувининг қабул қилинишига умид билдирди.

Европадаги иқтисодий инқироз оқибатларининг тахмин қилинганидан кўра ҳам ëмонроқ бўлиши ҳақда ëйилган хабарлар билан бир кунда Европа Иттифоқи раҳбарлари айни бўҳрондан чиқиш йўлларини излаш учун Брюсселда йиғилдилар.

Кейинги икки ҳафта ичи Европа Иттифоқининг жорий бўҳронга нисбатан ëндашуви¸ аниқроғи иқтисодни рағбатлантириш учун Европа ҳукуматларининг етарлича катта маблағ ажратмаëтгани АҚШ нинг кескин танқидига учраб келмоқда.

Океаннинг нариги тарафидан туриб айни инқироздан чиқиш йўлини излаëтган АҚШ Марказий банки чоршанба куни кредит тақчиллигини камайтириш мақсадида мамлакатнинг 1 триллионга яқин қарзи ва ипотека тизимига қўйилган қимматбаҳо қоғозларини сотиб олажагини билдирди.

Аммо Атлантиканинг бу томонидан иқтисодий инқироз билан кураш йўлида кўрилаëтган чоралар¸ Обама маъмурияти ҳафсаласини пир қилишда давом этмоқда.

Пайшанба куни баҳорги саммитга йиғилган Европа иттифоқи раҳбарларининг¸ инқироздан чиқишнинг америкача усулига қаршилик кўрсатишни давом эттириши ва Вашингтон чақириқларини жавобсиз қолдириши кутилмоқда.

Инқироз йўлини тўсиш учун солиқ тўловчи пулини ҳуда-беҳудага сарфлаш қарзлар ва инфляцияни шишириб юборишидан баҳс этаëтган аксар ЕИ ҳукуматлари¸ бунинг ўрнига молия бозори танобини тортиб қўйиш лозимлигини таъкидламоқдалар.

Халқаро валюта жамғармасининг пайшанба куни эълон қилиниши кутилаëтган янги тадқиқоти хулосасига кўра¸ еврозонадаги иқтисодий ўсиш суръатининг 2009 йил ичи 3¸2 фоизга қисқариши тахмин қилинади. Бу эса¸ Европа иқтисодининг чўкишига оид аввалги башоратлардан ҳам тушкунроқдир.

Шундай бўлса-да¸ Брюссел саммити арафасида ЕИ раҳбарлари инқироздан чиқиш борасидаги Европа позициясининг ўзгаришсиз қолажагига ишорат қилдилар.

Хусусан¸ иттифоқ ижроия бўғини бўлмиш Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Барросо инқироз йўлига ҳадеб халқ пулини ташлашнинг ҳам чеки борлигини таъкидлади.

- Биз бу инқироз ва бу қарздорликдан чиқиш йўлини топишга мажбурмиз. Зотан биз ҳозирги бўҳрон оғирлигини келажак авлодлар елкасига ташлай олмаймиз¸ ахир¸ деди Барросо саммит арафасида.

ЕИ раҳбарлари¸ иқтисодни рағбатлантириш учун ҳозирга қадар керагича¸ ҳатто ундан ортиқроқ пул сарфланганини таъкидламоқдалар.

Франция ва Германия раҳбарларининг принципиал ëндашуви бўлган бундай қарашга яқин фикр билдирган Европа комиссияси президенти ўтган декабр ойида қабул қилинган иқтисодни жонлантириш режасининг эндигина амалга оша бошлаганини билдирди. Мазкур режага мувофиқ¸ ЕИ иқтисодини оëққа турғизиш учун 200 миллиард долларга яқин маблағ ажратилди ва бу иттифоқ ялпи ички маҳсулотининг 1¸5 фоизига тенгдир.

Айни пайтда¸ иттифоқ ҳукуматлари¸ комиссия президентига кўра¸ ижтимоий муҳофаза тизимининг ошиб бораëтган талабларига ҳам катта маблағ ажратмоқда ва агар ишсиз қолганларга тўланаëтган нафақа ва бошқа тўловлар қўшилса¸ ЕИ нинг инқироздан чиқиш учун сарфлаëтган маблағи ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 3¸3 фоизига етади.

Бу эса¸ АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнернинг 2009-2010 йиллар давомида инқироздан чиқиш учун ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини сарфлашга оид чақириғидагидан анча кўп бўлиб чиқади.

АҚШ билан ЕИ ўртасида инқирозга ëндашув масаласида келишмовчилик давом этаëтган бир пайтда¸ Брюссел саммитида иттифоқнинг бу борадаги ягона позициясининг ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Бундай ҳолда¸ иттифоқ раҳбарлари 2 апрел куни Лондонда бўладиган катта 20лик саммитига мувофиқлашган дастур ва таклифлар билан бирга келишлари мумкин.

Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Барросо¸ бундай яхлит позиция ҳам иқтисод ўсувини рағбатлантиришга қаратилган¸ ҳам молия бозоридаги тартибни кескинлаштиришни мақсад қилган чора-тадбирлар омухтасидан иборат бўлишига ишорат қилди.

- Ҳозир биз иқтисодни жонлантириш учун кўпроқ пул сарфлашимиз лозимми ëки бозорни тартибга солиш ва бошқариш ташаббусларини қабул қилишимиз керакми¸ деган масалада бўлиниш чиқиши олдини олишимиз лозим. Зотан биз иккаласини ҳам қилишимиз керак¸ деди Европа комиссияси раҳбари Брюссел саммити арафасида.

Европа Иттифоқи раҳбарларининг баҳорги саммити давомида иқтисодий инқироз мавзуидан ташқари¸ собиқ иттифоқнинг олти давлати билан алоқаларни яхшилашга қаратилган Шарқий ҳамкорлик ташаббусининг ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG