Линклар

Аравакаш барака баҳорини кутмоқда

  • Гулнора Равшан

Иш ўринлари танқис бўлган Тожикистонда бозорларда арава судраш айримлар учун тирикчилик ўтказишнинг ягона йўлига айланиб қолган.

Иш ўринлари танқис бўлган Тожикистонда бозорларда арава судраш айримлар учун тирикчилик ўтказишнинг ягона йўлига айланиб қолган.

Тожик қишлоқларидаги ишсизлик билагида қуввати бор ёшларни тирикчилик илинжида хорижга кетишга мажбурлаëтган бўлса¸ ёши ўтиброқ қолганларни шаҳар бозорларига ҳайдаяпти.

Шу йил баҳорда 47 ёшни қоралаган Фарҳод Ёқубов Душанбе шаҳрига туташ Варзоб тизма тоғлари этагида жойлашган қишлоқларнинг бирида яшайди.

Бу ҳудудда экин майдонлари йўқлиги туфайли қишлоқ аҳолисининг 90 фоизи ташқаридан иш ахтаради. Ёшлар кўпроқ Россия шаҳарларидан, билагидан куч кетганлар эса Душанбе шаҳар бозорларидан иш қидирадилар.

11 йилдирки, Фарҳод ака Душанбе шаҳар бозорларида арава судраб, рўзғор тебратишини айтади.

- Ҳар куни 8-10 километр масофани босиб, кунига 15-20, омадим чопган кунлари 30 сомоний (8 доллардан сал озроқ – таҳр.) топаман.

Бу пул фақат кунлик нон ва шакар, совун ҳамда йўл кирага етади, холос. Аравадан топилган пул билан яхши ҳаёт кўриб бўлмайди. Лекин шунисига ҳам шукур, дейди Фарҳод ака.

Суҳбатдошимиз республика мустақилликка эришгунигача Текстил комбинатида ишлаган экан. Бу комбинат россиялик, хитойлик ва яна бошқа чет эллик сармоядорларга ижарага берилганидан сўнг қаҳрамонимизга ишдан жавоб берилган. Аниқроғи, хорижликлар ташкил этган янги цехларга фақат олий маълумотлиларгина ишга олинган экан.

- Тирикчилик мажбур қилди - арава судрай бошладим. Республикадан бундан бошқа яна нима иш ҳам бор? дейди тўрт боланинг отаси.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 65 фоизи қашшоқликда кун кўради. Фарҳод аканинг оила аъзолари ҳам ўша минглаб тожикистонлик қашшоқлар сафига киради.

Аммо суҳбатдошимиз БМТ ва бошқа донор давлатларнинг камбағалликни тугатиш махсус дастурлари асосида ҳар йили Тожикистонга кўрсатилаётган ёрдамидан ҳали бирор марта ҳам фойдаланмаганини айтади:

- Ҳеч қачон ёрдам олмаганман ҳеч кимдан, ҳукуматдан ҳам. Қани ҳозир ҳукумат? дейди ўнқир-чўнқир йўллардан 150 килоча юк ортилган аравасини зўрға судраб бораётган Фарҳод ака.

Суҳбатдошимиз қишлоқдошлари сингари каттароқ даромад топиш илинжида Россияга бормагани сабабини у ерда ишлаб келганларнинг кўпи турли касалликларга чалинаётгани билан изоҳлади.

- Бир қўшним Россиядан келиб ишлаган пулининг ҳаммасини дўхтирларга бериб даволанди, дейди Фарҳод ҳаммол.

Айни пайтда Фарҳод ака хорижий мамлакатларга бориб, дам олишни орзу қилишини, аммо аравадан топилган даромад базўр қорин тўйдиришга етишини айтади.

- Шунисига ҳам шукур, ҳеч кимдан қарздор эмасман. Бозор солиқларини ўз вақтида тўлаб тураман. Мана, баҳор келди, энди тирикчилигимиз яхши бўлади, дейди озгина тин олиш учун аравасини тўхтатган Фарҳод ака.

Айни пайтда суҳбатдошимиз бу юртга қут-барака баҳори қайтишини орзу қилади.

Фарҳод ака яқин келажакда Тожикистонда ҳам иш ўринлари пайдо бўлишига, ўшанда ўз малакасига яраша иш топиб, бола-чақасини бемалол боқадиган кунлар келишига умид қилиб яшайди.
XS
SM
MD
LG