Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:59

Ҳимоячилар хайрияга муҳтож


Ўзбекистон ичкарисида қолган саноқли ҳуқуқ фаоллари¸ ўтказаëтган норозилик тадбирлари учун ҳеч кимдан пул олмасликларини айтадилар.
Ўзбекистон ичкарисида қолган саноқли ҳуқуқ фаоллари¸ ўтказаëтган норозилик тадбирлари учун ҳеч кимдан пул олмасликларини айтадилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси¸ мамлакатдаги вазиятни яхшилаш йўлида ўз соғлиғидан айрилиб¸ ночорликка тушиб қолган ҳуқуқ фаолларига молиявий кўмак йиғиш учун хайрия тадбири бошлади.

Алъянс фаоли Саломат Бойматованинг айтишича, бугун Ўзбекистонда эркин сўзга, ҳур фикрга ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар давом этмоқда. Ўзбекистонда қолган оз сонли ҳуқуқ ҳимоячилари норозилик намойишларини, пикетларни эмин-эркин ўтказа олмайдилар.

Ҳар қандай норозилик намойиши ва пикетлар милиция ходимлари томонидан ур-сурлар ва калтаклар билан тарқатиб юборилади. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари милиция бўлимларига олиб борилиб¸ уларга тазйиқлар ўтказилади ва бу ўз навбатида уларнинг соғлиғига, руҳиятига жиддий зарар етказади.

- Кўп инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг соғлиқлари яхши эмас. 2008 йил 6 декабр куни пикетдан кейин ушлаб олиб кетишиб¸ судлар қилишганку. Ҳаммамизга 280 минг сўмдан штраф қўйилган эди.

Ўзи қийналиб яшаб турган пайтимизда¸ бу штрафни қандай қилиб тўлаймиз¸ деб асабийлашганидан кўпчилиги касал бўлиб қолган. Кимнингдир юраги касал¸ кимнингдир кўзлари хиралашиб қолган. Ўша маънода озгина ëрдам бўлармикан деб¸ ëзганмиз ўша баëнномани¸ дейди Саломат Бойматова.

Унинг сўзларига кўра, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари жазирама иссиқ ва қаҳратон қишга қарамасдан, доим Ўзбекистонда сиёсий ва диний эътиқодлари учун қамалган одамларни озод қилишни ўз норозилик намойишларида талаб қилиб келадилар.

Уларни, милициянинг ҳар кунги кузатуви, ёлланма одамларнинг уларга ҳужум қилиши, қамоқлар, жарималар, зўравонликлар қўрқита олмайди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Умида Ниёзова, Мўътабар Тожибоева, Улуғбек Ҳайдаров, Ёдгор Турлибековнинг озод қилинишида уларнинг ҳам ҳиссаси бор. Бироқ бу кун уларнинг ўзларининг саломатлиги ёмонлашмоқда. Даволангани эса маблағ йўқ, дейди Саломат Бойматова.

- Нима дейишим мумкин? Масалан¸ грант ë бошқа нарсалардан хабаримиз йўқку¸ лекин бир-икки марта пикетларда турганда Виктория Боженованинг сочини юлиб олганда¸ ўшаларга медицина ëрдами келган экан. Ўшандан хабарим бор.

Бошқа доим пул билан таъминлаб турилиши тўғрисида хабарим йўқ ва мен бу фикрга қўшилмайман. Умуман¸ бу тўғрида гап бўлиши мумкин эмас. Пикетларга ихтиëрий чиқилади ва пикетга чиқилганга ҳеч ким пул бермайди¸ дейди Саломат Бойматова.

Ўзбекистон расмий идоралари бу ҳуқуқ ҳимоячилари хориждан оладиган грантлар ҳисобига ишлашини, ҳар бир пикет ва норозилик намойишлари учун хорижий ташкилотлардан пул олиб туришларини айтади. Лекин Саломат Бойматова бу иддаоларни рад этади.

Унинг айтишича, улар шунчаки ўз фуқаролик бурчларини бажараяптилар¸ холос.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи фаоллари аллақандай чойчақа учун эмас, балки жамиятдаги адолатсизликларга қарши курашаётганини айтади.

- Бу ғирт ëлғон ва туҳматдан иборат. Биз мана Жиззахда қанча пикетлар¸ норозилик юришлари қилдик. Мен буни туҳмат деб биламан. Халқаро ташкилотлар бизга ҳеч қачон “Пикет уюштир¸ ë бошқа қил” деб пул ажратмайди¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Бахтиёр Ҳамроев, алъянс бошлаган бу хайрия тадбирини қўллаб-қувватлашини айтар экан, Ўзбекистонда қамоққа ташланган инсон ҳуқуқи фаолларининг оилалари ҳам оғир аҳволда эканлиги ва уларга ёрдам бериш лозимлигини таъкидлайди.

- Қаровсиз қолган ҳуқуқ ҳимоячилари¸ айниқса уларнинг оила аъзолари ниҳоятда камбағал ҳолда яшашади. Қамоқда ëтган ҳуқуқ ҳимоячилари маънавий қўллаб-қувватланиб турибди. Бунинг учун халқаро ташкилотларга минг раҳмат¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG