Линклар

Янги касблар: Ер даллоллари ва ер сардорлари

  • Сарвар Усмон

Фермерларнинг шикоятига қараганда¸ бугун Ўзбекистонда битта фермер орқасидан кун кўраëтганларнинг сони узайиб бормоқда.

Фермерларнинг шикоятига қараганда¸ бугун Ўзбекистонда битта фермер орқасидан кун кўраëтганларнинг сони узайиб бормоқда.

Фермерликни ривожлантиришни даъво қилаëтган Ўзбекистонда¸ ерни қонун хати билан ижарага олган фермер¸ аниқроғи унинг ерига зулукдек ëпишган янги паразит тизимлар пайдо бўлган. Бугун ана шу паразитлик анатомиясини тафтиш қиламиз.

Эшиттиришимизнинг 27 феврал куни ҳавога узатилган сонида ўзбек жамиятида пайдо бўлган янги касб ва ҳунарлар: қўғирчоқсозлар ва тагликчилар, эскифурушлар ва сайёр савдогарлар, ямшчиклар ва экспедиторлар тўғрисида ҳикоя қилган эдик.

Табиийки, битта эшиттиришда янги касб-ҳунарларнинг ҳаммасини қамраб ололганимиз йўқ.

Бугун мавзуни давом эттирмоқчимиз.

Ер даллоллари

Фарғонанинг Риштонида яшайдиган тингловчимизнинг айтишича, кейинги йилларда ер даллоллари пайдо бўлган.

Тингловчи: Мисол учун¸ ҳокимиятга юқоридан “ер берилсин” деб қоғоз келади. Дейлик¸ вилоятдан туман ҳокимиятига “шунча майдонни бўлиб беринглар” деб қоғоз келади. Ҳокимиятдагилар буни давлат нархида мисол учун 100 минг сўм бўлса¸ 100 минг сўмга олишади.

Ўзларининг номига олгандан кейин кўчада уларнинг махсус даллоллари бўлади. Улар олдин йўқ эди. Улар миш-миш тарқатишади. Ҳозир биласиз¸ қуруқ 8 сўтиклик ер 4-5 миллион бўлиб кетган. Улар кейин “Фалон жойда ер сотилаяпти экан. Эгаси анчадан бери ишлатмай¸ сотиб юборишга мажбур бўлибди. Энди ҳозир ерларни биласиз 7-8 миллион туради. Сизга 4 миллионга бераркан” деб гап тарқатишади.

Булар бу ëғини ўхшатишгандан кейин¸ улар рози бўлади. Ҳокимият вакиллари 100 минг сарфлаб 3-4 миллион эгаси бўлишади. Ўртада даллоллар улушли бўлиб қолишади.

Озодлик: Бу жараëндаги асосий фигура ўша даллоллар?

- Ҳа¸ шундай. Менинг билишимча¸ олдин даллоллар фақат мол бозорда бўларди. Бор барака қилишарди. Энди ҳозир мисол учун бизда “ер даллоли” деган гап ҳам чиққан. Ер кимники эканлигини оддий халқ билмайди¸ лекин ер даллоллари билишади, дейди фарғоналик бу суҳбатдошимиз.

Бу уй-жой солиш учун ер участкаси ажратишнинг фақат Риштон туманида ўйлаб топилган усули ва ер даллоллиги ўша усул туфайли фақат Риштонда пайдо бўлган янги ҳунар бўлмаса керак.

Шундай фикр билан Сирдарёга, Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили Карим ака Бозорбоевга қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Сирдарëда ер даллоли деган гап борми¸ йўқми?

Карим Бозорбоев: Ер даллоли? Энди нима десам бўлади¸ саволингиз қалтис саволда. Ер даллоли бозордаги даллолга ўхшаган эмас. У кўзга кўринмас даллол бўлади.

Озодлик: Ўзи умуман шунақа даллол борми?

Карим Бозорбоев: Ие¸ бўлганда қандоқ. Роса серобку.

Озодлик: Ким у ер даллоли?

Карим Бозорбоев: Энди мана ҳозир¸ фермерлик йўналишида иш олиб бораяпмиз. Жабрланиб қолган кўп фермерлар давлат органларидан ташқари бизларга ҳам мурожаат қилаяпти. Уларнинг ишларини ўрганиб чиққанимизда¸ асосан фермер билан ҳокимиятнинг ўртасида ўша хўжаликларда қонун доирасида кўрсатилмаган сардорлар иш олиб бораяпти. Сардор дейишимга сабаб...

Озодлик: Йўқ¸ сардор демаяпман¸ ер даллоли.

Карим Бозорбоев: Тўғри. Мана шу ер даллолига сардорларимиз бориб тақалади. Бизда¸ мана шу Оқ олтин туманида¸ кўп фермерлардан шикоятлар келиб тушаяпти. Бу ерда туман ҳокимлиги “Давлат шартномасида режа бўйича кўрсатилган маҳсулотларни экасан” деб¸ фермерларимизга режалаштириб беришади.

Лекин ана шу хўжаликнинг сардорлари давлат режаси шартнома қилдиришига қарамасдан ўша ерларга бошқа экин турлари¸ асосан полиз маҳсулотлари¸ қовун¸ тарвуз¸ пиëз каби нарсаларни эктиришга ҳаракат қилишади.

Сирдарёлик суҳбатдошимиз айтаётган бу гап, тўғриси, мутлақ кутилмаган янгилик бўлди.

Демак, Риштонда пайдо бўлган янги ҳунар – ер даллоллигининг бошқача кўриниши вакиллари - Ер сардорлари билан яқинроқ танишишга ўтамиз.

Аввало, сардор ким, деган саволга жавоб топиб олайлик.

Озодлик: Мана фермер бор¸ ҳокимият бор. Сардор ким? У ҳокимият ҳам эмас¸ фермер ҳам эмас. Ким у?

Карим Бозорбоев: Ҳозир бизнинг суҳбатимизнинг бошида кўтарилган даллол мана шу сардор бўлади.

Озодлик: У ҳокимиятда ишлайдими ë ҳеч қаерда ишламайдими?

Карим Бозорбоев: Булар амалдаги қонунларимиз бўйича кўрсатилмаган. Сардорларга фермернинг ерини бошқариб турадиган бошқарувчи¸ деганга ўхшаган лавозим берилмаган. Лекин уларни туман ҳокимларининг ўнг қўли десак ҳам бўлаверади.

Озодлик: Қаердан танлаб олинади улар?

Карим Бозорбоев: Улар танлаб олинмайди¸ тайинланади. Туман ҳокимлари томонидан тайинланади. Уларнинг қўлида муҳри йўқ¸ лекин бу шахслар ҳокимиятнинг ишини олиб борувчи одамлар сифатида кўрилади.

Озодлик: Демак¸ сиз айтаëтган сардор ҳокимиятнинг расмий хизматчиси эмас. У ҳокимиятдан расман маош оладими?

Карим Бозорбоев: Йўқ¸ маош олмайди. Улар штатний эмас. Улар қонун доирасида ҳокимият томонидан белгиланган масъул шахслар эмас. Улар ҳокимларнинг хизматини бажарувчи шахслар.

Озодлик: Ҳоким билан сардор ўртасидаги иш юзасидан ўзаро муносабат қандай бўлади?

Карим Бозорбоев: Бу томонига мен бир нарса дея олмайман. Чунки мен уларнинг ўртасига тушганим йўқ. Лекин далилий асосларга таянган ҳолда мен шуларни айтишим мумкин...

Суҳбатдошимиз, Карим ака Бозорбоев ўзи айтаётган далиллар – сардорлардан жабр кўрган фермерлардан тушган аризалар юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида кўп гапларни айтиб берди.

Биз эса, мавзудан чалғимаслик учунгина у гапларга тўхталмаяпмиз.

Мавзумиз эса будир: "Янги касблар. Ер даллоллари ва ер сардорлари".

Демак, суҳбатдошимизнинг айтишича, ер даллоллиги-сардорлик аслида расмий амал эмас. Сардор ҳокимият вакили эмас. Суҳбатдошимизнинг айтишича, сардор туман ҳокими билан фермер ўртасидаги воситачи¸ холос.

Ҳоким билан сардорнинг ўзаро муомаласи қандай кечишини бир ўзларию ёлғиз Худо билади.

Сардор билан фермер ўртасидаги муомалачи?

Озодлик: Сардор ўзи аслида¸ ҳуқуқий жиҳатдан кўчадан келган одам экан. Кўчадан келган одам ва фермер ўртасидаги муомалани айтиб беринг.

Карим Бозорбоев: Фермер ана шу сардорнинг барча кўрсатмасига асосан иш олиб боришга мажбур. Агар фермер сардорнинг айтганини қилмаса¸ на ўғитини ололади¸ на ëқилғисини ололади¸ на етиштираëтган маҳсулоти яъни пахтага ўз вақтида ҳашарчиларни ўз вақтида ололади. Шунинг учун сардорнинг ҳар бир айтганига фермерлар рози бўлади.

Озодлик: Мана мен¸ фермерман. Эрталаб кимдир менинг уйимни тақиллатиб келди. Чиқсам бир одам. У менга буйруқ бера бошлади. Мен нима учун унга қулоқ солишим керак? Унинг сардорлигини мен қаердан биламан?

Карим Бозорбоев: Мисол учун¸ сиз бир хўжаликда яшайсиз. Ўша ерда фермерлик қиласиз. Ўша хўжаликка ҳокимият томонидан қўйиб қўйилган сардорни ҳам биласиз.

Ана ўша сардордан бошқаси келиб “менга ер берасан” деб дўқ қилса¸ сиз икки дунëда ҳам бермайсиз. Лекин сардорнинг ўзи келса¸ сиз мажбур рози бўласиз. Ўтадиган бир йиллик ҳаëтингизни кўз олдингизга келтирасизда¸ шунга қараб унинг айтаëтганларига рози бўласиз.

Озодлик: Ҳозир сиз менга схема қилиб тушунтириб беринг. Мана мен¸ фермерман. Менинг ихтиëримда 100 гектар ер бор. Эртага эрталаб менинг уйимга сардор келди. Сардор мендан нимани талаб қилади ва бу талабнинг ортида унга қандай фойда бор?

Карим Бозорбоев: Мен ўзимни фермер деб ҳисоблайдиган бўлсам¸ 100 гектар ерим бўладиган бўлса¸ мен давлат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома тузган бўлсам¸ ўшанда менга сардор келиб туриб¸ сен 3 гектарга экасан¸ 7 гектарга мен полиз эктираман¸ ўша 10 гектарга шартнома асосида полиз экамиз десаю¸....

Озодлик: Демак сардор келиб туриб¸ 10 гектарини менга берасан дейдими?

Карим Бозорбоев: 10 гектарини берасан демайди. У ўртада даллолчилик қилади. Ўшандан манфаатдор бўлиш учун даллолчилик қилади. Ўша шартномада кўрсатилган ер майдонига режада кўрсатилган маҳсулотларни тўлиқ эктирмасдан¸ ундан қисман олиб қолдириб¸ таваккалчилик йўлига ўтказишга мажбур қилади.

Озодлик: Фермер шартнома бўйича 100 гектар ерга пахта экиши керак эди. Сардор аралашгандан кейин неча гектарига пахта экади?

Карим Бозорбоев: Агар сардор 10 гектарга полиз экилади¸ ўшанинг 2-3 гектари сеники¸ қолгани меники деса¸ фермер рози бўлади. Фермерларимизни шу даражага олиб боришаяпти. Лекин ер кодексининг 36 моддасини¸ фермер хўжалик 32-33 моддаларини бузаëтганини тушуниб етмайди. Тушуниб етса ҳам иложи йўқ¸ шунга мажбур.

Озодлик: Демак¸ 100 гектардан 10 гектарига ўғринча полиз экилади. Шу 10 гектарнинг 3 гектаридан олинадиган ҳосил фермерники. Қолган 7 гектари кимники?

Карим Бозорбоев: 7 гектари ўртада турган даллолники.

Озодлик: 7 гектардан олинган ҳосилни даллол сотиб¸ пулини чўнтагига солади.

Карим Бозорбоев: Йўқ¸ ўзининг чўнтагига эмас¸ акасининг чўнтагига солади. Унинг ўзига ўртадаги даллолчилик ҳаққи қолади. Унинг орқасида катта маблағни оладиган катта акаси бор. Унинг кимлигини ўзингиз биласиз энди. Пул ернинг ҳақиқий эгасига боради.

Озодлик: Сардор ва унинг акасига тегишли бўлган 7 гектар ердаги меҳнатни ким қилади?

Карим Бозорбоев: Меҳнатни ерни нақд пулга сотиб олаëтган деҳқонлар қилади. Буни ëлланма деҳқонлар деб тушунсак ҳам бўлади.

Озодлик: Демак¸ фермер 7 гектар ерни ўша сардор ëллайдиган деҳқонларга сотади¸ шунақами?

Карим Бозорбоев: Фермер сотмайди. Ўртада турган даллол сотади. Охир-оқибатда¸ фермер жавобгар бўлиб қолади. Деҳқон ернинг нарх-навосини сардор билан келишади. Нархини олдиндан 100 фоиз тўлайди. Ундан кейин сардор деҳқонга ўша ердан охирги полиз маҳсулотини олиб чиқиб кетгунча кафолат беради.

Озодлик: Масалан шу 7 гектардан миллион сўмлик маҳсулот олинди. Шунинг қанчаси деҳқонники¸ қанчаси сардорники бўлади?

Карим Бозорбоев: Бизнинг фермерларнинг айтишича¸ 2008 йилда даллол орқали бир гектар ернинг нарх-навоси бир миллион бўлган. Деҳқон бир гектар ерни бир миллионга сотиб олган бўлса¸ ўша ер орқали қилган даромадининг бир миллиондан ортган қисмини соф даромад деб ҳисоблайди.

Озодлик: Демак¸ сардорнинг қиладиган иши ерни сотиш. Унинг олинадиган ҳосил билан иши йўқ.

Карим Бозорбоев: Ҳа¸ шундай. У фақат ерни нақд пулга сотади. Энди яна бир томони бор. Фермернинг 100 гектар ери бор бўлса¸ у шу ер учун ер солиғи тўлаши керак.

Энди 100 гектардан 10 гектари полизга кетаяпти. 10 гектардан 7 гектари сардорга кетаяпти. Фермернинг ўзига 3 гектар қолаяпти¸ аммо у 10 гектар учун солиқ тўлайди.

Энди очиб кетмасак бўлмайдиган яна битта масала бор. Биз ҳозир мисол келтирган Оқ олтин тумани Фарғона хўжалиги¸ Икром фермер хўжалиги Ислом Абдуғаниевичгача ëзган ўз аризаларида бу нарсаларни кўрсатиб ўтган.

Бу хатда¸ ҳурматли Ислом Абдуғаниевич¸ 2008 йилда бизнинг туманда¸ бизнинг атрофимизда 500 гектар ер майдонининг 198 гектари полиз экини бўлди. Ўшандан уч-тўртта фермернинг 40 гектар ери бузилди. 158 гектарни нима учун бузмади¸деган масала кўтарилаяпти¸ дейди Карим Бозорбоев.

Полизнинг бузилмай қолаверган қисми сардорларга тегишли эканлигини тахмин қилиш қийин бўлмаса керак?!

Тушуниш осон бўлиши учун фермернинг 100 гектар ери бор дедик¸ 10 гектари полиз дедик¸ унинг 7 гектари сардорники дедик. Буни биз схема тарзида айтдик. Лекин аслида фермерларнинг қўлидаги неча фоиз ер сардорларнинг қўлига ўтиб кетаяпти?

Карим Бозорбоев: Мен бу ҳолатларни тўлиқ статистик маълумот билан айта олмайман. Лекин 100 гектар ерининг 20-30 гектаригача полиз экинлари экиладиган фермерларимиз бор. Демак¸ булар сардорлар билан келишган ҳолда иш олиб бораяпти¸ деган хулосага келганмиз.

Риштондагидан ер даллоллари, Оқ олтиндагидай ер сардорлари республиканинг бошқа туманларида ҳам бордир?

Шу ҳақда ва бошқа янги касб-ҳунарлар тўғрисида бизга хабар қилинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG