Линклар

logo-print

Пўшт, велосипедли амалдор келаяпти

  • Гулнора Равшан

Давлат ҳисобидан берилиб¸ давлат бензини эвазига қайга деса юриб турган қулайгина машиналарни қўйиб¸ тожик амалдорларининг камтаргина велосипед ҳайдашга ўтишлари¸ кўпчилик учун тасаввур қилиш қийин ҳолатдир.

Давлат ҳисобидан берилиб¸ давлат бензини эвазига қайга деса юриб турган қулайгина машиналарни қўйиб¸ тожик амалдорларининг камтаргина велосипед ҳайдашга ўтишлари¸ кўпчилик учун тасаввур қилиш қийин ҳолатдир.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлиги ходимлари иқтисодий бўҳрон муносабати билан шу йил 1 апрелидан эътиборан хизмат машиналарини велосипедларга алмаштирмоқчи бўлиб турибдилар.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири ўринбосари Бек Зуҳуровга кўра, хизмат машиналарини велосипедга алмаштириш таклифини вазирлик вакиллари ижобий қабул қилганлар.

- Велосипедларга ўтишимизнинг сабаби – биринчидан, ходимларимиз соғлиғини ўйладик, бундан ташқари, шу йўл билан вазирлик молиявий харажатларини қисқартирмоқчимиз. Мен ўзим ҳам бундан буён велосипеддан фойдаланмоқчиман, деди Бек Зуҳуров.

Вазир ўринбосари ўз идорасида тахминан 30 га яқин хизмат машинаси борлигини ва бу вазирлик учун жуда қимматга тушишини маълум қилди.

Жаноб Зуҳуровга кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган велосипедлар вазирлик ходимларига текин тарқатилган. Шунингдек, Транспорт ва алоқа вазирлиги расмийси шу йил охирига қадар ҳукумат юқори идоралари мулозимлари ҳам хизмат машиналари ўрнига велосипедлар билан таъминланишини маълум қилди.

Мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашган давлат мулозимларининг айримлари ўз хизмат машинасини бу камхарж транспорт воситасига алмаштиришга рози эканларини, аммо халқаро стандартларга жавоб бермайдиган Душанбе шаҳри кўчаларида велосипедда юриш каттагина муаммо эканини таъкидладилар.

Тожикистон қуйи палатаси депутати Маҳмад Забиров ҳам “Мерседес” русумли хизмат машинасини велосипедга алмаштиришга тайёр, аммо...

- Шаҳар кўчалари жуда тор. Машина кўп. Бирорта тажрибасиз ҳайдовчи туртиб ўтса, велосипеддан йиқилиб тушишим мумкин.

Унинг ўрнига вақт кўпроқ бўлса, яёв ишга борсам, ҳам хавфсиз, ҳам яёв юриш саломатликка кўпроқ фойдали, хусусан, менинг фигурамга.

Лекин, афсуски, давлат менга берган уй парламент биносидан анча йироқда. Ишга вақтида етиб бориш учун хизмат машинасидан фойдаланишга мажбурман, дейди депутат Забиров.

Давлат амалдорларининг хизмат машинасидан велосипедга ўтишига доир хабар оддий тожикистонликлар учун кулгили туюлади:

- Жуда кулгили. Тасаввуримга сиғмайди. Чунки улар юмшоқ машиналарда юриб ўрганишган, энди велик миниб юрадими? Мен бунга ҳечам ишонмайман, дейди Дилнозахон исмли суҳбатдошимиз.

Бошқа бир суҳбатдошимиз – Мастурахон эса мулозимлар хизмат машинасидан фақат ўзларигина фойдаланмасликларини, балки давлат ишларини бажариш учун ажратилган машинадан амалдорнинг хотини, бола-чақаси ҳам фойдаланиб туришини айтади.

- Шунинг учун катталар велосипед минмаса керак, дейди душанбелик Мастурахон.

Тожикистон давлат идоралари раҳбарлари ва амалдорларнинг хизмат машиналаридан велосипедга ўтишига оид ҳодиса бу мамлакат тарихида илк бор кузатилмоқда.

Аммо атроф-муҳитни ҳимоялаш ҳамда иқтисодий бўҳрон таъсирини камайтириш мақсадида таклиф қилинаётган бу тадбир нақадар кенг кўламда амалга оширилиши ҳақида ҳозирча тайинли гап айтиш қийин.
XS
SM
MD
LG