Линклар

Австралиядаям ўзбек сумалагини қўймайди

  • Сарвар Усмон

Бугун ватанидан айро тушган минг-минглаб ўзбекистонликлар учун сумалак ҳам уларни ватан билан¸ ватанда қолган ҳаëт тарзи билан боғлаб турувчи ўзига хос риштага айланмоқда.

Бугун ватанидан айро тушган минг-минглаб ўзбекистонликлар учун сумалак ҳам уларни ватан билан¸ ватанда қолган ҳаëт тарзи билан боғлаб турувчи ўзига хос риштага айланмоқда.

Бугун дунëнинг 100 дан ошиқ давлатига сочилиб кетган ўзбекистонликлар¸ қаерда бўлмасин ўз миллий байрамлари¸ хусусан Наврўзни¸ ўз анъаналарига мос тарзда ўтказишга уринмоқдалар.

Наврўз арафасида сим қоқиб¸ байрам кайфиятини ўрганганимиз ўзбекистонликлар орасида¸ Андижон воқеаларидан сўнг Австралиядан қўним топган ўзбек жамоаси вакили Гавҳарой ҳам бор.

Озодлик:
Ўзбекистонда баҳор бошланаëтган бўлса¸ Австралияда куз бошланаяпти. Наврўз кайфияти борми сизларда?

Гавҳарой: Албатта, бор. Энди барибир ўзимизнинг Ўзбекистоннинг миллий байрамларидан биттаси.

Озодлик: Байрам қилмоқчимисизлар? Умуман шу ўзимизнинг Ўзбекистонда қилинадиган кўк чучвара...

Гавҳарой: Қилдик.

Озодлик: Нималар қилдинглар?

Гавҳарой: Кўк чучвара¸ сумалак¸ кўк сомса қилдик. Бу ерда ўзимизникига ўхшаган ҳамма нарса бор экан. Тандирлар бор. Исмалоқ бор экан. Тандирда сомса ëпдик.

Озодлик: Сумалакни қандай қилганингизни айтиб берарсиз. Мени биринчи қизиқтирган нарса¸ кўк чучварани қандай қилганларингиз. Сизларда куз бўлса.

Гавҳарой: Бизда кўк бор. Ҳамма нарса бор. Ҳозир ҳам бор. Бу ерда кўк нарсаларнинг изи умуман узилмайди экан.

Озодлик: Кўкни далага чиқиб териб келдингларми?

Гавҳарой: Йўқ¸ бу ерда упаковкаларда бўлади экан. Магазиндан сотиб олдик. Тандирлар бор экан.

Озодлик: Ўзбекча тандирми?

Гавҳарой: Ўзбекча тандир¸ лекин ғиштдан қилинган. Ичи ғиштдан¸ думалоқ қилиб ерга қилинган. Бу ерда уйғур ўзбеклари жуда кўп экан. Ўшаларникида сумалак қилдик¸ кўк сомса ëпдик.

Озодлик: Энди сумалакни қандай қилиб пиширганларингизни айтиб беринг.

Гавҳарой: Ўзимизнинг аëллар Ўзбекистонда қандай қилиб қилинадиган бўлса¸ шундай қилдик.

Озодлик: Ўзбекистонда маҳаллада катта дошқозонда қайнатилади сумалак.

Гавҳарой: Бу ерда уйғурларда катта дошқозон бор экан. Ўшанда қилдик. Озроқдан бўлса ҳам лекин сумалакка оғзимиз тегди. Хурсанд бўлдик.

Озодлик: Сумалакни неча кило унга чайдинглар?

Гавҳарой: Биз 20 кило унга чайдик. Етти кило буғдой олдик. Мен ўзим жуда уста эмасман¸ лекин бу ерда уста опахонлар¸ сингиллар бор. Улар ҳар йили қилишар экан. Улар келгандан бери иккинчи-учинчи марта қилиши экан.

Бу ерда ўзбекча тўй қилдик. Менинг Ҳилолахон деган қизим бор эди. Ўшани турмушга бердим. Икки ой бўлди. Ўзбекистондан атлас¸ нимча¸ дўппи олиб келтирдик. Ўшаларни кийиб ўзбекча тўй қилдик. Эрталабдан нон еди қилдик¸ ошлар қилдик. Бу ўзбекларнинг бу ерда қилаëтган биринчи тўйи экан.

Озодлик: Куëв бола ҳам ўзбекларданми ë австралияликка бердингларми?

Гавҳарой: Австралияликка бердик. Лекин ўзбек.

Озодлик: Демак¸ австралиялик ўзбек.

Гавҳарой: Ҳа.

Озодлик: Илгарироқ келиб қолган ўзбеклардан эканми?

Гавҳарой: Ҳа¸ уларнинг келганига 10 йилдан ошиқроқ бўлиб қолган экан. Онаси андижонлик¸ дадаси тошкентлик экан. Дадасининг бир иши билан келиб қолишган экан улар. Тақдир экан энди.

Озодлик: Гавҳарой суҳбатни Наврўз арафасида эфирга берамиз. Балки Ўзбекистондагиларга саломларингиз бордир?

Гавҳарой: (озгина сукутдан кейин¸ йиғлаб) Бор. Дадажоним бор¸ ойижоним бор¸ сингилларим бор¸ қайнона¸ қайнотам бор. Ҳамма жигарларимга байрам саломимни етказинглар. (янаям кучлироқ йиғлаб) Мен уларни ҳар қадамимда¸ ҳар дақиқада¸ ҳар нафасимда эслайман. Мусофирчилик жуда қийин нарса экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG