Линклар

"Наврўзда чегаралар ëпилмайди"

  • Гулнора Равшан

Наврўз тадбирлари муносабати билан ҳукуматнинг хавфсизлик чораларини кучайтириш қарори¸ оддий тожикистонликлар орасида турли талқинга сабаб бўлмоқда.

Наврўз тадбирлари муносабати билан ҳукуматнинг хавфсизлик чораларини кучайтириш қарори¸ оддий тожикистонликлар орасида турли талқинга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Наврўз байрами арафасида мамлакатнинг барча ҳудудларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, аммо сарҳадларнинг очиқ қолаëтганини билдирди.

Вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевга кўра, бу тадбир Наврўз байрамида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

- Байрам тантаналарида қатнашиш истагида бўлган ҳар бир фуқаро хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда ҳолатлар рўй бериши олдини олиш мақсадида республика барча шаҳар ва вилоятлари, шунингдек, пойтахтимиз Душанбедаги жамоат жойларида ички ишлар ва миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари куну тун ишлайдилар, деди Асадуллоев.

Аммо, тожикистонлик таҳлилчиларга кўра, хавфсизлик чоралари кўпинча одамлар учун қулайлик ўрнига ноқулайликлар туғдиради.

- Хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ортидан шаҳарда комендантлик соатига ўхшаган тартиб ўрнатилади. Бу эса одамларнинг кўчаларда бемалол ҳаракат қилишларини чеклайди. Масалан, у кўчадан ўтиш мумкин, бу ўтиш мумкин эмас каби.

Хусусан, транспорт воситалари қатнайдиган йўлларнинг тўсиб қўйилиши шаҳарга келган қишлоқликларни ноқулай аҳволга солиб қўяди.

Фуқаролар ҳуқуқлари ҳар доимгидан кўпроқ шунақа тадбирлар чоғида поймол қилинади, дейди ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов.

Унинг айтишича, бу давлат бюджети учун ортиқча сарф-харажатдан бошқа нарса эмас.

Аммо тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам бундай фикрга қўшилмайди.

Дейлик, Душанбе яқинидаги Рудакий туманида яшовчи Қундузой фикрича, байрам пайтида хавфсизлик чоралари кўрилгани яхшироқ:

- Энди бу тадбирлар бир томондан бизга халақит берса ҳам, бошқа томондан яхши. Чунки байрамга чиққан ҳар қандай ёмон ниятли кишилардан ҳимоя қилишади. Барибир бундай байрамларда милиция ходимлари керак, дейди Қундузой.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Насимжон эса хавфсизлик чоралари ҳар бир давлатда кўрилишини, бундан мақсад байрам тадбирлари тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш эканини айтади.

- Миллатимиз душманлари Тожикистонда тинчлик бўлишидан манфаатдор эмаслар.

Мана, ҳозир ҳар қандай диний, мазҳабий гуруҳлар кўпайган. Улар бундай пайтларда фурсатдан фойдаланишади.

Менимча, хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши ҳаммамиз учун фойдали, дейди Насимжон.

Аммо ўз номини айтмаган бошқа бир суҳбатдошимиз хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши оддий тожикистонликлар учун мутлақо керак эмаслигини таъкидлайди:

- Худога шукур, ҳозир мамлакатимиз тинч-осойишта. Бу йўл тўсишлар катталарнинг ўзи учун керак. Президент учун бўлса бу ишлар, келсин эрталаб, табрикласин, кейин йўлларни очиб ташлашсин.

Мана, ҳозирдан болаларни “бу йўлдан ўтма, нариёғдан ўт”, деб қийнашаяпти. Энди бир йилда бир марта келадиган байрам бўлса. Болалар билан сайилга чиқиб, яйрай олмаймиз. Оёқ қўйсанг, милиса. Биз учун усиление керак эмас, дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларга кўра, Наврўз байрами кунлари Тожикистоннинг қўшни давлатлар билан, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳам чегаралари ёпилмайди. Бу маълумот Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси масъуллари томонидан ҳам тасдиқланди.
XS
SM
MD
LG