Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:17

Ўзбеклар сайёҳларни кутаяпти


Ўзбекистонда янги туристик мавсум бошланишини асосий тирикчилик манбаи туризм орқасидан бўлган Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари аҳолиси орзиқиб кутмоқда.

Хива шаҳридаги “Зафарбек” хусусий меҳмонхонаси саккиз йилдирки хорижлик туристларга хизмат қилади.

Меҳмонхона раҳбари Комилжон Оллаёровга кўра, бу ерда ўн нафар хивалик иш билан таъминланган бўлиб, улар янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўришган.

- Меҳмонхонани тайëрладик¸ ҳамма жойини таъмирладик. Газимизни, светимизни яхшилаб олдик. Туристларни келишига шароит яратдик.

Агар саёҳатчиларимиз кўп бўлса, ишчиларимиз даромади ҳам шунга яраша кўпайиши табиий, дейди Комилжон Оллаёров.

“Зафарбек” меҳмонхонаси Хивадаги “Ичонқалъа” музей қўриқхонаси ҳудудида жойлашган.

Музей қўриқхона ахборот маркази ходими Мақсуд Абдурасуловга кўра, қўриқхона ҳудудида жами 16 та хусусий меҳмонхона, 5 та хусусий чойхона ва яна хиваликларга даромад келтираётган турли хил шаҳобчалар фаолият кўрсатаяпти.

- Ичонқаълада почта бўлими, интернет-кафелар, валюта алмаштириш шаҳобчалари, кафе ва чойхоналар фаолият кўрсатаяпти. Учта жойда фотолаборатория очилган.

Дўкон ва савдо шаҳобчаларининг барчаси хусусий тадбиркорларники. Туризм орқасида Хива аҳлининг кўпчилиги рўзғор тебратади, дейди Мақсуд Абдурасулов.

Хивалик Ҳайитбой Ёқубовга кўра, туризм айрим хиваликларни иқтисодий муаммолар гирдобига тушишдан сақлаб қолаётир.

- Тўғри, хиваликларнинг маълум қисми, асосан, саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш орқасидан рўзғор тебратади. Лекин бу аҳолининг анча оз қисми. Бироқ барибир туризм кимларнингдир қозони қайнашига ёрдам бўлаяпти. Бу яхши.

Ичонқаълада яшовчиларнинг кўпчилиги ўз уйларини хусусий меҳмонхонага айлантирган. Шунингдек, хунармандлар ва дурадгорлар ҳам туристлар кўпайишидан манфаатдор.

Ичонқалъада жойлашган Саид Абдуллахон масжидининг олдида ҳунармандларнинг ярмаркаси ташкил қилинган. Одамлар ўз маҳсулотларини саёҳатчиларга сотиш орқасидан пул топишади.

Албатта, янги туристик мавсум бошланишидан кўпчилик хурсанд, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Янги саёҳат мавсуми бошланганидан нафақат хиваликлар, балки Самарқанд ва Бухоро аҳли ҳам янги саёҳат мавсуми бошланганидан қувонишаяпти.

Самарқандлик Комилжон Ашуровга кўра, туризм иқтисодий етишмовчиликлар гирдобида яшаётган Самарқанд аҳли учун ягона даромад манбаига айланган.

- Биз яшайдиган маҳалла Самарқанддаги эски шаҳарнинг қоқ марказида. Регистон майдони билан Гўри Амирнинг ўртасида.

Кейинги йилларда туризм маҳалламиздаги баъзи бир оилалар учун асосий ва ягона даромад манбаи бўлиб қолди.

Масалан, маҳалладошларимизнинг бир нечтаси хусусий меҳмонхоналар очишган. Ҳар битта меҳмонхонада камида ўнтадан одам ишлайди.

Самарқандда яна кулолчилик тараққий топган. Улар сувенирлар ясайдилар. Сувенирларнинг асосий харидорлари ҳам туристлар. Кимдир туристларга такси хизмати кўрсатади.

Туризм ҳозирги иқтисодий қийин шароитда самарқандликлар учун умид ороли ҳисобланади. Туризм орқасидан улар ишсизлик ва қашшоқликдан қутулиб қолишаяпти, дейди Комилжон Ашуров.

Бу йил Хива, Самарқанд ва Бухорога келувчи саёҳатчилар сони ўтган йилгидан ҳам кўпроқ бўлиши кутилаяпти.

Ўтган йили Хивага 50 минг хорижий турист ташриф буюрган.

12.uz интернет нашри маълумотига кўра, “Австрия ҳаво йўллари” ширкати март ва май ойларида биргина Хива шаҳрига Австрия, Швейцария, Германия каби бир қанча Европа давлатларидан жами мингдан зиёд туристни олиб келиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG