Линклар

Жорий йилнинг 20 март куни Қорасув туман ички ишлар бошқармаси Қорасув бозорига савдо учун келмиш чет эллик савдогарлардан пул талаб қилаётган шахсларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказди.

Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлмиш Қорасув бозори раҳбарияти ва савдогарларининг айтишларича, кейинги пайтда бозорга савдо қилиш учун келувчи Ўзбекистон фуқароларини чегарачилар ва айрим орган ходимлари қўрқитиб пул талаб қилаётгани натижасида бозорнинг асосий харидори бўлган ўзбекистонликлар камроқ келадиган бўлганлар. Шу важдан савдогарлар бундай орган ходимларини жазолашни сўраб, Қорасув туман ички ишлар бошқармасига мурожаат қилганлар.

Расмий маълумотларга кўра, Қорасув бозорида 24 мингга яқин одам савдо-сотиқ билан шуғулланади.

Савдогарларга кўра, уларнинг асосий харидорлари ўзбекистонликлардир. Бозорга Фарғона водийси аҳолисидан ташқари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан ҳам харидорлар келади.

Қорасув туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақовнинг айтишича, сўнгги пайтларда ўзбекистонлик харидорлар сони кескин камайиб кетмоқда.

Умурзақовга кўра, бунга чегарачиларнинг Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ёмон муносабатда бўлаётгани, уларни қўрқитиб пул талаб қилаётгани сабаб бўлмоқда.

- Сўнгги пайтларда бизга турли аризалар тушаяпти. Аризалар асосан бозор раҳбарияти ва савдогарлардан бўлиб, унда кейинги пайтларда савдо сусайгани айтилган.

Биз савдогарлардан бунинг сабабларини сўраганимизда, асосий харидорлар ҳисобланган ўзбекистонликларга чегарачилар ва турли орган ходимлари тарафидан босимлар бўлаётгани боис улар бозорга келмай қўяётганини айтдилар.

Мен Қорасув, “Дўстлик”, “Шарҳонсой”, “Интимақ” (Ўш вилоятини Ўзбекистон билан боғлаб турувчи чегара постлари – таҳр.) чегара постларига бориб, у ердаги вазиятни ўргандим.

Чегарачиларга огоҳлантириш берилди. Агар яна шундай ҳолатлар кузатилса, уларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши айтилди.

Бундан ташқари, бозорда ҳам бир қадар тартиб ўрнатилди. Бугунги рейддан мақсад савдогарлар билан учрашиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларга керакли шароитларни яратишдир, деди Суюн Умурзақов.

Қорасув туман ички ишлар бошқармаси бошлиғининг айтишича, бугунги кунда туман ички ишлар идораси Ўзбекистон ва бошқа давлат фуқаролари учун очиқ. Улар чегарачилар ёки орган ходимлари тарафидан босимга учраса, бемалол бошқармага келиб, ўша одамлар устидан арзланишлари мумкин.

- Биз бозорга келаётган Ўзбекистон ва бошқа мамлакат фуқароларининг эркин савдо қилишларига кафолат берамиз, деди Суюн Умурзақов.

20 март куни ўтказилган рейдда ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, ҳуқуқ ҳимоячилар ва маҳаллий журналистлар иштирок этдилар.

Рейд чоғида бозордаги аравакашлардан бири милиция раҳбарлари ва журналистларни тўхтатиб олиб, бироз аввал бозор расталари орасида одамларни қўрқитиб, пул талаб қилаётган икки кишини кўрганини айтди.

Суюн Умурзақов: Ким олаяпти пулни?

Аравакаш: Органнинг йигитлари.

Суюн Умурзақов: Қайси органнинг йигитлари?

Аравакаш: Ҳамма ёқда одамлардан пул олиб юришибди, фуқаролик кийимини кийиб олишган. Менинг олдимда икки одамнинг пулини тортиб олишди.

Суюн Умурзақов: Ўғрилар эмасми?

Аравакаш: Йўқ. Айнан орган йигитлари, фуқаролик кийимида.

Ушбу суҳбатдан сўнг милиция ходимлари бозор оралаб фуқаролик кийимида одамларни қўрқитиб пул олаётган шахсларни қидириб кетдилар, бироздан сўнг улар аравакаш айтган кишиларни топа олмай қайтдилар. Шу тариқа товламачиларнинг кимлиги номаълумлигича қолди.

Қорасув туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақовнинг билдиришича, 24 минг одам савдо қилувчи “Қорасув” бозорида атиги 8 нафар милиция ходими ишлар экан.

- Бозорга молия полицияси, солиқ қўмитаси, ижтимоий жамғарма ходимлари ҳам келиб туради. Савдогарлар уларни милиция билан адаштирмоқда.

Бозорда фақат 8 нафар милиция ходими бор ва уларнинг барчаси хизмат кийимида юради.

Агарда бирон кимса келиб сизлардан пул талаб қилса, пул беришдан олдин унинг кимлигини суриштиринг, ҳужжатига қаранг ёки бизга мурожаат қилинг, деди Суюн Умурзақов савдогарлар билан суҳбат чоғида.

Айтиб ўтиш жоизки, Қорасув бозори расман “Туратали” бозори деб аталиб, унга йигирмата кичик бозорлар бириктирилган.

“Омад” кичик бозорининг раҳбари Содиқжон Турдалиев чет эл фуқароларига нисбатан босимлар ҳали ҳам давом этаётганини, бироқ аввалгига нисбатан озайганини айтади:

- Асосан, чет эл фуқароларини бозорда, йўлларда, машиналарнинг олдида: “паспортинг, визанг, рухсатномангни кўрсат, мен мана бу ерда ишлайман”, деб қўрқитувчилар озайди. Бироқ шундай бўлса ҳам бу каби холатлар кузатилмоқда.

Менимча, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўз хизматларини қонун доирасида адо этсалар, бу ҳолатларга ҳам барҳам берилади, деган умиддаман, деди Содиқжон Турдалиев.

Афсуски, рейд чоғида бозорда ўзбекистонлик харидорларни ёки савдогарларни учрата олмадик. Бироқ харидорлари асосан ўзбек фуқаролари бўлган қирғиз савдогарларидан бири ўзбекистонлик харидорларнинг камайиб кетганини сабаблари ҳақида айтиб берди:

- Қирғизистонлик харидорлар жуда оз. Бизнинг асосий харидорларимиз, Ўзбекистон ва Тожикистондан келади. Уларнинг камайганига чегарадан ўтиш қийинлашгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Чегарадан бир амаллаб ўтиб келган ўзбекистонлик харидорларнинг айтишича, ўзбек чегарачилари Ўзбекистон чегарасини беркитиб, савдогарларнинг келишини таъқиқлаб қўйибди, дейди савдогарлардан бири.
XS
SM
MD
LG