Линклар

Қирғиз парламенти сайлов кунини белгилади


Қирғиз мухолифати вакилларига кўра, галдаги президентлик сайловида ҳукумат маъмурий ресурслардан фойдаланадиган бўлса, бу катта сиёсий жанжалга сабаб бўлиши мумкин.

Қирғиз мухолифати вакилларига кўра, галдаги президентлик сайловида ҳукумат маъмурий ресурслардан фойдаланадиган бўлса, бу катта сиёсий жанжалга сабаб бўлиши мумкин.

Қирғизистон Конституциявий суди президентлик сайлови шу йил 25 октябригача ўтказилиши шартлиги ҳақида қарор чиқарганидан сўнг мамлакат парламенти сайловни 23 июлга тайин қилди.

Президент Қурмонбек Бакиев Конституциявий суд қароридан сўнг Қирғизистон халқига мурожаат қилди ва бу қарорни сўзсиз тарзда бажариши тўғрисида гапирди.

- Бу қайта кўриб чиқилиши мутлоқ мумкин бўлмаган сўнгги қарордир. Мен Конституциявий суд қарори қандай бўлишига қарамасдан, президент ва фуқаро қатори уни сўзсиз бажаришимни аввал ҳам айтганман, деди президент Бакиев.

Конституциявий суднинг бу қарорида президент Бакиев 2005 йил 10 июлида 2003 йилдаги Қомус асосида ва аввалги президентнинг ваколатлари якунланмай туриб сайлангани, шунинг учун унинг президентлик муддати 2007 йилдаги Конституция асосида ҳисобланмаслиги айтилган эди.

Конституциявий суд шундан келиб чиққан ҳолда президент Бакиевнинг ваколати 2010 йил октябрида эмас, 2009 йил октябрида, яъни муддатидан бир йил олдин якунланиши шартлигини билдирган.

Конституциявий суднинг бу қарори қирғиз мухолифатини қониқтирди. Бироқ мухолифат парламентнинг сайловни 2009 йил октябрида эмас, 23 июлда ўтказиш тўғрисидаги қарорига норозилик билдирмоқда.

- Конституциявий суд янги президент 25 октябргача сайланиб бўлиши керак, деган қарор чиқарди. Бахтга қарши, парламент сайлов кунини 23 июлга белгилади.

Қирғизистонда ёз ойларида халқнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки сусаяди. Одамлар дам олишга кетади, дала ишлари билан машғул бўлади.

Мана шу орада ҳукумат маъмурий ресурслардан фойдаланган ҳолда сайловни ўтказиб юбормоқчи бўлаётир. Бунинг оқибатида катта сиёсий жанжал келиб чиқиши мумкин, деди мухолифат лидерларидан бири Темир Сариев.

Унинг айтишича, мухолифат партиялари ўз қурултойларида президентликка номзодларни аниқлайдилар. Бу қурултойларда мухолифатдан президентликка ягона номзод кўрсатилиши ҳам мумкин.

Айни пайтда мухолифат бу борада аниқ позицияга эга эмас ва президентликка мухолифатдан номзод кўрсатиш масаласи 27 март куни “Бакиевсиз сайлов” шиори остида ўтадиган умуммиллий норозилик намойишлари якунлангач, ҳал этилади.

Мухолифат лидерларидан бири бўлган Ўмурбек Текебаев ҳам сайловнинг қирғиз жамоатчилиги сиёсий фаоллиги сусаядиган ёз ўртасига белгиланиши ҳукуматга маъмурий ресурлардан яхшигина фойдаланиш имкониятини яратиб беради, деган фикрда.

Бироқ парламент депутати Чўлпўн Баековага кўра, бундай иддаолар ўринсиздир.

- Агар кунма-кун ҳисоблайдиган бўлсак, президентнинг ваколатлари бир йилга қисқараяпти. Шунга қарамай, президент халққа қилган мурожаатида Конституциявий суд қарорини сўзсиз бажариши ҳақида гапирди. Шунинг учун мен Бакиевга ишондим.

Бакиев президентлик сайлови унинг муддати якунланишидан бир йил аввал ўтказилишига рози бўлди. Бу билан у ўз оппонентларининг: “Президент тиш-тирноғи билан ҳокимиятга ёпишиб олди”, деган даъвосини йўққа чиқармоқда, деди Чўлпўн Баекова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG