Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:13

Россия қочқинларни Тошкентга қайтариши мумкин


Страсбургда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳозирга қадар бир неча ўзбекистонлик қочқиннинг Россиядан экстрадиция қилинишини тўхтатишга муваффақ бўлди.
Страсбургда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳозирга қадар бир неча ўзбекистонлик қочқиннинг Россиядан экстрадиция қилинишини тўхтатишга муваффақ бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди диний экстремизмда айбланаëтган наманганлик Наби Султоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик ҳақдаги ўз қарорини Россия Бош прокуратурасига юборди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий қочқинлар ишлари бўйича дастури раҳбари Елена Рябининанинг Озодликка билдиришича, Наби Султоновнинг Ўзбекистонга экстрадицияси тўхтатилиши 20 март куни маълум бўлган.

- 20 март куни Европа суди Россия Бош прокуратурасига Ўзбекистон фуқароси бўлган Наби Султоновнинг экстрадицияси хусусида эътироз билдириб, унинг экстрадициясини тўхтатиш борасида қарор чиқарди, дейди Елена Рябинина.

“Фуқаровий кўмак” ташкилотининг маълум қилишича, 29 ёшли Наби Султонов 2008 йил март ойида Россияга пул ишлаш мақсадида келади ва 17 июн куни Россиянинг Перм шаҳрида ҳибсга олинади.

Наманган шаҳар судининг 2008 йил 5 июнда сиртдан чиқарган ҳукмига кўра, Наби Султонов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланган.

2008 йилнинг 18 сентябрида Россия Бош прокуратураси Наби Султоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарор чиқаради.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Наби Султоновни экстрадиция қилиш учун Москвага олиб келадилар. Бундан хабар топган россиялик ҳуқуқ фаоллари унинг ҳимояси учун бел боғлайдилар.

Елена Рябининага кўра, Наби Султонов ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.

- Ўзбекистонда кимки беш вақт намоз ўқиса, у ваҳҳобийга чиқарилади. Наби Султоновнинг ҳам ягона айби унинг намозхон бўлганида.

У Ўзбекистондаги минглаб диндорлар сингари конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланаяпти. Бироқ унинг ўзи бу айбловларни рад қилаяпти.

Бизга маълум бўлишича, Наби Султонов диндор йигит. У Наманганда бўлган пайтида беш вақт намоз ўқиб, жума намозларига қатнашни канда қилмаган. Лекин у ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо бўлмаган, дейди Елена Рябинина.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари Наби Султоновнинг экстрадициясини тўхтатиш борасида Москва шаҳар судига ва бир пайтнинг ўзида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ҳам мурожаат қиладилар.

Жорий йилнинг 17 март куни Москва шаҳар суди Наби Султоновни экстрадиция қилиш бўйича Россия Бош прокуратураси қарорини ўз кучида
қолдиради.

Бироқ орадан уч кун ўтгач, Европа суди Наби Султоновни экстрадициясини тўхтатиш борасида қарор чиқаради.

Шунга қарамай, Елена Рябининанинг айтишича, Наби Султоновга нисбатан ҳануз экстрадиция хавфи сақланиб қолаётир.

- Боиси кейинги пайтда россиялик расмийлари Страсбург судининг экстрадиция қилмаслик борасида қарори бўлишига қарамай, икки ўзбек қочқинини Ўзбекистонга яширин равишда бериб юборган.

Биринчи қочқин Ўзбекистонга бериб юборилгач, Европа суди Россияни “Европа Конвенцияси меъёрларини бузганлик”да айблади.

Бироқ орадан бир йил ўтиб, яна бир қочқин Ўзбекистонга топширилди. Ваҳоланки, унга нисбатан ҳам Европа судининг экстрадиция қилмаслик тўғрисидаги қарори бор эди.

Шунинг учун Наби Султонов тақдири борасида ҳам хавотиримиз сақланиб қолаяпти, дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ фаоли тилга олган икки ўзбек қочқини Рустам Мўминов ва Абдуғани Камалиев бўлади.

Европа суди қарорига қарамай, Рустам Мўминов 2005 йили Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Юртига қайтганидан бироз вақт ўтгач, Рустам Мўминов Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб, беш ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2007 йилнинг декабрида Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Абдуғани Камалиев Европа суди қарори бўлгани ҳолда Россиядан яширин равишда экстрадиция қилинди. У Наманган вилоят Уйчи туман суди томонидан диний мотивларда айбланиб, ўн бир йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Москвада фаолият кўрсатаётган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, кейинги пайтда Россия ўзбек қочқинлари учун хавфли ҳудудга айланиб бораяпти.

- Бир неча йил олдин ўғирлаб кетишлар бўлган эди. Мисол учун, Ўзбекистон МХХ ходимлари бир неча андижонликни Саратовдан ўғирлаб кетган.

Лекин бугунги кунда Ўзбекистон милиция ходимлари ëки бошқа орган одамларининг Россияга келиб юриши шарт эмас. Чунки Россия Ўзбекистон кимни талаб қилаëтган бўлса, тезлик билан бериб юбораяпти. Яъни Россия ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматига кўмаклашаяпти.

Умуман олганда, Россия ўзбек қочқинлари учун хатарли давлатга айланиб бораяпти. Экстрадициядан ташқари, уларни ноқонуний депортация қилиш ҳолатлари ҳам жуда кўп. Россиядан умид йўқ, дейди Баҳром Ҳамроев.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи маълумотига қараганда, сўнгги уч йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошган. Уларнинг деярли ҳаммаси диний ва сиёсий мотивларда айбланаётган фуқаролардир.
XS
SM
MD
LG