Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:57

Сил ўчоғи кенгаймоқда


Халқаро донорлик ëрдами ва ўтказилаëтган кампанияларга қарамай¸ Тожикистон¸ қолаверса минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам силга чалинаëтганлар сони ошмоқда.
Халқаро донорлик ëрдами ва ўтказилаëтган кампанияларга қарамай¸ Тожикистон¸ қолаверса минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам силга чалинаëтганлар сони ошмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мамлакатнинг Хатлон вилояти ҳудудида силга чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётганидан ташвиш билдираяптилар.

- Тожикистонда сил касаллигининг олдини олиш учун ҳукумат ва хорижий ташкилотлар тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб келаётган эса-да, силга чалинаётганлар сони йилдан-йилга ташвишланарли даражада ошиб бормоқда, дейди биз билан суҳбатда Кўлоб шаҳар эпидемиология марказ директори Саид Аламов.

Унга кўра, Хатлон вилоятининг Восеъ ва Ҳамадоний туманлари аҳолиси ўртасида бу касалликка чалинганлар сони олдинги йилларга нисбатан икки, ҳатто уч баравар ошган.

- Текширувларимиз натижасида бу жойларда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш даражаси ниҳоят пастлиги маълум бўлди. Чунки сўнгги йилларда кузатилаётган қурғоқчилик сабабли бу ҳудуд аҳолиси экин ерлардан керагича фойдалана олмаяпти. Натижада улар ўз организмларини зарур витаминлар билан озиқлантира олмай қолаяптилар, дейди Саид Аламов.

Соҳа мутахассисига кўра, сил касаллигининг тожикистонликлар ўртасида тез тарқалишига бу қишлоқларда яшовчи кишиларнинг аҳолиси соғлом бўлган бошқа қишлоқларга мунтазам қатнаб туриши сабаб бўлаётган экан.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Файзулло Нусратуллоев мамлакатда сил касаллигининг авж олиши, аввало, мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга боғлиқлигини таъкидлайди. Шунингдек, у одамларнинг тиббий саводсизлиги ҳам силнинг ёйилишига сабаб бўлаётганини айтади.

- Сил касаллигига қарши кураш доирасида вазирлигимиз ҳар йили қатор лойиҳаларни амалга оширади. Ундан ташқари, HOPE ва Глобал жамғарманинг махсус лойиҳаси бўйича тахминан 20 миллион доллар маблағ ажратилган.

Вазирлик қайдида бўлган беморлар шу маблағлар эвазига олинган дори-дармонлар билан таъминланаяпти.

Бироқ шунга қарамай, сил касаллиги билан оғриш ўтган йилларга нисбатан 8,6 фоизга ошган. Бу эса ўта ташвишланарли ҳолат, дейди вазирлик расмийси Файзуллоев.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг айтишича, сил касалидан даволаниш Тожикистонда ихтиёрий бўлгани туфайли аксарият беморлар ўз вақтида шифокорларга мурожаат этмайдилар. Бу эса, Файзуллоевга кўра, касалликнинг кенг тарқалишига олиб келмоқда.

Тожикистонда сил тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган дастурлар қаторида ДОТС дастури ҳам бор.

2008 йилдан бошлаб амалга оширилаётган мазкур дастур ҳақида Рудакий туман сил касалликлари шифохонаси врачи Орифжон Маҳмадов гапириб берди.

- Бу қисқа муддатли кимёвий терапия. Бу икки босқичга бўлинади. Биринчиси интенсив босқич.

Бунда балғам билан силни қўзғатувчи микроблар йўқ бўлгунга қадар беморлар касалликни бошқаларга юқтирмаслик учун шифохонада ётиши керак. Бу босқич икки-уч ой давом этади.

Кейин босқич эса уйда ўтади ва олти ой давом этади. Чунки уларнинг балғамлари тозаланган бўлади, дейди шифокор.

Аммо, Орифжон Маҳмадовнинг айтишича, бу дастур Тожикистонда силга чалинганлар сонини камайтира олаётгани йўқ:

- ДОТСнинг камчилиги шуки, бу дастур 6-8 ойга мўлжалланган. Тузалиб кетганларнинг орасидан ҳар йили 7-8 киши яна қайта касалга чалинади.

Дастур тугагандан кейин беморлар ўз ҳисобларидан дори ичиб туриши керак. Энди, менимча, уларнинг бу дориларни сотиб олишга шароити бўлмагани учун қайта касалга чалинишади.

Яна кишиларнинг яшаш шароити ҳам катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу касални ижтимоий касал дейишади, дейди Орифжон Маҳмадов.

Суҳбатдошга кўра, ҳозир силга чалинганларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этади. Шу кунда Орифжон Маҳмадов даволаётган 20 нафар бемордан 14 нафари аёллар экан.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотларга мувофиқ, шу йил сўнгги икки ойи давомида илк бор силга чалинган 136 нафар киши расман қайдга олинган.

Хабарларга кўра, ҳар йили ҳар 100 минг тожикистонликнинг 85 нафари силга чалинмоқда.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан ҳозирги кунда мамлакатда сил билан оғриган 7000 га яқин киши рўйхатга олинганини қайд этадилар. Уларнинг 2 минги Хатлон вилоятининг Кўлоб минтақаси аҳолиси экан.

Вазирлик масъулларининг таъкидлашларича, сил касали аввалги йиллар Восеъ туманидаги бир неча қишлоқ аҳолиси орасида қайдга олинган бўлса, ҳозирда бу касаллик Кўлоб минтақасининг барча қишлоқларида кенг тарқалган.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир йил ичида бу ҳудудда 100 нафар силга чалинган бемор вафот этган.
XS
SM
MD
LG