Линклар

Урушдан чиқиш йўли изланмоқда


Барак Обама АҚШ ташқи сиëсатидаги устивор мақсадлардан бири Афғонистон-Покистон ҳудудларидаги жангариларни зарарсизлантириш эканини таъкидлаб келмоқда.

Барак Обама АҚШ ташқи сиëсатидаги устивор мақсадлардан бири Афғонистон-Покистон ҳудудларидаги жангариларни зарарсизлантириш эканини таъкидлаб келмоқда.

Афғонистон ва Покистонга нисбатан АҚШ янги маъмуриятининг кенг кўламли сиëсатига тўхталган президент Барак Обама¸ “чиқиш стратегияси”ни ишлаб чиқиш заруратини ҳам тилга олди.

Афғонистонга қўшимча 17 минг аскар юбориш ҳақдаги фармойиш¸ икки ойлик президентлиги давомида қабул қилган энг оғир қарор бўлганини эътироф этган Барак Обама¸ ҳарбий амалиëтлар Афғонистон муаммосини ҳал этиш концепциясининг фақат бир қисми эканини айтди.

Президент Обамага кўра¸ бу мамлакатни бир неча ўн йиллик урушдан олиб чиқиб¸ унинг террорчилар учун бехавотир бошпана бўлишини тўхтатиш йўлида иқтисодий ва дипломатик уринишлар ҳарбий амалиëтлар баробарида олиб борилиши лозим.

Айни пайтда¸ АҚШ ва халқаро қўшинларни Афғонистон олиб чиқиш стратегияси ҳам ҳозирдан тайëр бўлиши лозим¸ деган президент Обама яқин кунларда бундай кенг кўламли режанинг жамоатчиликка ошкор этилишини билдирди.

- Биз Афғонистондаги муаммоларнинг барчасини фақат ҳарбий ëндашув орқали ҳал қиламиз¸ деган фикрдан воз кечишимиз керак. Ҳозирда биз кенг кўламли стратегия устида ишлаяпмиз. Бу албатта¸ чиқиш стратегиясини ҳам ўз ичига олмоғи лозим. Афғонистондаги АҚШ ҳозирлиги абадий жараëн¸ деган хаëлга бормаслик керак¸ деди якшанба куни CBS телеканали мухбири билан суҳбатда президент Обама.

АҚШ ҳарбий ва сиëсий таҳлилчилари Обама маъмуриятини Афғонистондаги уринишларни бир устивор мақсад атрофида жамлашга даъват қилмоқда.

Суҳбат давомида Обама бу устиворлик рўйхатига ҳам тўхталди.

- Бирламчи устиворлик – Ал-Қоиданинг АҚШ ичкариси ва ташқаридаги Америка манфаатларига ҳужум қилмаслигини кафолатлашдир. Бу устивор мақсадга эришиш йўлида эса¸ биз жуда кўп иш қилишимиз лозим.

Бунинг учун Афғонистон иқтисодий қувватини бунëд этмоғимиз лозим. Покистондаги дипломатик уринишларимизни яхшилашимиз керак. Бу жараëнга минтақавий дипломатик ëндашувни жалб қилмоғимиз даркор. Бу уринишларимизни иттифоқчилар билан яхшироқ мувофиқлаштиришиз керак. Буларни қилар экан¸ биз ўз миссиямиз нишонини кўздан қочирмаслигимиз керак. Бу эса¸ 2001 йил 11 сентябрдан бошланган айни миссиядир¸ деди якшанба кунги суҳбатда президент Обама.

Хабарларга кўра¸ АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук бир неча ойдан бери Афғонистон бўйича янги стратегия яратиш ҳаракатига бошчилик қилмоқда.

21 март куни Ҳолбрук¸ янги режа Афғонистон миллий полиция кучларини сонини кескин ошириш ва Буш даврида 4000 дан ошмаган бу кучлар сонини 82 мингга етказишни кўзда тутишини тилга олди.

- Бу масалада биз гаплашганларнинг бари¸ улар орасида афғонларнинг ўзлари¸ Кобул ҳукумати¸ жангарилик бўйича таҳлилчилар ва Америка ҳарбийлари ҳам бор¸ ҳозирда мавжуд афғон полициячилари сонининг етарли эмаслигини таъкидладилар.

Шу боис биз иттифоқчилар¸ шунингдек Афғонистон ҳукумати ичидаги дўстларимиз билан келишган ҳолда полициячилар сонини кескин ошириш йўлларини излаяпмиз. Аммо афғон полицияси ëмон аҳволда бўлгани¸ полициячилар хавфсизлик занжиридаги энг заиф халқа бўлгани боис¸ унинг сонини ошириш баробарида полиция хизматини яхшилаш ҳақда ҳам бош қотирмоқдамиз¸ деди Ричард Ҳолбрук.

Яқин кунларда ошкор қилиниши кутилаëтган Афғонистон бўйича янги АҚШ стратегияси Покистонга бериладиган ҳарбий ëрдамни Исломобод ҳукуматининг Афғонистон билан чегара ҳудудларидаги жанггариларга қарши кураш борасидаги ҳамкорлиги билан бевосита боғлашни ҳам кўзда тутади.
XS
SM
MD
LG