Линклар

Бу ëғи нима бўлади энди?

  • Сарвар Усмон

Гувоҳларнинг айтишича¸ шу кунларда Марказий Осиëдан Россияга поездлар бўш кетаëтган бўлса¸ Россиядан минтақага қайтаëтган поездларга билет топиш қийин бўлиб қолган.

Гувоҳларнинг айтишича¸ шу кунларда Марказий Осиëдан Россияга поездлар бўш кетаëтган бўлса¸ Россиядан минтақага қайтаëтган поездларга билет топиш қийин бўлиб қолган.

Сўнгги 15 кун ичида Сочи олимпиадаси қурилишиларида ишлаётган 600 нафар вобкентлик ишсиз қолгани туфайли ватанга қайтди. Россиядан қайтаëтганлар сони ошар экан¸ Тошкент ҳукумати вазиятнинг нақадар жиддийлигини англаëтирми?

Вобкентликларнинг Сочидан қайтишга мажбур бўлгани ҳақда Озодликка Ўзбекистондаги "Ҳозиржавоб гуруҳ" нодавлат ташкилоти вакили Шуҳрат Ғаниев хабар қилди.

Россия ҳукумати учун приоритет ҳисобланган олимпиада объектларидаги иш жойлари ҳам иқтисодий бўҳрон туфайли қисқараётганга ўхшайди. Мана шундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини иш билан таъминлаш учун қандай чоралар кўраяпти?

Ишсизларни иш билан таъминлаш масаласи, бир қарашда, Ўзбекистон ҳукуматининг доимий назоратида турган масалалардан бирига ўхшайди.

Баъзи хабарларга қараганда эса, республикада иш жойлари ишлайман деганлардан кўп.

Мана - ЎзА ахборот агентлигининг 20 март кунги хабари:

“Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 120дан ортиқ корхона ва ташкилот 1000 дан зиёд бўш иш ўринлари билан қатнашди. Тадбир якуни бўйича 600 нафардан ортиқ ёшларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди”.

Демак, Гулистон шаҳрида камида 400 та иш ўрни бўш турибди.

Боз устига¸ ҳукумат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида Фуқароларни чет элда ишга жойлаш бюросини ҳам очиб қўйган.

Бюронинг Нукусдаги минтақавий идораси вакили Тўлубойнинг айтишича, Россиянинг қатор областлари билан махсус шартномалар бор.

- Бизда Ярославл¸ Смоленск¸ Новосибирск¸ Астрахан билан шартномалар бор¸ дейди Тўлубой.

Демак, Меҳнат вазирлигининг Самарқанд, Хоразм ва Қорақалпоғистонни қамраб олувчи Нукусдаги минтақавий бюроси Россиянинг Тўлубой тилга олган областларига ишчи юборади.

Масалан, дейди Тўлубой:

Тўлубой: Астрахан вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари картошка¸ пиëз экишга олти ойга одам жўнатаяпмиз.

Озодлик: Бу йил қанча одам юборасизлар?

Тўлубой: Ҳозир шартномада 30 та одам сўраган.

Биз Тўлубой айтган Астрахан област Меҳнат вазирлиги билан ҳам боғландик. Вазирлик масъул ходимининг айтишича, бу йил “ташқаридан келадиган ишчи кучига эҳтиёж камайиб бормоқда, лекин чет эллик ишчилар ўтган йилгига қараганда кўпроқ келмоқда”.

Унинг мана бу гапига алоҳида диққат қилинг.

- Қишлоқ хўжалигида ишчи кучига эҳтиёж бир кишига ҳам камаймайди, лекин бошқа соҳаларда ўзимизнинг ишсизларимиз етарли, демак ички резервларимиздан фойдаланамиз, деди Астрахан област Меҳнат вазирлиги масъул ходими.

Демак, Ўзбекистон республикаси Меҳнат вазирлиги қошидаги Фуқароларни чет элда ишга жойлаш бюросининг Нукусдаги ваколатхонаси Астраханга деҳқончилик қилиш учун 30 киши юбориш билан муаммони кардинал ҳал қилаётгани йўқ.

Ўзбек деҳқони Астрахан далаларини бу идорасиз ҳам топа олади.

Айни пайтда Ўзбекистонда инқирозга қарши чоаралар дастури тўғрисида кўп гапирилмоқда.

"Ҳозиржавоб гуруҳ" нодавлат ташкилоти вакили Шуҳрат Ғаниев вазиятни шарҳлар экан, мана бундай фикр билдирди.

- Антикризис программасининг ҳукуматлар¸ вазирликлар томонидан чоп этилганига менимча бир ой бўлди. Аммо бу ерда қуруқ гапдан ташқари ҳеч нарса йўқ. Яна қайта ўша гаплар.

Биз фалонча иш жойи яратаяпмиз. Қаерда ўша иш жойи? Ким анализ қилаяпти? Қани тадқиқотлар? Мана шунча одам ишга кирганини қаердан аниқласа бўлади¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Хўп аниқладик ҳам, дейлик, деб давом этади Шуҳрат Ғаниев, лекин у реал иш жойларими?

- Мана уч кун бўлди¸ Бухоро биржасига бориб келдим. Ишимиз бор¸ дейди. Ойлик қанча¸ десам 20 минг¸ 30 минг. Ўзбекистонда ҳозир бу ойликка яшаб бўладими¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Гулистонда ўтказилган иш ўринлари ярмаркасини эсланг.

Хуллас, Ўзбекистон ҳукумати ўта оғир келиши кутилаётган олдиндаги бир-икки йил учун аҳолини реал иш билан таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқиши керак ва бунинг учун:

- Албатта¸ ҳукумат жамоатчилик билан бирга ишлашни бошлаши керак. Чунки ҳукуматнинг ўзининг қўлидан келмайди бу нарсани қилиш. Чунки муаммо ҳозир драматик хусусиятга эга бўлиб кетаяпти¸ масштаблари ниҳоятда катта¸ деди "Ҳозиржавоб гуруҳ" нодавлат ташкилоти вакили Шуҳрат Ғаниев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG