Линклар

logo-print

“Ўзбекнефтегаз” қудрати "тан олинди"

  • Барно Анвар

Ўзбекистон ҳудудларидан қазиб олинаëтган нефт ҳажми ҳақда¸ жамоатчилик аниқ маълумотга эга эмас.

Ўзбекистон ҳудудларидан қазиб олинаëтган нефт ҳажми ҳақда¸ жамоатчилик аниқ маълумотга эга эмас.

Дунёдаги йирик нефт компаниялари рейтингини белгилаб келаётган “Energy Intelligence Group” компанияси “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компаниясини нефт соҳасидаги энг йирик 50 ширкат сирасига киритди.

50 йилдан буён дунё давлатлари нефт саноатини кузатиб, таҳлил қилиб келаётган компаниянинг куни кеча эълон қилган етакчи 50 талик гуруҳ рўйҳатига Ўзбекистон ва Қозоғистон компаниялари илк бор киритилди.

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси 34 ўринда, “Казмунайгаз” компанияси эса 50 ўринда кўрсатилди. Дунёнинг энг етакчи нефт компаниялари эса Саудия Арабистонининг “Saudi Aramco”, Эроннинг “NIOC” Хитойнинг “CNPC” компаниялари бўлмоқда. Эътиборлиси шуки, бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Energy Intelligence Group” компанияси рейтингининг энг юқори поғоналаридан ўрин олган нефт компанияларининг кўпчилиги давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган компаниялардир.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Energy Intelligence Group” компанияси рейтингининг етакчи 50 талик рўйхатига киритилган нефт компаниялари, асосан, олти мезонга кўра танланган.

Жумладан, компаниянинг молиявий даромадига доир натижалар, нефт заҳиралари ва ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулотни қайта ишлаш қудрати, савдо ҳажми ва шу каби кўрсаткичлар инобатга олинди.

Илк бор шундай нуфузли рўйхатдан жой олган “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Нью-Йоркдаги гуруҳ ҳисоб-китобига кўра, дунёдаги етакчи 50 та нефт компанияси орасида 34-ўринга лойиқ.

Шу муносабат билан биз компания матбуот котибига мурожаат қилиб, “Ўзбекнефтегаз”ни дунёдаги 34-йирик нефт компаниясига айлантирган иқтисодий натижалар ҳақида сўрадик.

Матбуот котиби бизни компаниянинг интернетдаги расмий саҳифасига йўллади.

- 2008 йилги ишлаб чиқариш натижаларига доир барча маълумотлар интернетдаги расмий сайтимизда чоп этилган. Сайтимизни очинг, ўша ердан ҳамма маълумотларни топасиз, деди “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси матбуот котиби.

Компания расмий сайтидан аниқлаганимиз маълумотлар эса шундай бўлди: компаниянинг йиллик углеводород қазиб олиш ҳажми йилига 86 миллион тонна шартли ёнилғини ташкил қилади. Хусусан, қазиб олинган нефт Ўзбекистондаги 3 та завод – Олтиариқ, Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишланади. Аммо, бу заводларда йиллик қайта ишланадиган нефт ҳажмига доир маълумотларни расмий сайтдан топа олмадик.

Қазиб олинган газ ҳам учта завод — Муборак, Шўртан заводлари ва Шўртан газ-кимё комплексида қайта ишланиши айтилган ҳамда асосий саналган Муборак ва Шўртан заводлари йилига 50 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қурбига эга экани келтирилган.

Аммо, умуман олганда “Ўзнефтегаз” миллий холдинг компанияси бир йилда қанча нефт қазиб олади, қанча газ қазиб олади, қанчасини қайта ишлайди, компаниянинг умумий даромади қанча экани ҳақидаги аниқ ва лўнда маълумотларни компания расмий сайтидан аниқлай олмадик.

Ўзбекистонлик ва россиялик иқтисодчилар таҳлилларида келтириладиган маълумотларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистонда йилига 6 миллион, баъзи манбаларга кўра эса 8 миллион тонна ҳажмида нефт қазиб олинади.

Бу ҳақда ўзбекистонлик кузатувчи Комрон Алиев мана бу рақамларни тилга олди.

- Нефт конлари¸ унинг каттароқ манбалари тўғрисида деярли маълумот йўқ. Беш миллион тонна билан саккиз миллион тонна атрофида қазиб олинади дейилади. Газ бир йилда 61 миллиард куб метр ҳисобланади¸ дейди Комрон Алиев.

Ўзбекистонда қазиб олинаётган нефт ва газнинг асосий қисми мамлакатнинг ички эҳтиёжи учун сарфланиши айтилади.

“Ўзнефтегаз” миллий холдинг компанияси расмий сайтида келтирилган рақамларга кўра, мамлакатдаги ёнилғига бўлган ички эҳтиёжнинг 83 фоизи газ, 13 фоизи нефт ва 3 фоизи кўмир билан қондирилади.

Мамлакатда мавжуд шартли ёнилғи заҳиралари ҳажми ҳақида эса бундан бир неча йил муқаддам “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси расмийлари очилган углеводород конларида 2 трилион тонна ёнилғи бор, деган эди.

Ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири¸ Озодлик билан суҳбатда¸ аслида ҳамма имкониятлар ишга солинганда эди, мавжуд заҳиралар ҳажмига кўра “Ўзнефтегаз” дунёдаги етакчи 25 таликка ҳам кириши мумкин эди, дейди.

- Менинг назаримда¸ агар фаолият янада кучайтирилганда¸ кучли 25талик¸ 20 таликдан ўрин олар эди. Бу ресурсларнинг мавжудлигидан. Ўзбекистонда етарлича ресурс мавжуд.

Агар “Ўзбекнефтегаз”нинг ишлаб чиқариш қувватини оширганда¸ кўпроқ натижага эришиш мумкин эди¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири.

Аммо, нефт ва газ саноатини ривожлантириш йўлида Ўзбекистон ташқи сармояга эҳтиёж сезмоқда.

Бундан бироз муқаддам, “Ўзнефтегаз” компанияси расмийларидан бири “Халқ сўзи” газетасида берган ҳисоботида мамлакатга кириб келаётган сармоянинг 25 фоизи айнан шу соҳага ётқизилаётганини сўзлаган эди.

Ҳозир “Ўзнефтегаз” компанияси билан фаол ҳамкорлик қилаётган ва катта миқдорда сармоя ётқизаётган асосий хорижий компания Россиянинг “Газпром” ширкатидир.

Сўнгги йиллар ичида “Газпром” ширкати билан фаоллашган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми нефтга нисбатан анча юқорилади.

Бу ҳақда гапирган ўзбекистонлик иқтисодчининг фикрича, бу ўринда ҳам ҳозирча бир жиддий муаммо “Ўзнефтегаз”нинг йўлини тўсмоқда.

- Бунинг битта тўсиғи газни етказиб берадиган транспорт магистралининг¸ газопроводларнинг йўқлиги. Туркманистонникини ҳам¸ Ўзбекистонникини ҳам битта трубага тиқади. Бундан Ўзбекистон ортиқча ура олмайди¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири.

Ўзбекистонда газ ва нефт соҳасини ўз монополиясига олган “Ўзнефтегаз” расман ҳиссадорлик жамияти саналса-да, компания акциялари эгалари кимлар ва акциялар пакети тақсимоти қай кўринишда, олий орган саналган умумий йиғиннинг аъзолари ким экани ҳақидаги маълумотларни аниқлаш мушкул.

Лекин ҳиссадорлар йиғини томонидан тайинланади, деб кўрсатилган компания бошқарув кенгаши аъзолари Ўзбекистон ҳукумати органлари раҳбарлари — вазирлар ва раислардан иборат.

Шу боис, Ўзбекистоннинг кейинги 3 йил ичидаги ўзгарувчан ташқи сиёсати натижасида мамлакатга кириб келаётган сармоя оқимининг кескин торайгани, иқтисодчилар фикрича, кўпроқ хорижий сармояга қарам бўлган нефт ва газ саноати соҳасига жиддий салбий таъсир кўрсатди.
XS
SM
MD
LG