Линклар

"Бўҳроннинг ўзбекларга қизиғи йўқ"

  • Алишер Сиддиқ

Иқтисодий инқироз борган сари кўплар ҳолини танг қилаëтганига қарамай¸ўзбек матбуоти бу ҳақда сукут сақламоқда.

Иқтисодий инқироз борган сари кўплар ҳолини танг қилаëтганига қарамай¸ўзбек матбуоти бу ҳақда сукут сақламоқда.

Халқаро ахборот воситалари ўз янгиликларини глобал иқтисодий бўҳрондан бошлаб¸ шу билан тугатаëтган ҳозирги кунларда ўзбек матбуоти "кўпга келган бу тўй" ҳақда гапирмасликни афзал кўрмоқда.

“Uzreport.com” сайти ҳамда “Бизнес Вестник Востока” газетаси Ўзбекистонда иқтисодий масаларни ёритувчи асосий нашрлар ҳисобланади.

Мустақил деб аталсада¸ бир хўжайинга қарашли иккала нашр ҳам фақатгина расмий идоралардан олинган маълумотларга таяниб хабар тарқатади.

“Ўзбекистонликлар жаҳон молиявий бўҳронига унчалик қизиқмаётган бўлса керак”

“Uzreport.com” иқтисодий ахборот портали бош муҳаррири Ралиф Нигматулин Озодлик билан суҳбатда айнан шундай тахминни илгари сурди.

Жаҳон молиявий бўҳрони ва унинг мамлакатга таъсири Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари диққат марказидаги асосий мавзу деб бўлмайди.

Бироқ айни мавзуга бағишланган президент Каримовнинг янги китоби, маҳаллий матбуот фикрича, жаҳон сиёсий ва иқтисодий доиралар ҳамда оммавий ахборот воситаларида кучли акс-садо уйғотган.

Маҳаллий матбуотда келтирилишича, яқинда Нью Йорк давлат университети профессори П. Морвиж президент Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” деб номланган китобини шарҳлай туриб, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш ва ривожланиш моделига айланганини айтган.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Uzreport.com” сайти бош муҳаррири Ралиф Нигматулин¸ жаҳон иқтисодий бўҳрони оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳукумат чораларини “жуда оқилона” деб ҳисоблайди.

Аммо жаҳон иқтисодий бўҳрони ва унинг Ўзбекистонга таъсири борасида оддий фуқаролар нима боис чекланган маълумотларнигина олмоқда¸ деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- Агар одамлар етарли ахборот олмаётган бўлса, демак улар ахборот олишни истамаётган бўлиши ҳам мумкин. Менимча¸ бу инқироз уларнинг ҳаётига шу қадар оз таъсир қилганки, улар бу ҳақда билишни ҳам истамаётган бўлса керак. Шахсан ўзимга бу инқироз мутлақо таъсир қилгани йўқ. Агар одамлар инқироз оқибатида катта маблағларни йўқотиб қўйганларида эди¸ бу масала билан жиддийроқ қизиқиб қолишган бўларди¸ дейди Нигматуллин.

Президент Каримов дунёда авж олаётган иқтисодий бўҳроннинг Ўзбекистонга таъсири борасида икки хил мужда бермоқда.

Бир томондан Каримов инқироз оқибатида Ўзбекистон экспорт қилувчи углеводородлар, пахта ва рангли металлар экспортидан тушумларнинг камайишини айтган бўлса, бошқа томондан бўҳроннинг Ўзбекистонга айтарли таъсири бўлмаслигини таъкидламоқда.

Ралиф Нигматуллин фикрича, бу каби ёндошув Каримов гапларини “чуқур англайдиган” Ўзбекистон медиа вакилларини чалғитиб юборгани йўқ.

- Каримов инқироз қайсидир соҳага таъсир қилса, бошқасига таъсир қилмаслигини айтганди¸ эҳтимол. Бу унинг расмий баёнотлари бўлса, иккала жиҳатини ҳам ишлатиш мумкин. Ҳар қалай бир жумланинг ўзида бир-биридан айри позициялар йўқ назаримда¸ дейди “Uzreport.com” сайти бош муҳаррири.

Шундай қилиб, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабарларидан жаҳон молиявий бўҳрони фақатгина хориж муаммоси бўлиб қолмоқда ¸ деган таассурот туғилади.

Хориждан ўзбек мардикорларининг қайтиб, Ўзбекистондаги ишсизлар армиясига қўшилаётгани, хориждан келадиган валюта оқимининг камайгани ҳақида ҳозирча лом-мим дейилаётгани йўқ.

Бошқа томондан бу мавзуда Озодликка келган ўнлаб шарҳларда иқтисодий бўҳронни Ўзбекистон ўтган 20 йил мобайнида ўз бошидан кечираётгани¸ шу боис тинимсиз инқирозда яшаëтган одамларга глобал майдондаги иқтисодий бўҳроннинг фавқулодда ҳодиса эмаслиги ҳақда айтилади.
XS
SM
MD
LG