Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:53

Россияга кўчишни истаганлар кўпаймоқда


Глобал иқтисодий инқироз Россия расмийларини мамлакатга кўчиб келмоқчи бўлган ватандошларга нисбатан шу йилнинг 15 февралидан бошлаб квота жорий этишга мажбур қилди.
Глобал иқтисодий инқироз Россия расмийларини мамлакатга кўчиб келмоқчи бўлган ватандошларга нисбатан шу йилнинг 15 февралидан бошлаб квота жорий этишга мажбур қилди.

Тожикистонликларнинг Россияга кўчиши учун имкон берадиган квота ўтган ойдан бошлаб 35 фоизга қисқартирилганига қарамай, шу кунда ҳам Россияга кўчиш иштиёқида бўлган тожикистонликлар сони камаймаяпти.

Россия Федерациясининг Хўжанддаги консули Азим Ёрмуҳаммедовнинг айтишича, Россияга кўчиш истагини билдираётган тожикистонликлар сони тобора ошиб бормоқда.

- Агар илгари аризалар сони 10-20 тадан ошмаган бўлса, ҳозир бизга минглаб аризалар тушаяпти.

Кўчиш дастури асосидаги квотанинг камайтирилгани бу вақтинчалик жараён.

Бир оз вақт ўтгач, дастур тўлалигича амал қила бошлайди. Шу боис вақтинчалик чеклов фуқароларни ташвишга солмаслиги керак, дейди Азим Ёрмуҳаммедов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, 2007 йилнинг сентябридан бошлаб амалга ошириб келинаётган “Россияга ватандошларни ихтиёрий равишда кўчириш давлат дастури” Тожикистондан малакали мутахассисларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Зеро, ҳозирнинг ўзида бир ярим миллионга яқин ишга қобилиятли тожикистонлик Россия ва бошқа давлатларга чиқиб кетган.

Республика Муҳожирлик давлат маркази раҳбари Анвар Бобоевга кўра, Россия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ватандошларни кўчириш дастури Тожикистон иқтисодиётига ҳам, демографик ҳолатига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

- Биздаги маълумотларга кўра, Тожикистонда маълумот олган малакали мутахассислар Россия Федерациясида меҳнат қилаяпти ва улар яқин йиллар ичида ўз Ватанига қайтиш ниятида эмаслар, дейди Анвар Бобоев.

Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрида жойлашган Россия Федерация консуллиги биноси шу кунда ҳам тожикистонликлар билан гавжум.

Хўжандлик Робия Азизова аввал ўқитувчи бўлиб ишлаган. Оладиган маоши оила боқишга етмаётгани сабабли эндиликда у Россияга кетишга қарор қилган.

“Россияда дуч келишингиз мумкин бўлган қийинчиликлар сизни чўчитмайдими?” - сўраймиз Робиядан.

- Йўқ. Чунки мен илгари ҳам Россияга бориб ишлаганман. Россияда меҳнат қилмоқчи бўлганлар учун иш топилади. Лекин Россия фуқароси бўлсангиз, муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал этилади.

Тўрт ойдан буён берган аризамнинг натижасини кутаяпман. Ҳозирнинг ўзида бир нечта вилоятларга таклифлар бор, дейди Робия Азизова.

Яна бир суҳбатдошимиз - Светлана Кулагина 45 йилдан буён Чкалов шаҳрида яшайди.

- Ўғлим Россияга кетганига етти йил бўлди. Агар у келиб олиб кетса, албатта кўчиб кетган бўлардим.

Россия президенти фармони биз руслар учун ўта аҳамиятли, чунки йилдан-йилга Тожикистонда яшаш қийин бўлиб кетаяпти. Айниқса, сўнгги икки йил ичида қишни катта қийинчиликлар билан ўтказдик.

Консулликка ариза берганимга қарийб бир йил бўлиб қолди. Ҳозиргача жавоб йўқ, дейди Светлана Кулагина.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Татьяна Хурамшина эса бутун оиласи билан Россияга кўчиб кетмоқчи.

- Очиғи, Россияда кўнгилдагидек ўрнашиб, яхши иш топишимизга тўлиқ кафолат бўлмаса-да, барибир кўчишга тайёргарлик кўраяпмиз.

Лекин ҳозиргача Консуллик томонидан таклиф қилинаётган ҳудудлар бизни қониқтирмаяпти, дейди Светлана Хурамшина.

Хайрулло Маҳкамов Россия паспортини олишга муваффақ бўлган тожикистонликлардан бири. Бироқ ҳозир у Россияга кўчишни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

- Россияга кўчиш ёки бориб ишлашни хоҳламаганлигим сабабларидан бири - бу ерда яхши ҳақ тўлайдиган ишга эгаман. Оилам бор, аждодларим шу ерда кўмилган.

Ниҳоят, Россияда қайси минтақани таклиф қилишлари ҳам муҳим. Чунки, менинг билишимча, тожикистонликларга чекка, ривожланмаган ҳудудлар таклиф этилмоқда.

“Узоқдаги қуйруқдан, яқиндаги ўпка яхши” деганларидек, Ватанга нима етсин, дейди Хайрулло Маҳкамов.

Тожикистон аҳолисининг 15 фоизини Хайрулло Маҳкамовга ўхшаб Россия хорижий паспортини олганлар ташкил этади. Уларнинг айтишларича, Россия паспорти тожикистонликларга, биринчи навбатда, қўшни Ўзбекистонга визасиз бориб келиш учун зарур.

Бундан ташқари, бундай паспорт уларга Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга ҳеч бир тўсиқларсиз ўтиш учунгина керак.

Ниҳоят, нафақа ёшига етганда, бундай паспорт эгалари Россияда ҳужжат расмийлаштириб, яхшигина пенсия олишлари мумкин.

Россия Федерациясининг Хўжанддаги Консуллигидан олинган маълумотларга кўра, Ватандошларни кўчириш давлат дастури амал қила бошлаган кундан буён вилоятдан 80 оила кўчиб кетган. Уларнинг 40 фоизини тожик ва ўзбеклар ташкил этади.

Россияга кўчиб кетиш учун ариза берганлар сони эса бугунги кунда уч мингтага етган.
XS
SM
MD
LG