Линклар

"Ҳаммасига муҳожир айбдор"

  • Садриддин Ашур

Аввалроқ меҳнат муҳожирлари орасида ноқонуний ишлаётган мардикорларни излаб топиш билан шуғулланган россиялик расмийлар эндиликда мардикорлар орасидан жиноятчиларни қидириш билан машғул бўлмоқдалар.

Аввалроқ меҳнат муҳожирлари орасида ноқонуний ишлаётган мардикорларни излаб топиш билан шуғулланган россиялик расмийлар эндиликда мардикорлар орасидан жиноятчиларни қидириш билан машғул бўлмоқдалар.

Cўнгги пайтларда Россия ОАВда марказий осиёлик, жумладан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан содир қилинаётган жиноятлар тўғрисида жуда кўп хабарлар пайдо бўла бошлади.

“Санкт-Петербургда иш берувчисини ўлдирган ўзбекистонлик 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди”.

“Ўзбекистонлик гастарбайтер прокурор ёрдамчисини зўрлади ва ўлдирди”.

“Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз юртдошларини калтаклаб, талончилик қилди...”

Бу шу ҳафта ичида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида Россия ОАВда эълон қилинган хабарларнинг баъзилари. Энг сўнгги хабардаги воқеа эса бир ярим йил олдин содир бўлган.

Москва вилоятининг Калуга шаҳрида ишлаётган меҳнат муҳожири Ниёзалининг сўзларига кўра, ҳозир меҳнат муҳожирларини қоралаш кампанияси Россиядаги барча ОАВда авж олди:

- Телевидениеда ҳам ҳар кун кўрсатади. Масалан, 100 та жиноятдан биттасини меҳнат мигранти содир этган бўлса¸ албатта биринчи бўлиб ўшани кўрсатиш керак.

Газетада ҳам шу. Мана газеталарни ўқиб тураман. Ҳозир ҳамма меҳнат мигрантларини ҳайдаб¸ ўзимизникиларни ишга қўйишимиз керак¸ деган тенденция кетаяпти.

Иқтисодий инқироз туфайли кўп жойларда қисқартириш бошланди. Биринчи навбатда, мигрантларни¸ кейин Россиянинг фуқароларини қисқартиришаяпти.

"Меҳнат мигрантлари жиноятчиликни кўп қилаяпти¸ уларни қисқартириш керак" деган ташвиқот кетаяпти¸ дейди Ниëзали.

Хўш, ҳақиқатан ҳам меҳнат муҳожирларининг Россиядаги жиноятлари шунчалик кўпайиб кетдими?

Россияда нашр этиладиган “Коммерсант. Власть” журналининг ёзишича, Россия федерал муҳожирлик хизмати бошлиғи Константин Ромадоновский Москвада МДҲ давлатларидан келган муҳожирлар томонидан содир қилинган жиноятлар 13 фоизга ошганини, ўтган йили 2007 йилга нисбатан улар томонидан 7,5 фоиз кўп жиноят содир қилинганини айтган.

Журналнинг ёзишича, Ромадоновский жаноблари кейинроқ бу гапларига аниқлик киритган. Яъни муҳожирлар жиноятлари Россияда содир қилинаётган жиноятларнинг бор-йўғи 3 фоизини ташкил этади. Бу аввалги йиллардаги билан тенг. "Лекин Ромадоновскийнинг киритган бу аниқлиги аввалги гапларининг соясида қолиб кетди", дея хулоса қилади “Коммерсант. Власть” журнали.

Хўш, унда нега Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари бундай ахборот ҳужумига дучор бўлмоқдалар? Бунинг сабабини биз Москвадаги фуқаровий кўмак ташкилоти раиси ўринбосари Елена Буртинадан сўрадик:

- Жиноятчиликнинг ошиши муҳожирлар кўпайиши билан боғлиқ, деб Россия расмийларининг айтаётган гаплари демагогия ва сиёсий ўйиндан бошқа нарса эмас.

Айниқса¸ бу гапларни Москва мэри Юрий Лужков айтишни яхши кўради. Лекин статистика тамоман бошқа.

Тўғри, муҳожирлар томонидан жиноятлар содир қилинади. Лекин бу ҳар йилгидек маълум фоиз даражасида. Меҳнат муҳожирларини маҳаллий аҳолига нисбатан кўпроқ жиноятчи қилишга асос бўладиган сабаб йўқ, дейди Елена Буртина.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг айтишича, ҳақиқатан ҳам Россия молиявий инқирознинг энг оғир кунларини бошидан кечирмоқда. Иш ўринларининг қисқаргани, рублнинг долларга нисбатан курси тушиб кетгани россиялик оддий аҳолини қийин аҳволга солиб қўйди:

- Менимча, ҳукумат аҳолининг норозилиги ошиб, ижтимоий портлаш юз беришидан хавотирда. Шунинг учун ҳам у ана шу муаммоларни орқага суриб, меҳнат муҳожирларини айбдор сифатида биринчи планга чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳамма қийинчиликлар учун яна шўрлик меҳнат муҳожирлари айбдор бўлиб қолмоқда, дейди Санобар Шерматова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG