Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Чала мулла дин бузар"


Ўзбекистонда айрим муллаларнинг диний маросимлар чоғида издиҳом эгаларидан ҳаддан зиёд кўп ҳақ сўраётганлари ўзбекистонлик айрим мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда айрим муллаларнинг диний маросимлар чоғида издиҳом эгаларидан ҳаддан зиёд кўп ҳақ сўраётганлари ўзбекистонлик айрим мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

"Динга чаласаводларча ёндошув баъзи муллаларда диний эътиқоддан пул ишлаб олиш истагини пайдо қилмоқда". Бу Навоий вилоятида яшайдиган татарлар маданият ва халқ ижоди маркази раисининг гапи.

Муса Жалил номидаги мазкур марказ раиси Рустам Абу-Зарий билан ўтказилган суҳбатга таяниб, Регнум ахборот агентлиги 24 март куни эълон қилган хабарда айтилишича, маҳаллий муллалар кўрсатаётган диний хизматлари учун аҳолидан катта миқдорда пул талаб қилмоқда.

Дастлаб, албатта, муллалардан шикоят қилган навоийлик Рустам Абу-Зарийнинг ўзини топдик.

У киши ўзи бошқариб турган жамоат ташкилотига фуқаролардан кўплаб шикоятлар тушганини ва уларнинг асоссиз эмаслигини таъкидлади:

Рустам Абу-Зарий: Худо йўлида Қуръонни ўқиса¸ раҳматини айтиб, берган садақасини олиб кетса бўлар эди. Ҳар хил мадраса кўрмаган бу муллалар бўлса, “бунча берасан¸ шунча берасан” деб кундан-кунга нархларни ошириб, одамларни норози қилиб юради-да.

Озодлик: Ўша нарх-наво қанақа бўлаяпти ўзи? Масалан, мулланинг битта жаноза намозини ўқиб бериши неча пулга тушади?

Рустам Абу-Зарий: Бизларда унинг нархи йўқ. Уларнинг (муллаларнинг демоқчи – таҳр.) ўзлари қўяди. Бир хиллари 50 минг сўрайди¸ бир хиллари 40 минг сўрайди.

Озодлик: Бу анча катта пул. Бошқа маросимларда-чи?

Рустам Абу-Зарий: Бошқа маросимлар¸ масалан¸ никоҳ ўқийди. Ўшанга ҳам 40 минг¸ 30 мингдан кам олмайди. Ҳамма ҳам энди ундай пулни бера олмайди-ку. Бир хилларда пул бор¸ бир хилларда йўқ. Бечора ўзбек олса, шу 70-80 минг пенсия олади.

Мусулмон бўлгандан кейин, алҳамдилуллоҳ, Қуръон ўқитмоқчи бўлади. Хатм қилади¸ худойи қилади. Муллалар шундан фойдаланиб: “йўқ¸ мана мен хотиним билан бораман. Агар ҳар биримизга 20 мингдан 40 минг берсанг бораман¸ бўлмаса бормайман”, деб шарт қўяди. Одамларнинг иложи йўқ.

Озодлик: Хотини энди отинойи.

Рустам Абу-Зарий: Ҳа.

Навоийлик Рустам Абу-Зарийнинг бу гапларидан сўнг биз, табиийки, диний хизматлар учун ҳақ олиш масаласи Исломда қандай тартибга солинишига қизиқдик ва бу хусусдаги саволимизни Тошкентдаги Тўхтабойбачча масжидининг собиқ имоми Обидхон қори Назаровга бердик.

- Аслида жаноза ўқиш ибодатга киради. Ибодат учун эса пул олиш мумкин эмас. Аҳди никоҳ ҳам умумий суннат амалларидан бири. Бу нарсалар Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида ибодат қаторида¸ суннат қаторида амалга оширилган. Хизмат ҳақи олиш¸ белгилаш деган нарса умуман бўлмаган¸ дейди Обид қори Назаров.

Демак, бу дастлабки, тамал ҳукмдир. Лекин замонлар ўзгариб, бу масала ҳам ўзига хос ислоҳ бўлди ва...

- Уламоларнинг ижтиҳодлари билан мана шундай ишларда, масалан, имомларга ойлик маоши тайинлаш жорий бўлган. Бу ҳам ислом уламолари томонидан тасдиқ қилинган.

Масалан, Қуръон ўқигани учун пул олиш¸ имомлик қилгани учун пул олиш. Бу ишлар учун волий ëки давлат раҳбари¸ қозилар томонидан белгиланган давлат маоши жорий этилган.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда, масжиддаги бўладиган хизматлар¸ мусулмонларга кўрсатиладиган хизматлар учун ҳам маълум бир тарифлар жорий қилиш мумкин. Бу жоиз нарса¸ дейди Обид қори Назаров.

"Масалан, - деб давом этди Обидхон қори Назаров¸ - Совет даврида жаноза ёки никоҳ ўқитган одам масжидга 10 рубл тўлаши белгилаб қўйилган эди".

Хўш, ҳозир-чи? Ҳозир ҳам диний хизматлар учун белгилаб қўйилган тарифлар борми?

Бу саволни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансурга бердик.

- Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг низоми бор. Ҳар бир масжиднинг ўзининг низоми бўлади. Бирор жойда, масалан, "имом аҳолига хизмат кўрсатганда, мана шунчадан ҳақ тўлансин" деб кўрсатилмаган ва ëзилмаган¸ дейди Абдулазиз Мансур.

Демак, қатъий тариф йўқ. Фойдалангани хизмат учун ҳақ тўлаш, ҳақни қанча тўлаш ҳар бир мусулмоннинг ўзига, ҳимматига боғлиқ.

Абдулазиз Мансурнинг айтишича, пул билан боғлиқ масаланинг биттагина жиҳати - масжидлар тушган ионаларнинг 15 фоизини республика мусулмонлари идорасига ўтказиб бериши белгилаб қўйилган.

- Лекин ўшанда ҳам ремонт қилинаëтган ëки янги қурилаëтган масжидлар бўлса¸ ўша диний идорага ўтказиладиган 15 фоизидан ҳам воз кечилади¸ дейди Абдулазиз Мансур.

Мавзуни ёритиб бўлдик. Шу жойда нуқта қўйсак ҳам бўлар эди. Бироқ Обидхон қори Назаровнинг яна бир фикрини ҳам келтириб ўтишни жоиз билдик.

Имомнинг фикрича, масжид кўрсатадиган хизматлар учун ҳақ тўланиши, масжидга турли ионалар берилиши табиийдир.

- Бўлмаса масжидлар қандай қилиб ишини давом эттирсин? Масжид давлатдан ажратилган бўлса¸ ўзининг вақфлари (вақф ерлари – масжид ва мадрасалар учун ажратиладиган ерлар – таҳр.) бўлмаса¸ уларнинг даромад манбалари бўлмаса¸ масжидга доимий тарзда маълум миқдорда пул ўтказиб турадиган завод-фабрикалар бўлмаса¸ давлат бюджетидан уларга ҳеч қандай ëрдам берилмаса¸ қандай қилиб улар кун кўриши керак¸ қандай қилиб ислом ишини давом эттириши керак¸ деган савол ўз-ўзидан туғилади.

Ўша юқорида айтилганидай¸ баъзи хизмат турларининг жорий қилиниши¸ тўй ва бошқа маросимлар туфайли масжидга пул ўтказилишининг белгилаб қўйилиши бу мантиқан ҳам¸ шаръан ҳам¸ ақлан ҳам тўғри нарса эканлиги маълум бўлади¸ дейди Обид қори Назаров.

Ва ниҳоят, энг сўнгги гап.

Лавҳамиз мавзуини белгилаб берган навоийлик Рустам Абу-Зарий ҳам, диний хизмат текин бўлсин демаётганини, фақат бу масалада меъёр унутилмаслиги керак, деб куюнаётганини эслатиб қўймоқчимиз.
XS
SM
MD
LG