Линклар

logo-print

Давлат учун темир ёки 1000 сўм пул


Ўзбекистонлик ўқувчилар мактабга оғир темир-терсакларни олиб бориб топширишдан кўра ўқитувчиларга пул бериб қўйишни маъқул кўрадилар.

Ўзбекистонлик ўқувчилар мактабга оғир темир-терсакларни олиб бориб топширишдан кўра ўқитувчиларга пул бериб қўйишни маъқул кўрадилар.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишловчиларга совет давридагидек давлатга темир-терсак топшириш мажбурияти юклатилмоқда. Айни жараёндан¸ айтилишича¸ ҳатто вояга етмаган болалар ҳам четда қолмаяпти.

Куни кеча Тошкент шаҳридаги 296-мактаб ўқувчилари темир-терсак йиғиш режасини юз фоиз бажарди. Бу ҳақда мактаб директори маълум қилди.

Айни тадбир қандай амалга оширилгани борасидаги саволимизга мактаб директори қисқа жавоб билан чекланди.

- Бизда ҳеч қандай қийинчилик бўлгани йўқ. Ўқувчилар темир-терсакни ҳеч бир муаммосиз йиғиб топширишган, деди мактаб директори.

Бироқ Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқиётган ўқувчи қизнинг айтишича, ўқувчилар темир-терсак топишга қийналишади, кўпчилик эса темир-терсак ўрнига пул беради.

Ўқувчи қиз: Бизлар пул берамиз. Биз макулатура деса, макулатурага, темир деса, темирга шунақа қилиб пул берамиз. Уйдан темир кўтариб юрмаймиз. Топиш қийин-да.

Озодлик: Ҳар бир ўқувчига неча килограмм темир-терсак олиб келиш буюрилади?

Ўқувчи қиз: Билмадим энди. Шу 1000 сўм берсак, бўлди.

Озодлик: Нархини ўқитувчиларнинг ўзлари айтишадими?

Ўқувчи қиз: Йўқ¸ унақа пул олиб келгин, дейишмайди. Неча пуллигини биз сўраймиз, шунга қараб берамиз.

Озодлик: Демак, тахминан 1000 сўм берасизлар.

Ўқувчи қиз: 1000-1500, шу атрофида.

Тошкент вилоятида яшовчи ўқитувчи Улуғбек Усмоновга кўра, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидаги мактабларда темир-терсак йиғиш жараёни мажбурий тарзда амалга оширилади.

- Мажбурий йиғилади. Ҳар синфга ўқувчиларнинг сонига қараб, килограмм бўлиб берилади. Бошланғич синфдан то битирувчи синфгача ҳаммаси иштирок этишади.

Бу энди мажбурий. Хоҳлаган олиб келсин¸ хоҳламаган олиб келмасин, деб ўзларига ташлаб қўйиладиган бўлса, темир кўтариб борадиган ўқувчи топилмайди.

Шунинг учун топширмаган ўқувчилар койилади¸ урушилади. Кўп топширганларни рағбатлантириб, мақташади, дейди Улуғбек Усмонов.

Тошкент шаҳридаги айрим мактабларнинг раҳбарлари билан суҳбатлашганимизда, улар йиғилган темир-терсаклар учун мактаб ҳисобига маълум миқдорда пул келиб тушишини ва бу маблағ мактабни таъмирлаш, ўқув қуроллари сотиб олиш каби заруратлар учун сарфланишини билдирдилар.

Маълум бўлишича, йиғилган темир-терсакларнинг барчаси Тошкент вилоятида жойлашган Бекабод тоғ-металлургия коминатига топширилар экан.

Комбинат ходимига кўра, темир-терсак йиғиш тадбирлари мамлакат бўйлаб ҳар йили икки марта ўтказилади.

- Бир йилда икки марта йиғилади.

Озодлик: Комбинат йиғилган металларни сотиб оладими ëки....

- Ҳа¸ сотиб олади.

Озодлик: Ҳозир бир кило темир-терсак нархи қанча бўлаяпти?

- Узр, билмадим.

Ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев темир-терсак йиғиш жараёни ҳар йили мажбурий тарзда амалга оширилишини айтади.

- Бу янгилик эмас. Албатта бу ҳолатда ўқувчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаяпти.

Умумтаълим мактабларининг низомида ҳеч қачон мажбурий тарзда қишлоқ хўжалиги ишларига¸ пахтага чиқариш масаласи ëки мажбурий обуна деган масалалар, ҳар қандай жамғармаларга пул чегириб қолиш, темир-терсак йиғиш, деган жойи йўқ.

Лекин, афсуски, бизда низом ўз йўлига¸ қонун ўз йўлига. Бу ëқдаги ҳокимиятларнинг топшириқлари бевосита бажарилаверади ва инсон ҳуқуқлари бузилаверади, дейди Исроил Ризаев.

Uzmetronom.com интернет нашри ёзишича, айни кунларда Тошкент шаҳрида нафақат мактабларга, балки шифохоналар, поликлиникалар каби турли бюджет ташкилотлари билан биргаликда ҳарбий қисмларга ҳам темир-тесак йиғиш топширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG