Линклар

Боку осмонида ўзбек Юлдузи

  • Абдулла Искандар

Бокудан туриб Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Юлдуз¸ ўзининг жаҳон мақом санъати ҳакамлари томонидан эътироф этилганидан қаттиқ ҳаяжонда эканини айтади.

Бокудан туриб Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Юлдуз¸ ўзининг жаҳон мақом санъати ҳакамлари томонидан эътироф этилганидан қаттиқ ҳаяжонда эканини айтади.

Озарий пойтахтида якун топган жаҳон мақом қўшиқчилари беллашувида¸ Бухоронинг чекка қишлоғидан келган талаба қиз Юлдуз Турдиева¸ мақомчиликдаги янги истеъдод дея тан олинди.

Бокуда ўз ишини якунлаган халқаро мақом фестивалида ўзбекистонлик мақом ижрочиси Юлдуз Турдиева биринчи ўринни олди.

Юлдуз Турдиева ижро этган “Қорабоғ шикастаси” мақоми озарбайжонликлар қалбини забт этди¸ деб ëзди Боку газеталари.

Биз фестивал ташкилотчилари кўмагида Юлдуз Турдиева билан боғланиб мукофот олганлиги билан табрикладик.

Ҳозирча Юлдуз Турдиевани Ўзбекистонда кўпчилик танимаса-да¸ Бакудаги муваффақият унинг ижоди учун янги даврни бошлаб бериши мумкин.
Озодлик: Ассалому алайкум. Юлдузхон яхшимисиз?

Юлдуз Турдиева: Раҳмат яхши.

Озодлик: Мукофотлар билан табриклаймиз.

Юлдуз Турдиева: Раҳмат.

Озодлик: Энди таассуротлар билан ўртоқлашсангиз. Қандай бўлди¸ кайфиятларингиз қанақа?

Юлдуз Турдиева: Кайфиятим яхши. Аъло. Хурсандман. Биринчи ўринни олиш хаëлимга ҳам келмаган эди.

Озодлик: Мукофот берилаëтган пайтда нега йиғладингиз?



Юлдуз Турдиева:
Мен кутмаган эдим¸ тўғриси. Мен буларнинг “Қорабоғ шикастаси” муғомини ўрганганимда жуда мураккаб эди. Мен ўзи Озарбайжон муғомини юракдан яхши кўраман. Биринчи ўрин деб эълон қилганларида йиғи ичимдан келди. Энди бу ерда Осиëнинг бошқа давлатларидан¸ Шарқ давлатларидан¸ Араб давлатларидан¸ Мисрдан иштирокчилар бор эди.


Озодлик: Умуман мусобақанинг руҳи қанақа бўлди?

Юлдуз Турдиева: Руҳи яхши бўлди. Мен аввалига ҳаяжонландим¸ қўрқдим. Ўзбек мақомини қўрқиб айтдим. Лекин буларнинг “Қорабоғ шикастаси”ни бир қарсак бўлгандан кейин ўзимни тутиб олиб¸ бошқача кайфиятда айтдим.

Озодлик: Сиз нега мақомни танладингиз? Устозларингиз ким?

Юлдуз Турдиева: Энди бу нарса авваламбор Худодан берилади. Ëшлигимдан мақомни яхши кўрганман. Бухоро санъат билим юртида Иноятов Раҳматилла¸ Толиб Темиров домлаларнинг қўлида таҳсил олдим. Бухоро мақомини¸ Тошкент-Фарғона мақомини¸ Хоразм мақомини ўргандим. Яна Бухороча лапарларни ўргандим.

Ëш мақомчилар ансамблида қатнашиб¸ Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий хонандалик бўлимига имтиҳонсиз қабул қилиндим. Шу ерда яна тўрт йил давомида мақом ўргандим¸ изландим.

Бундан ташқари яна Турк¸ Эрон¸ Озарбайжон мақомларини ҳам ўргандим. Мана Худонинг берган омади эканми¸ конкурсни эшитиб бу ерга келдим. Кечаю кундуз тайëрландим. Мана шунга яраша биринчи ўринни олдим. Бу Ўзбекистоннинг ҳам фахри.

Озодлик: Юлдузхон нимага Гранпри олмадингиз? Биринчи ўриндан кўнглингиз тўқми?

Юлдуз Турдиева: Албатта. Энди гранприни олган озарбайжонлик боланинг овози булбулдай эди. У бола гранприга лойиқ эди. Мен учинчи ўринга ҳам хурсанд бўлардим. Шу конкурсга қатнашишнинг ўзи бир бахт. Бу ерда ҳамма давлатлардан танишлар орттирдим. Ҳамма менга “Ўзбекистондан келиб Озарбайжоннинг “Қорабоғ шикастаси”ни ижро қилдинг. Раҳмат сенга” деб айтиб¸ мени юракдан табриклашди.

Озодлик: Сизни эшитаëтган устозларингиз¸ ота-оналарингизга айтадиган гапингиз борми?

Юлдуз Турдиева: Менинг ота-онам ҳали билдими¸ билмадими билмайман. Ҳали телефон ҳам қилганим йўқ. Агар улар эшитган бўлсалар¸ албатта ҳаммаси хурсанд. Ниятим ота-онам менинг бахтимга соғ бўлсинлар.

Мен Бухоронинг чекка қишлоғида тураман. Ўзбекистонда мени кўпчилик билмайди. Ўзбекистонда ижодимни ҳали энди бошлаяпман. Турмуш ўртоғимнинг отаси яъни қайнотам менинг устозим бўладилар. Мен уларга катта раҳмат айтаман. Ўзбек халқига ҳам чин юракдан раҳмат айтаман. Ҳозир нима гапираëтганимни ўзим ҳам билмаяпман.

Озодлик: Мукофотни кимнинг қўлидан олдингиз?

Юлдуз Турдиева: Франциядан келган Юнеско вакили Жан Дюрингнинг қўлидан олдим.

Озодлик: Юлдузхон сизга ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Юлдуз Турдиева: Сизларга ҳам эътиборларингиз учун раҳмат. Саломат бўлинглар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG