Линклар

Гул сотиб кун кўраëтган Гулюзим ая

  • Гулнора Равшан

Нафақа ёшида бўлган Гулюзим ая гул сотиб тирикчилик қилишнинг ўзига яраша заҳматлари борлигини айтади.

Нафақа ёшида бўлган Гулюзим ая гул сотиб тирикчилик қилишнинг ўзига яраша заҳматлари борлигини айтади.

Қўлида Россия паспорти борлигига қарамай¸ қисмати етаклаб келган Душанбедан кетишни хаëлига ҳам келтирмаëтган Гулюзим ая¸ қозон қайнатишнинг оғир¸ аммо хушрўй ва хушбўй йўлини танлаган.

Асли Россиянинг Бошқирдистонида туғилиб ўсган Гулюзим ая бундан 42 йил аввал Тожикистонга келин бўлиб тушган экан.

Душанбелик Қаҳрамон Камолиддинов билан умр риштасини боғлаган россиялик келин аввалига қайнонасига ёрдамчи бўлган, кейинчалик эса тожикистонлик алпинистлар лагерида оддий хизматчи бўлиб ишлаган.

Олти фарзандни вояга етказган Гулюзим ая ҳозир нафақада. Аммо у шу кунда ҳам бекор ўтиргани йўқ.

Душанбенинг Лучоб маҳалласида яшовчи Гулюзим ая ва Қаҳрамон ака бир неча йил аввал қўшимча даромад топиш мақсадида ўз ҳовлиларида гул ўстиришга қарор қилганлар.

- Мана, 10 йилдирки, ҳовлимизда гуллар ўтқазиб, бозорга олиб чиқиб сотаяпмиз. Чой пули учун-да энди. Меҳнати¸ албатта оғир. Чолим билан икковимиз ишлаяпмиз. Мен тушунмаган нарсаларни у тушунтиради, чолим агроном бўлган 30 йил, дейди Гулюзим ая.

65 ни қоралаган Гулюзим ая ҳар куни эрталаб соат 8 да гулларни аравага ортиб, бозорга йўл олади.

- 5 километрлик йўлни бир соатда босиб, бозорга келаман. Кимнинг машинаси бўлса, унга осонроқ. Бизда ундай имконият йўқ, дейди Гулюзим ая.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу йил савдо-сотиқ ўтган йиллардагига қараганда сустроқ:

- Бу йил гулларим унча сотилмаяпти. Одамларда пул йўқдир-да. Ўтган йил яхши эди. Бу йил ишнинг мазаси йўқ.

Кунига 10, баъзида 30 сомоний (тақрибан 3 доллардан 9 долларгача - таҳр.) ишлайман. Лекин байрам кунлари 100 сомоний (ўртача 25 доллар – таҳр.) топиш мумкин, дейди Гулюзим ая.

Суҳбатдошимиз ўз тижорати мавсумий эканини ва май ойи бошларидан яна уйда ўтириб, ойдан ойга нафақа кутиб, кун кечира бошлашини айтади.

- Мен 63 сомоний нафақа оламан, Чолим 120 сомоний олади. Тўпласак, 183 сомоний (тақрибан 47 доллар – таҳр.) бўлади. Рўзғордан ортмайди, дейди Гулюзим ая.

Суҳбатдошимиз шу ўринда фарзандларидан ёрдам кутмаслигини қўшимча қилади:

- Ҳозир ҳамманинг ўз ташвиши бор. Фарзандларим ўз оилалари билан овора. Ёрдам кутмайман улардан, дейди олти фарзанднинг онаси Гулюзим ая.

Нафақа ва гул сотишдан топган даромади оз бўлишига қарамай, Гулюзим ая ҳар уч - тўрт йилда ватанига бориб туришини айтади:

- Онам, сингилларим ўша ёқда. Уч йилда, беш йилда бир бораман. Самолёт қиммат - 400 доллар. Поезд арзонроқ, лекин йўлда ташвиш кўп. Ўзбекистону Қозоғистону Туркманистон йўлда қийнайди. Аввал яхши эди.

Ўтган йили бориб келдим, йўлда кўп текширадилар. Нимани текширади, билмадим. Ўзбекистонда-ку россияликларни йўлда туширадилар, уни-буни сўраб гаранг қилади одамни, дейди Гулюзим ая.

Умрининг 42 йилини Тожикистонда ўтказган Гулюзим ая бошқа тожикистонликлар ва аввал Тожикистонда яшаб, эндиликда ватанига кетаётган россияликлар сингари Россияга кетиш нияти йўқлигини айтади.

- Мен Россия фуқаросиман. Россияга бориб тураман. Кўраяпман - у ёқдаям шу аҳвол, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолган.

Энди ҳозирги шароитда қаерга борманг, меҳнат қилиш керак ишқилиб, меҳнатсиз бир нарсага эришиш қийин.

Қўшниларим яхши, кўпроқ бу ерга ўрганиб кетганман, дер экан Гулюзим ая бундан буён ҳам чоли Қаҳрамон ака билан Тожикистонда қолишини ва кафтдеккина ҳовлисидан топаётган даромадига шукур қилиб яшашини айтади.
XS
SM
MD
LG