Линклар

Тожиклар ҳам иш бозорини ëпмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда барпо қилинаётган йирик энергетик иншоотлар қурилишида кўпроқ россиялик ва эронлик мутахассислар ишлайдилар.

Тожикистонда барпо қилинаётган йирик энергетик иншоотлар қурилишида кўпроқ россиялик ва эронлик мутахассислар ишлайдилар.

Жорий йил 1 апрелидан бошлаб Тожикистонда ишлаш учун расмий рухсатга эга бўлмаган чет эллик муҳожирлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда уларга иш берувчилар маъмурий жазога тортилади.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон Ички ишлар вазирлиги миграция ишлари бўйича хизмати расмийси Ражаб Илёсов маълум қилди.

- Хорижлик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тожикистон қонунларига амал қилмаган ҳолда ишга жалб этаётган алоҳида шахсларга 30 сомонийдан 50 сомонийгача (тақрибан 8-13 доллар – таҳр.), ҳуқуқий шахсларга эса 250 сомонийдан 300 сомонийгача (65-79 доллар – таҳр.) жарима белгиланади, деди вазирлик масъули.

Илёсовга кўра, сўнгги йилларда Тожикистонга ишлаш учун келаётган хорижлик фуқаролар аввалги йилларга нисбатан кўпайган.

Масалан, 2007 йил улар 30 минг кишини ташкил этган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 62 мингга етган.

Ички ишлар вазирлиги вакили айни пайтда Тожикистонда асосан Хитой Халқ республикаси, Эрон ва Афғонистон ислом жумҳуриятлари ва қисман қўшни Ўзбекистон фуқаролари ишлаётганини қайд этди.

Илёсовнинг таъкидлашича, хорижлик фуқаролар паспортига босилган виза муҳлати тугагач, улар мамлакатдан ташқарига чиқиб, ҳужжатларни қайта расмийлаштириши шарт. Аммо бу тартибга кўпчилик амал қилмайди ва маъмурий жазога тортилади.

- Бунга қадар республикамиз ҳудудида нолегал тарзда фаолият юритган хорижий фуқаролардан 968 нафари маъмурий жазога тортилиб, улардан 186 нафари мамлакатдан депортация қилинган эди, деди Илёсов.

Қизиғи шундаки, айрим манбаларга кўра 1 миллиондан зиёд тожикистонлик Россия ва бошқа хорижий давлатларга иш ахтариб кетаётган бир пайтда Тожикистон меҳнат бозорида афғонлар, хитойликлар ва эронликлар тобора кўпайиб бормоқда.

Афғонистон фуқароси Муин Аҳмад Тожикистонга бундан беш йил аввал келган экан. У тожикистонлик йирик тижоратчи Искандар исмли шахс ихтиёридаги савдо марказида сотувчилик қилишини айтади.

- Бизнесимиздан тушган маблағдан давлат солиғию бошқа харажатларни вақтида тўлайман. Аммо сизларнинг ҳукуматингиз йўлга қўяётган тартиб-қоидалар бизга сал оғирлик қилади.

Масалан, мен ҳар доим ҳам паспорт расмийлаштиришга ўзимда имконият тополмайман. Агар янги тартиб ишга тушса, бу мен ва оилам учун муаммо бўлади, дейди Муин.

Айрим таҳлилчилар¸ янги қонун миграция жараёнини тартибга солиш баробарида мамлакат ички бозорини ҳимоялашига ишонч билдирмоқдалар. Мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов ҳам ана шундай фикрловчилардан.

- Бу дунёдаги барча давлатларда мавжуд бўлган тартиб. Тожикистон ҳам ўша давлатлар тажрибасига суянган ҳолда миграция жараёнини қонун доирасида жиловлар экан, бу ҳар томонлама яхши.

Бу билан тожикистонликлар ўзларида масъулият ҳис эта бошлайдилар, хорижликлар эса Тожикистон бедарвоза эмаслигини яхши англаб етадилар, дейди мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.

Аммо таҳлилчи Раҳматулло Валиев фикрича, тожик расмийлари йўлга қўймоқчи бўлаётган янги тартиб жамиятда порахўрликнинг яна бир поғона ўсишига туртки бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

- Агар бу ҳақиқатан мамлакатда миграция жараёнини маълум бир тартибга солиш мақсадида қабул қилинган жиддий қарор бўлса, яхши.

Аммо, менимча, янги тартиб кучга киргач, чет эллик ходимлар учун рухсатнома ололмаган иш берувчилар жарима ўрнига миграция идоралари ходимларига ширинкома таклиф қила бошлашлари, бу эса мазкур идораларда порахўрликни авж олдириб юбориши мумкин, дейди таҳлилчи Валиев.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Илёсовнинг билдиришича, сўнгги вақтлар иқтисодий бўҳрон таъсирида мамлакатда ўсиб бораётган ишсизликнинг олдини олиш учун ҳукумат келгусида хориждан келаётган ишчи кучига белгиланган квотани қисқартириш механизмларини ишлаб чиқаётир.
XS
SM
MD
LG