Линклар

Бўҳрон ҳукуматларни қулатмоқда


Европа Иттифоқининг жорий президенти бўлмиш Чехия Бош вазирининг истеъфога чиқарилиши¸ иттифоқнинг айрим ҳудудларидаги сиëсий мавҳумликни янада кучайтирди.

Европа Иттифоқининг жорий президенти бўлмиш Чехия Бош вазирининг истеъфога чиқарилиши¸ иттифоқнинг айрим ҳудудларидаги сиëсий мавҳумликни янада кучайтирди.

Парламент ишончсизлик билдирганидан сўнг¸ истеъфога чиқишга мажбур бўлган Чехия ҳукумати¸ глобал иқтисодий инқироз шамоли учирган навбатдаги Европа ҳукумати бўлди.

Иқтидордаги ҳукуматлар учун¸ ҳокимиятдан ҳайдалишнинг мақбул пайти¸ балки мутлақ йўқдир.

Аммо Чехия ҳукуматининг қулаши учун ҳозиргидан кўра нобопроқ вақт топиш қийин бўларди.

Мирек Тополанек ҳукумати мамлакат Европа Иттифоқининг жорий президенти бўлиб турган¸ айнан иттифоқ президенти сифатида АҚШ президенти Барак Обаманинг биринчи Европа сафари давомида уни Прагада қабул қилишга ҳозирланаëтган бир пайтда истеъфога чиқарилди.

Сешанба куни 200 ўринлик парламентдаги 101 депутат томонидан ишончсизлик билдирилган Тополанек ҳукуматининг қулаши¸ табиийки¸ унинг мухолифлари томонидан мамнуният билан қарши олинди.

- Мен бу ҳукумат ўз қилмишига яраша жавоб олди¸ деб ўйлайман. Бу ҳукумат иқтисодий инқироз сабаб туғилган муаммолардан бирортасини ҳал эта олмади ва бу бўҳроннинг Чехия иқтисодига таъсирини тўхтата олмади¸ деди собиқ бош вазир¸ ҳозирда эса мухолифат етакчиси Йири Парубек.

Гарчи Тополанекнинг коалицион ҳукумати 2007 йилда тузилганидан бошлаб анча омонат турган бўлса-да¸ мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг кескинлашуви¸ унинг қулашини тезлаштирди.

Тузилганидан бошлаб 200 ўринлик парламентдаги айнан 100 ўринни эгаллаб келган коалицион ҳукумат¸ ўз ичидаги тўрт депутатнинг мухолифат тарафга оғиши ҳисобига ҳокимиятдан четлатилди.

Ҳукмрон коалиция ичидаги низо ва келишмовчиликларни шарҳлаëтган сиëсий таҳлилчилар¸ унинг умрини қисқартирган асосий омил¸ глобал иқтисодий инқироз шамолининг Чехияда тобора кўпроқ сезила бошлагани эканини таъкидламоқдалар.

Зотан¸ Тополанек ҳукуматининг қулаши Европада бошланган айни жараëн занжирига уланган навбатдаги халқа бўлди¸ холос.

Ўтган ҳафта Венгрияда¸ ундан аввал эса Латвияда айнан иқтисодий инқироз билан рисоладагидай кураша олмаëтгани учун ҳукуматлар истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Шундай бўлса-да¸ Копенгагендаги Дания банкининг ривожланаëтган бозорлар бўйича таҳлилчиси Ларс Кристенсен¸ Чехияда ҳукумат қулаши ортида бошқа сабаблар устиворлик қилишини айтади.

- Марказий ва шарқий Европага қаралса¸ бўҳроннинг минтақа ҳукуматларини ниҳоятда кучли босим остида қўйганини кўриш мумкин. Венгрия Бош вазири¸ айнан инқироз сабаб истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Гарчи инқироз Чехия коалицион ҳукумати қулашида ҳам муайян рол ўйнаган бўлса-да¸ бу ролнинг анча кичик эканини айтиш лозим. Мен Тополанек ҳукуматининг икки йил ҳокимиятда қолганига¸ кўпроқ ажабланаман. Зотан бу коалициянинг асослари бошданоқ заиф эди¸ дейди даниялик таҳлилчи.

Марказий ва шарқий Европада глобал иқтисодий инқироз таъсири кўпроқ сезилгани сайин – иқтисодий ўсиш суръатлари пасайиб¸ ишсизлар сони ортиши билан бу инқироз босимидан қулайдиган ҳукуматлар сони ҳам кўпайиши мумкин¸ деб давом этади бу таҳлилчи.

- Бу ҳудудлардаги кўпгина давлатлар нафақат иқтисодий бўҳрон¸ балки ўз ғазнасига кучли зарба бераëтган молиявий бўҳронни ҳам бошдан кечирмоқдалар. Солиқ тушумлари камаймоқда¸ харажатлар эса¸ аксинча ортиб бормоқда¸ ишсизлик ортгани сайин¸ ишсизлик учун тўланадиган ижтимоий нафақа миқдори ошгандан ошиб бормоқда.

Бундай вазиятда ҳукуматлар молиявий авҳолни тузатиш учун кескин чораларга қўл уришга мажбур бўлмоқда. Бу чоралар эса¸ жамоатчилик қаҳрига учраб¸ ҳукуматлар тепасидаги сиëсий мавҳумликни кучайтирмай қолмаяпти¸ дейди Кристенсен.

Шу кунларда Чехия ҳукумати¸ айнан таҳлилчи тилга олган¸ сиëсий мавҳумлик даврига кирди.

Тополанек ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига президентлик муддати тугайдиган июн ойига қадар ўз ишини давом эттирадиган кўринади.

Жорий йил охири ëхуд келаси йил бошида ўтказилиши кутилаëтган сайловларга қадар кимнинг бош вазир бўлиши борасида эндиликда мамлакат президенти Вацлав Клаус қарор бериши лозим.

Тополанек¸ мамлакат учун коммунистлар билан тузиладиган коалицион ҳукуматдан кўра¸ муддатидан аввал ўтказиладиган сайловлар мақбуллигини қайд этмоқда.

Тополанекнинг асосий рақиби социал-демократлар раҳбари Йири Парубек эса¸ сайловларга қадар мамлакатни экспертлардан тузилган ҳукумат бошқариши керак¸ деган ишончда.
XS
SM
MD
LG