Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:01

Ўзбекистонсиз қолган ўзбеклар кўпаймоқда


Ғарбнинг тараққий қилган демократик давлатларида доимий қўним топгунга қадар¸ ўзбекистонлик бошпана изловчилар анча машаққатли даврларни бошдан кечиришга мажбур қолмоқда.
Ғарбнинг тараққий қилган демократик давлатларида доимий қўним топгунга қадар¸ ўзбекистонлик бошпана изловчилар анча машаққатли даврларни бошдан кечиришга мажбур қолмоқда.

Қочқинлар ишлари бўйича БМТ Олий комиссарлиги йиллик ҳисоботига кўра¸ дунëнинг бой давлатларидан турли сабабларга кўра бошпана сўраëтган ўзбекистонликлар сони ошиб бормоқда.

Қочқинлар ишлари бўйича БМТ Олий Комиссарлигининг “Саноатлашган давлатлардаги бошпана изловчилар: Кўлам ва тамойиллар” деб номланган ҳисоботига кўра, ўзбекистонликлар бошпана олиш учун Европа давлатларига кўпроқ мурожаат қилмоқдалар.

Агар 2008 йилнинг биринчи чорагида Европа давлатларига бошпана сўраб мурожаат қилган ўзбекистонликлар сони 226 кишини ташкил этган бўлса, йилнинг сўнгги чорагида улар сони 322 га етган ва йил давомида Европадан бошпана истаган Ўзбекистон фуқаролари сони 1179 тани ташкил этган.

БМТ рақамларига кўра¸ ўзбекистонликлар кўпроқ Швеция, Туркия ва Полша давлатларидан бошпана сўраганлар.

Кузатувчиларнинг айтишларича, хориждан бошпана истаётган ўзбекистонликларни уч тоифага бўлиш мумкин.

Биринчиси сиёсий қарашлари учун, икинчиси диний эътиқодлари учун мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган одамлар. Учинчи тоифа эса, Ўзбекистонда ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошира олмаган ёхуд яхши ҳаёт излаб мамлакатни тарк этаётганлар.

Ирландиядан бошпана топган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Абдужалил Бойматовнинг айтишича, унинг энг сўнгги дақиқаларгача Ўзбекистонни тарк этиш нияти йўқ эди. Лекин у бунга мажбур бўлган:

- Ижтимоий-сиëсий фаолиятимни активлаштирдим¸ жуда ҳам кўп пикетларда қатнашдим. Андижон воқеаларидан кейин ташкилотимиз аъзоларидан 16 киши қамалди. Ҳозирги пайтда ҳам 9 таси қамоқда.

Мен шу нарсаларни кўриб маълум бир лойиҳалар ëзган эдим. Ўша лойиҳаларни Сорос (Soros) фондига¸ Фронтлайн (Frontline) ташкилотига, АҚШ нинг USAID фондига жўнатган эдим. Ўша лойиҳа бўйича кейин мени Фронтлайн ташкилоти мени махсус стипендия билан Ирландияга олти ойга таклиф қилди.

Билмадим¸ шу Ўзбекистон ҳукумати менинг бу ëққа келишимни хоҳламадими¸ судя томонидан чақирув қоғози олдим. Шу қоғозга “паспортингиз билан келишингиз керак” деб ëзилган эди.

У пайт қама-қамалар роса кучайган пайт эди. Кейин мен жамиятимиз раиси Толиб Ëқубов билан бирга 2006 йил 31 июлда Ўзбекистонни тарк этдим¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Ўзбекистонда хорижий мамлакатлардан бошпана сўраётганлар сони Андижон воқеаларидан кейин кўпайди.

Ҳозирда Норвегияда яшаётган андижонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Улуғбек Бакиров ҳам таъқиблар боис мамлакатни тарк этганини айтади:

- Мухолифатдагиларга босим кучайиб кетгани учун мен ҳам Ўзбекистонни тарк этдим. 2005 йилдан кейин мен кетайми¸ кетмайми деб кўп ўйландим. Мен ўзи кетмоқчи эмас эдим. Лекин 2006 йилга келиб менга¸ туман бўлими аъзоларига таҳдидлар кучайиб кетди¸ дейди Улуғбек Бакиров.

Туркияда яшаётган Муса эса оддий намозхон бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистонда таъқибга учраганлиги ва шу сабаб хориждан бошпана топганини айтади:

- Бизнинг Ўзбекистондан кетишимизга сабаб бўлган нарса бизга нисбатан бўлган зулм эди. Динимиз буюрган нарсани қилиб яшаëтганимиз туфайли бизга зулм бўлгани учун чиқиб кетганмиз. Инсон у ерда ўз фикрини айта олмайди¸ бошқа тарафдан давлатнинг туҳматлари бор¸ Қуръон ўқитишга йўл қўйилмайди. Бунинг бошқа сабаблари ҳам кўп¸ дейди Муса.

Европа давлатларининг биридан бошпана олган яна бир андижонлик қочқиннинг айтишича, унинг мамлакатдан чиқиб кетишига тадбиркорлик фаолиятига ҳукумат томонидан қўйилган тўсиқлар сабаб бўлган:

- Ўзбекистонда яшаëтган пайтимда ўша яшаëтган ҳолатимдан яна ҳам яхшироқ яшашни хоҳлаган одам эдим. Мисол учун¸ мен ишхоналар очган эдим.

Қўлдан келганча ўзимнинг яхши яшашимни¸ бошқаларнинг ҳам яхшироқ яшашини хоҳлаган эдим. Бизнинг мана шу ҳаракатимизга ҳар хил тўсиқлар бўлган¸ дейди Европа давлатларидан бирида яшаëтган андижонлик қочқин.

Ўзбекистонлик шоир Ёдгор Обид ҳам Австриядан бошпана топган ижодкорлардан бири. Унинг сўзларига кўра, мустақилик йилларида жуда кўп, шоир ва ёзувчилар, журналистлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдилар:

- Мен ватанни тарк этганлар орасида биринчиларданман¸ десам ҳам бўлади. Мен 1992 йил май ойида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эдим. У пайт вазият жуда мураккаблашиб бораëтган пайт эди. Ҳар бир шоирнинг¸ ëзувчининг ëзаëтган ҳар бир сўзи назорат остига олинадиган бўлди¸ дейди шоир Ëдгор Обид.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги ҳисоботига кўра, комиссарликнинг жойлардаги бўлимларига ўзбекистонликлардан бошпана сўраб ёзилган аризалар тушиши фақат кўпайишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG