Линклар

Икир-фикрлар ëки Японда бор аламим маним

  • Сарвар Усмон

Гарчи илмий тасдиғини топиб¸ Гиннес рекордлар китобига кирмаган бўлса-да¸ 128 ëшга кирганини айтаëтган тўрткўллик Тўтихон ая Юсупова¸ ҳозирча Ўзбекистонгина эмас¸ дунëдаги энг кекса инсонлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Гарчи илмий тасдиғини топиб¸ Гиннес рекордлар китобига кирмаган бўлса-да¸ 128 ëшга кирганини айтаëтган тўрткўллик Тўтихон ая Юсупова¸ ҳозирча Ўзбекистонгина эмас¸ дунëдаги энг кекса инсонлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Иқтисодий шароитнинг оғирлиги¸ ижтимоий-сиëсий ҳаëт таъмининг тахирлигига қарамай¸ Ўзбекистонда ҳам 100 ëшдан ошганлар¸ маҳаллий матбуотга ишонилса¸ жуда камëб эмасдек.

Гиннес рекордлар китобининг узоқ умр кўрганлар рўйхатига киритилиши мумкин бўлган яна бир ўзбекистонлик момо тўғрисида ахборот агентликлари 25 март куни хабар тарқатди.

Аввалроқ 128 га кирган қорақалпоғистонлик Тўтихон Юсупова тўғрисида ўзимиз хабар қилган эдик.

Сўнгги хабарга қараганда, Сурхондарёнинг Ҳамкон қишлоғида туғилган Гулсара момо Бекмуродова 119 га кирибди.

Алам бир гап бўлар¸ аввал Гулсара момо яшаётган Сурхондарёдан олайлик гапни.

119 ни уриб қўйган момони безовта қилгимиз келмади. (Тополмадик, дейишдан осонроқда!)

Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси вакиласининг гапи мазмунидан, Гулсара момонинг Гиннес китобига киришига яна бир неча қовун пишиғи бор, деган фикр келиб чиқади.

- 129¸ 130¸ 120 дан ошган 100 дан ошиқ бўлган аëлларимизнинг ҳаммасининг рўйхати бор¸ деди вилоят Хотин-қизлар қўмитаси вакиласи.

Илғадингизми, 129, 130дан ошган момоларимиз бор, деяпти, Хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими.

Республика "Нуроний" жамғармаси Сурхондарё вилоят бўлими ходимидан мана бу маълумотни олдик.

- 100 дан ошганлар 200 дан ошиқ. 108-109 га кирган момолар Термиз шаҳрининг ўзида ҳам бор.

Озодлик: 200 дан ошиқ деганингиз бу Сурхондарë бўйичами?

- Ҳа.

Озодлик: Энг кексаси неча ëшда?

- Энг кексаси 129 ëш дедими.

Ёши 100 дан ошганлар тўғрисида "Термиз оқшоми" газетаси ҳам тез-тез ёзиб туришини билдик.

Газета бош муҳаррири Гелдимурод Саидмаликов илтимосимизга "лаббай", деб жавоб бериб, энг сўнгги мақолалардан биридан узиндини тингловчимизга илинди.

“Бугун Сурхон элида 100 ва 100 ëшдан ошган одамлар 200 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Уларнинг 26 нафари эркаклар¸ 129 нафари эса муҳтарама аëлларимиздир. Кексалик гаштини сураëтганларнинг олти нафари жаҳон уруши қатнашчиси. Олтинсойлик Зархол Ражабова эса яқинда 129 ëшга тўлдилар”.

"Термиз оқшоми"да ёруғ кўрган мақоладан парча эшитдик.

Ҳамкасбимиз Гелдимурод акадан Сурхондарё шароитида узоқ умр кўриш сирларини сўрадик.

Гелдимурод Саидмаликов: Масалан¸ Сурхондарëнинг ўзига хослиги бор. Нима дейди қуëшга....

Озодлик: Қуëшга яқинроқсизлар.

Гелдимурод Саидмаликов: Қуëшга жуда ҳам яқинда. Эҳтимол бунинг таъсиридир¸ эҳтимол шириндан-шакар меваларимизнинг¸ ичаëтган сувларимизнинг тозалиги¸ кексаларга берилаëтган меҳр-оқибат¸ кўрсатилаëтган ғамхўрликларнинг самараси¸ деб биламиз буни.

Озодлик: Гелдимурод ака¸ сиз узоқ умр кўришнинг ўзингиз ўйлаган сабабларини айтдингиз. Қарияларнинг ўзлари нима дейди? Нима учун бу қадар узоқ яшашипти?

Гелдимурод Саидмаликов: Биринчидан меҳнат қилиб келган¸ ўша меҳнатларининг самарасини кўрган одамлар. Яна овқатланишдаги тартиб¸ ўзининг соғлигига қараш¸ тез-тез даволаниб туришлар.

Ëз пайтида ўзининг ҳовлисида оëқяланг юриб оëқ тафт олади. Ҳамма оғриқлар¸ ҳамма захмлар кетади. Бу одамга қувват беради. Бу бир томони.

Иккинчиси¸ ғамхўрлик жуда яхши йўлга қўйилган. Масалан¸ бизларда қишлоқ врачлик пунктлари бор. У ерларда қари-қартанглар учун алоҳида ҳамширалар қўйилган.

Демак, узоқ умр кўрай десанг, Сурхондарёда яша!

Лекин изланишларимиз республиканинг бошқа вилоятларида ҳам ёши 100 дан ортганлар сонининг аҳоли умумий сонига нисбати Сурхондарёдагидай эканлигини кўрсатди.

Масалан, "Нуроний" жамғармаси Фарғона вилоят бўлими мутасаддисининг айтишича, бу вилоятда ëши 100 дан ошганлар сони 325 та.

Энди баъзи рақамлар.

Фарғона вилоятида 2 миллион 600 минг киши яшайди.

Вилоятда ёши 100 дан орган 325 киши яшамоқда.

Ҳисоблаб чиқдик: Фарғонада ҳар 100 минг кишига ёши 100дан ортган 13 киши тўғри келади.

Аҳолиси 1 миллион 600 минг кишилик Сурхондарёда эса, ҳар 100 минг кишига ёши 100 дан ортган 12 киши тўғри келади.

Шу икки кўрсаткичдан келиб чиқиб, Ўзбекистон бўйлаб ҳар 100 минг кишига ёши 100дан ортган 12-13 киши тўғри келади, деган хулосага келиш мумкин.

Мана энди¸ японлардан аламимиз ҳақида.

Маълумки, Япония ёшуллилари энг кўп мамлакат ҳисобланади. Бу ҳисобнинг рост-ёлғонлигини текшириб кўрдик.

Бир ишончли манба яқинда Кун Чиқар Юртда ёши 100дан ортган 36276 киши яшаётганини хабар қилган эди.

Шу кунда Японияда 127 ярим миллион киши яшайди.

Демак, ҳар 100 минг японга ёши 100дан ошган 28 қария тўғри келади.

Афтидан, ўзбекнинг "Қарини қопда сақла, ўлигини ҳафта сақла" маталига японлар кўпроқ амал қиладиган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG