Линклар

Гулнора Каримова буюмлари тақдимоти бўлади


Бугун Швейцариянинг Базел шаҳрида очиладиган соатлар ва заргарлик буюмлари кўргазмасида Ўзбекистон президенти тўнғичи Гулнора Каримованинг Chopard ширкати учун махсус тайёрланган Guli брендининг ноёб қимматбаҳо тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари тақдимоти бўлади.

Кўргазмадан кейин мазкур буюмлар бутун дунё бўйлаб Chopardнинг 150 дўконида савдога қўйилиши, савдодан тушган пуллар Ўзбекистондаги болалар лойиҳаларини қўллашга сарфланиши айтилмоқда.

Кўргазма арафасида Ирландияда бошпана топган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдужалил Бойматов Chopard заргарлик ширкатини Гулнора Каримовага бўлган муносабати ва қонли бриллиантларни ёдга солувчи унинг Guli брендини қўллаб-қувватлашни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, Guli заргарлик буюмларининг ҳар бирида Ўзбекистон халқининг қонию кўзёшлари бор ва мабодо Chopard Каримова билан ўз ҳамкорлигини давом эттирса, бу ширкат обрўсига путур етказиши мумкин.

- Мамлакатдаги оғир иқтисодий шароитда Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг энг бой аёлига айланган. Унинг бойликлари ҳалол йўл билан топилмаган, бу Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизи қашшоқлашуви ҳисобига топилган бойликдир.

Гулнора Каримова Ўзбекистон табиий бойликлари – газ, олтин, пахта ва бошқа бизнесларни тортиб олиш билан бойлик орттирган. Шунинг учун мен "Chopard" ширкатига мактуб ёзиб, Гулнора Каримова билан ҳамкорлик масаласини қайта кўриб чиқишларини сўрадим.

Унинг бизнеси Ўзбекистон халқининг қони ва оғир меҳнати ҳисобига яратилган, деб айтдим, дейди Абдужалил Бойматов.

Guli бренди муаллифи ва дизейнери сифатида кўриладиган Гулнора Каримова Chopard заргарлик ширкати билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқариш режаси ҳақда ўтган йили октябр ойида Ўзбекистонда ўтказилган мода ҳафталиги давомида маълум қилган эди.

Аммо Базелда бошланажак кўргазма арафасида Chopard ширкатидагилар бу ҳақда маълумот беришга тайёр эмасликларини айтдилар.
XS
SM
MD
LG