Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

МДҲ ижтимоий портлашдан огоҳлантиради


Постсовет ҳудудларидаги авторитар режимлар халқ орасида мавжуд ҳар қандай норозиликни бостиришнинг ягона йўли деб кучни¸ хусусан ҳарбий кучни биладилар.
Постсовет ҳудудларидаги авторитар режимлар халқ орасида мавжуд ҳар қандай норозиликни бостиришнинг ягона йўли деб кучни¸ хусусан ҳарбий кучни биладилар.

Ғарб давлатлари иқтисодий инқироз сабаб таранглашган ижтимоий кескинликни сиëсий-иқтисодий усуллар билан ҳал қилишга уринаëтган бўлса¸ МДҲ аъзолари бу йўлда ўз хавфсизлик кучларини сафарбар қилмоқдалар.

25 март куни Подмосковьедаги Россия Федерал хавфсизлик хизматиобъектларидан бирида МДҲ га аъзо давлатлар терроризмга қарши кураш марказлари раҳбарлари учрашиб, ёпиқ эшиклар ортида эҳтимолий таҳдидга қарши кўрилажак чораларни муҳокама этдилар.

Ушбу йиғилишда МДҲ аксилтеррор маркази раҳбари¸ милиция генерали Андрей Новиков иқтисодий инқироз ижтимоий инқирозга айланиши мумкинлигини таъкидлай туриб¸ Россияда ишсиз қолган меҳнат мухожирларининг ватанга қайтиши минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини айтган.

Москвадаги МДҲ аксилтеррор маркази расмий вакили Алексей Кутилин террорчи ва экстремистик ташкилотларнинг иқтисодий муаммолардан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишини айтади.

- Сўнгги вақтларда Россиядан кўплаб меҳнат муҳожирлари Марказий Осиёга қайтиб кетди. Асосан ишга лаёқатли ёшлардан таркиб топган мигрантлар бу ерда пул ишлаб яқинларига жўнатишарди.

Энди жаҳон иқтисодий бўҳрони сабабли уларнинг кўпчилиги ўз юртларига қайтиб кетди ва ишсизлар армиясига қўшилди. Бу борада пайдо бўлаётган хавотир шуки, уларни энди террорчи ва экстремистик ташкилотлар ўз сафига тортиши мумкин¸ дейди Алексей Кутилин.

Махсус хизматлар раҳбарларининг ушбу учрашувида терроризм ва экстремизм таҳдидининг ортишига қарши чоралар ҳам муҳокама этилганини маълум қилар экан, Кутилин бу сўзлашувлар тафсилотларига ортиқча тўхталишни истамади.

- Бу ҳақда гаплашган бўлсак ҳам¸ тўғри тушунинг¸ бу ёпиқ мавзудир. Бу чоралар ёпиқ эшиклар ортида муҳокама этилди. Мен биз муҳокама этган ушбу аниқ нарсалар ҳақда гапиришга ҳақли эмасман¸ деди МДҲ аксилтеррор маркази расмийси Кутилин.

Унга кўра, махсус хизматлар раҳбарларининг Москвадаги учрашувида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг “Бургут” бригадаси командирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Соатов ҳам иштирок этган.

Айрим хабарларга кўра, ушбу бригада ҳам 2005 йил Андижондаги ғалаённи бостиришда иштирок этган.

Минглаб меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга қайтиши мамлакатда ижтимоий вазиятни таранглаштириши ҳақда қатор таҳлилчилар кўпдан гапириб келмоқдалар.

Айни пайтда¸ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, мамлакатда ëмонлашаëтган иқтисодий вазиятдан норозиликни бостириш учун террорчилик ва экстремизм важлари ишга солинади.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, Россиядан келаётган мужда Ўзбекистон мисолида норозилигини озгина бўлсада намоëн этувчиларга нисбатан гатаъқибларнинг ортишини англатади.

- Иккита омилни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси¸ бу инстинктив фикрлаш. Яъни мана шу терроризм билан курашадиган ташкилот ўзининг аҳамиятини ўзи учун ҳис қилиш учун терроризм муаммосини бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилади. Шу орқали ўзининг фаолиятини ва мавжудлигини асослашга ҳаракат қилади. Бу¸ назаримда қонуният.

Иккинчиси¸ Марказий Осиë мусулмон давлатлари¸ айниқса Ўзбекистон учун яқинлашишга ҳаракат қилиш ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки Ўзбекистондаги сиëсий тизим айнан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш орқали¸ яъни шуни баҳона қилган ҳолда сиëсий режимни эффектив назорат қилишга ҳаракат қилиб келаяпти ва бунинг уддасидан чиқаяпти¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шундай қилиб Ғарбда иқтисодий бўҳрон оқибатларини олдини олиш учун ижтимоий ҳимоя кучайтирилаётган ва компанияларга ёрдам маблағлари берилаётгана бир пайтда, постсовет ҳудудида иқтисодий бўҳрон оқибатларини бартараф этиш учун хавфсизлик хизматлари сафарбар этилмоқда. Камолиддин Раббимов мана шу икки хил ёндошув сабабларига ҳам тўхталади.

- Нима қилади? Мана бу режимларда ресурс йўқ. Мана Ғарбда ҳам жуда танг ҳолат¸ лекин Ғарбда одамлар тушунадики¸ сиëсий ҳокимият бу жамиятнинг маҳсули. Авторитар жамиятларда ундай эмас. Авторитар жамиятларда ҳокимият ва халқ ўртасида конфронтация кучли.

Ҳокимият алоҳида бир инстанция¸ жамият алоҳида бир инстанция. Уларнинг орасида қарама -қаршилик бор. Улар бир -бирининг манфаатларини бир- бирига қарши курашиш орқали қондиради. Ўртадаги боғлиқлик кам.

Шунинг учун авторитар ҳукуматлар жамиятни бор ресурслар орқали бошқариб туришга ҳаракат қилади. Яъни “сабр қилиб туринглар¸ биз барча муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиламиз” дейди.

Яъни фақатгина сабрни таклиф қилади. Кимки сабр қилмаса¸ уни жазолашга ҳаракат қилади холос¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG