Линклар

Пхеньян қўшниларни ташвишга қўйди


Япония Шимолий Корея ўзининг баллистик ракетаси билан таҳдид қилган тақдирда уни уриб туширишга тайёрлигини айтмоқда.

Япония Мудофаа вазири Ясуказу Хамада мамлакат шимолида ракетага қарши мудофаа тизимларини жанговар шай ҳолатга келтиришга, ракета ва ё унинг бўлаклари Япония ҳудудига ўтадиган бўлса, уни уриб туширишга буйруқ берган.

Пхеньян расмийлари 4-8 апрел кунлари оралиғида Ернинг сунъий йўлдошини учиришга ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида билдирган, аммо Шимолий Кореяга қўшни давлатлар Пхеньян ҳукумати БМТ санкцияларига зид тарзда баллистик ракетани синовдан ўтказишга шайланаётганидан хавотирда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореянинг баллистик ракетасини синовдан ўтказиш ниятини "провокацион амал", дер экан, агар Пхеньян бу ниятидан қайтмаса, Қўшма Штатлар масалани БМТда кўтариши мумкинлигига ишора қилган эди.

Бугун Япония, Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар вакиллари Шимолий Кореянинг ракета синовлари билан боғлиқ масала юзасидан маслаҳатлашиш учун Вашингтонда бир орага келадилар.
XS
SM
MD
LG