Линклар

logo-print

Ганжиободда ичтерлама урчиди

  • Гулнора Равшан

Ичтерлама тарқалганига оид огоҳлантирувларга қарамай¸ пойтахт Душанбенинг шундоққина бурни тагида бу касалга чалиниб¸ нобуд бўлаëтганлар сони ошиб бормоқда.

Ичтерлама тарқалганига оид огоҳлантирувларга қарамай¸ пойтахт Душанбенинг шундоққина бурни тагида бу касалга чалиниб¸ нобуд бўлаëтганлар сони ошиб бормоқда.

Душанбе яқинидаги Ганжиобод шаҳарчаси аҳолиси ўзлари яшаётган ҳудудда ичтерлама билан оғриганлар сони кун сайин ортаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Душанбедан 16 километр нарида жойлашган Ганжиобод шаҳарчаси аҳолиси қишин-ёзин анҳордан сув ичади.

Ганжиободликлар ҳар йили бу ҳудудда эрта баҳорда ёмғир ёға бошлаши билан ичтерлама ҳуруж қилишини айтадилар. Уларга кўра, март ойи бошидан шу кунга қадар тахминан 400 га яқин киши ичтерлама билан оғриган.

Аммо Ганжиобод шаҳарчасидаги Соғлиқни сақлаш маркази бош врачи Шоҳмуҳаммад Саъдуллоев бу маълумотни тасдиқламади.

- Ганжиобод шаҳарчасида ичтерлама билан оғриганлар шу икки-уч кун орасида қайдга олинмади. Аввал шу касалга чалинганликда гумон қилиниб касалхоналарга ётқизилганларга аллақачон жавоб бериб юборилган, деди бош врач.

Ганжиободлик Абдуғаффор эса бирданига тўрт фарзанди ичтерламага чалиниб, Рудакий туман касалхонасига ётқизилганини айтади. Бироқ Абдуғаффор бундан икки кун аввал кичик ўғли Салимни уйга олиб келишга мажбур бўлган:

- Шифокорлар: “Палаталарда жой етишмаяпти, бир неча кунга уйга олиб кетинглар”, дейишди . Мана, уйга келдик, на сув бор, на даволашга шароит. Касаллик баҳорда ёмғирдан лойланган анҳор сувини ичишимиз туфайли тез тарқалаяпти, дейди норози оҳангда суҳбатдошимиз.

Абдуғаффорнинг қўшниси Нозанин ая ўзи ва қўшниларининг фарзандлари ичтерламага йўлиққанини айтади:

- Мижгона қўшнимнинг икки боласи ичтерламага чалинган. Бечора аёл бир кунда 100 сомоний сарфлаяпти шу икки боласини даволаш учун.

Уйида ҳеч нарсаси қолмади. Ҳамма нарсасини сотди. Биргина шу посёлкамиздан 420 одам шу касалга чалинди. Ахир бу ҳукумат қаёққа қарайди? Наҳотки бизнинг шаҳарчамиз Тожикистон харитасига киритилмаган бўлса, дейди Нозанин ая йиғлаб.

Бошқа бир суҳбатдошимизнинг айтишича, кўзи ожиз қўшнисининг биттаю битта фарзанди ўтган ҳафтада шу касалдан вафот этган:

- Бечора кўзи ожиз чол ўзи қўшним. Боласи шу касалдан ўлди. Энди бу одамга ҳамма шароитни қилиб беришса ҳам, жигарбандини қайтариб бериша олмайди, дейди ўзини Зулайҳо деб таништирган бу аёл.

Суҳбатдошларимизнинг аксарияти ўз болаларини мактабдан олиб қолаётганларини, чунки уларга ҳозир ҳаммадан ҳам фарзандларининг саломатлиги муҳим эканини таъкидладилар. Уларнинг айтишича, бир мактабнинг ўзидан 70 бола касалхонага ётқизилган.

Ганжободлик маҳалла раиси Ҳабибулло Азизов фикрича, ичтерлама касалининг аҳоли ўртасида тез тарқалишига аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланмагани сабаб бўлмоқда.

- Биз яшаб турган кўп қаватли биноларда тоза ичимлик суви умуман йўқ. Сувни атрофдаги анҳорлардан ташиб ичамиз.

Бу бино аввал республика нефт ва газ қўмитаси ходимларининг ётоқхонаси бўлган. Кейинчалик аҳолига берилган бу бинонинг сув қувурлари 10 йилдан буён таъмирланмаган. Канализациялар ҳам шунча йилдан буён ишламайди, дейди маҳалла раиси.

Айни пайтда¸ тожик расмийлари Ганжиободдаги аҳволни ўрганишга киришганлар.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Фотима Ёқубованинг билдиришича, шу кунларда ганжиободликлар ҳолидан хабар олиш ҳамда маҳаллий ва хорижий ахборот воситаларида ганжиободликлар номидан тарқатилган маълумотларни аниқлаш учун у ерга вазирликдан махсус гуруҳ юборилган.

Ундан ташқари, Душанбе шаҳар эпидемиология маркази мутахассислари улар сув ичадиган анҳор сувини текширишга киришган.
XS
SM
MD
LG