Линклар

Раҳмон динни чеклади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда 25 мартдан бошлаб кучга кирган дин тўғрисидаги қонун фуқароларнинг ўз иш жойларида намоз ўқишларини таъқиқлайди - бундан буён тожикистонлик намозхонлар ибодат қилиш учун масжидларга боришлари керак.

Тожикистонда 25 мартдан бошлаб кучга кирган дин тўғрисидаги қонун фуқароларнинг ўз иш жойларида намоз ўқишларини таъқиқлайди - бундан буён тожикистонлик намозхонлар ибодат қилиш учун масжидларга боришлари керак.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар эътирозларига қарамай, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунни имзолади.

Тожикистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Имомали Раҳмон 25 март куни бошқа бир қанча қонунлар қаторида “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун”ни ҳам имзолаган.

“Қайд этиш жоизки, имзоланган қонунлар биринчи галда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг ривожланиши ва қонунчилигимизни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган”, дейилади Тожикистон президенти вебсайтидаги нашр қилинган хабарда.

Бундан беш кун аввал Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни дин ҳақидаги қонунни имзолашдан тийилишга чақирган эди.

Комиссия хабарномасида “президент Имомали Раҳмон Тожикистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларга зид келувчи қатор шартларни ўз ичига олган ҳужжатни имзолашга тайёр” экани урғуланган эди.

Дунёдаги дин эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи Форум 18 ташкилоти вакили Феликс Корли ҳам¸ президент Имомали Раҳмон Тожикистондаги диний ташкилотлар фаолиятини ўта чеклаб қўювчи қонунга имзо чекканлигини таъкидлайди.

- Тожикистон президентининг эътиқод эркинлигини ўта чекловчи қонунга имзо чекканига доир хабар мамлакат ичкарисидаги бир қатор диний ташкилотларни ларзага солади. Улар шусиз ҳам сўнгги вақтларда ҳукумат босими остида қолган эди. Булар насронийлар, протестантлар, Иегова гувоҳлари каби диндорлардир.

Қонун имзоланишидан бир муддат аввал Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мазкур қонун лойиҳасининг бир неча банди бўйича ташвиш билдирган эди.

Америка халқаро эътиқод эркинлиги комиссияси ҳам айнан шундай эътироз билдирган эди. Бироқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон халқаро ҳамжамият фикрни эътиборга олмай, янги қонунга имзо чекиб юборди, дея таъкидлайди Феликс Корли.

Тожикистондаги сиёсий доиралар вакилларининг кўпчилиги ҳам худди шундай фикрдалар.

Жумладан, Тожикистон парламенти депутати Ҳожи Акбар Тўражонзода дин тўғрисидаги янги қонун аввалгисидан ер билан осмонча фарқ қилиб, у Тожикистон Конституциясига тамоман зид келишини келишини айтади.

- Янги Қонун аҳолиси 100 нафардан ортиқ бўлган қишлоқларгагина масжид қуришга рухсат беради. Агар бир қишлоқда 80 ёки 90 нафар яшаса-чи? Демак, қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол қилмоқда, дейди тожик депутати.

Тўражонзода тожикистонлик мусулмонларга иш жойларида намоз ўқиш таъқиқланганини қонундаги яна бир чеклов сифатида кўрсатиб ўтади.

- Қонун бўйича бундан буён мусулмонлар ўз идорасида эмас, балки масжидга бориб намозини ўқиши керак. Ахир ҳамма идора ҳам масжидга яқин жойда жойлашмаган-ку.

Демак, мусулмонлар намоз ўқишдан маҳрумлар. Ахир дунёнинг бир қатор давлатларида, жумладан, Америкада ҳам мусулмонларнинг намоз ўқишлари учун барча шароитлар қилиб берилган, дейди Тўражонзода.

Янги қонун ҳақида оддий тожикистонликларнинг ҳам фикри ижобий эмас.

Алишер Тожикистон Ислом университетини тугатган, айни пайтда у ўзи туғилиб ўсган қишлоқда болаларга диний таълим беради.

Аммо “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”янги қонун Алишерга тожикистонлик болаларга лицензиясиз таълим беришни таъқиқлайди.

- Дин тўғрисидаги қонунга оид хабар бизни жуда ташвишга солди. Лицензия олишга шароитим йўқ, дарс беришни тўхтатиб, уйда ўтирамиз энди. Бу мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилувчи ишдир, дейди Алишер.

Тожикистонда янги қонун имзолангунига қадар болаларнинг диний таълим олишлари эркин эди. Аммо бундан буён Таълим вазирлигининг расмий ижозатномасига эга бўлмаган қишлоқ домлалари болаларга диний таълим беролмайди. Илм истаган болалар қишлоқдан шаҳарга келишлари керак.

Ваҳдат туманида яшовчи Саодатхон аянинг болалари ҳам эндиликда кўпчилик қатори ўз қишлоғида диний таълим олиш имконидан маҳрум бўлди. Саодатхон ая фарзандларини Душанбе шаҳридаги масжидларга қатнатиб ўқитиш имконига эга эмаслигини, чунки улар мактабда ҳам ўқиши кераклигини айтади:

- Мен фарзандларимнинг болаликдан Қуръондан, Ислом динидан хабардор бўлишини истайман. Бу ҳар бир мусулмоннинг вазифаси. Қонун уларнинг диний таълим олишини чеклаб қўймоқда.

Ахир Тожикистоннинг аксарияти мусулмон. Биз мусулмончиликнинг қонун-қоидаларига амал қилишимиз керак. Бу нотўғри қонун. Ҳукумат мусулмонларнинг ҳуқуқини поймол қилаяпти, дейди Саодат.

Аммо суҳбатдошларимиз орасида “қонунга бўйсуниш ва унга амал қилишдан бошқа чора йўқ”лигини айтувчилар ҳам кам эмас.

Рудакий туманида истиқомат қиладиган Жаҳонгул аянинг фарзандлари ҳам аввал диний таълим олиб турганлар. Лекин суҳбатдошимиз эндиликда тожик расмийлари жорий қилган қонунга амал қилган ҳолда болаларини масжидга чиқармаслигини айтади.

- Энди жуда Ислом динидан хабарсиз қолаётгани йўқ болаларимиз. Мана, мактабларда Ислом дини, қонун ва қоидалари, ҳанафий мазҳаби асослари ўқитилаяпти.

Масалан, Абдулло ўғлимнинг мактабида Ислом дини тарихи, пайғамбарларимизнинг тарихи ўргатилаяпти-ку. Шулар етади, дейди Жаҳонгул ая.

Тожик жамиятида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур қонун жорий йилнинг 25 мартидан эътиборан кучга кирди.
XS
SM
MD
LG