Линклар

logo-print

Ўзбек Сенати ҳам инқирозни кўради


Дунë пойтахтларида иқтисодий инқирозга қарши кураш мавзуи долзарб бўлиб турган ҳозирги пайтда¸ Ўзбекистон Сенати ҳам бу "мода"дан четда қолмасликка аҳд қилган кўринади.

Дунë пойтахтларида иқтисодий инқирозга қарши кураш мавзуи долзарб бўлиб турган ҳозирги пайтда¸ Ўзбекистон Сенати ҳам бу "мода"дан четда қолмасликка аҳд қилган кўринади.

Ўзини мамлакат аҳолисини глобал иқтисодий бўҳрондан ҳимоя қилаëтган қилиб кўрсатиш учун бўлса керак¸ Ўзбекистон Сенати ҳам "Инқирозга қарши дастур" деб аталган режани муҳокама қилмоқчи.

Ўзбекистон Сенатининг навбатдаги йиғилишида йигирмадан ортиқ масала кўрилиши режалаштирилган.

ЎзА ахборот агентлиги хабар қилишича, йиғилишдаги муҳим масалалардан бири "Инқирозга қарши дастур" бўлиб, уни сўзсиз бажариш борасида маҳаллий хокимият органларининг роли ва масъулияти масаласига эътибор қаратилади.

“Жаҳон” ахборот агентлиги маълум қилишича, Сенат кенгашининг 26 март куни ўтказилган мажлисида ҳам айни мaсала асосий мавзулардан бири сифатида тилга олинган.

Халқ Демократик партиясининг республика бўлимида фаолият кўрсатаётган ходимнинг айтишича, "Инқирозга қарши дастур" юзасидан жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.

- Бизлар бу бўйича амалий ишлар қилганмиз. Йиғилиш дейдими¸ бошқа дейдими - кўплаб тадбирлар амалга оширганмиз.

Мана¸ дунë бўйича 20 талик давлатлар инқирозга қарши турли йиғилишлар қилиб ëтипти. Бизнинг мамлакатимизда ҳам бу борада катта ишлар қилинаяпти. Мана, президентимизнинг китоблари чиқди, дейди ХДП фаоли.

Биз маҳаллий ҳокимликлар билан боғланганимизда аксар вилоятларда инқирозга қарши қилинаётган амалий ишлар борасида бирор маълумот бера олмадилар - бирор маъсул-мутасадди “иш қилинаяпти”, “амалга оширамиз”, “дастурни¸ албатта бажарамиз” каби жавоблардан нарига ўтмади.

- Бу борада тегишли одамлар бор, корхоналар, ташкилотлар ишлаяпти. Қилинадиган ишларимиз, дастурларимиз бор, дейди жумладан Жиззах вилоят ҳокимлиги ходими.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовга кўра, Бухорода ҳам инқирозга қарши амалга оширилаётган конкрет ишлар кўзга ташланмаяпти.

- Кризисга қарши ҳукумат кўраëтган чора-тадбирлардан хабарим йўқ. Чунки бирор-бир ўзгариш бўлаëтгани йўқ.

Масалан, қишлоқ хўжалигини оладиган бўлсак¸ мен фермер сифатида ўзгариш сезаëтганим йўқ.

Ёки бу яқин орада бирор бир корхона қурилиб¸ одамлар иш билан таъминланганини кўрганим ҳам йўқ¸ эшитганим ҳам йўқ.

Инқирозга қарши бирорта ишдан бехабарман, дейди бухоролик фермер.

Лекин бошқа бир фермер - қорақалпоғистонлик Қубай Ортиқов эса ҳукуматнинг инқирозга қарши қилаётган ишларидан қониқишини айтади.

- Масалан, проценти кам, имтиëзли кредитлар берилаяпти, иш ўринлари ташкил қилиш учун. Иссиқхоналар қуриш учун кредитлар ажратилаяпти.

Фермерларга запчаст (эҳтиёт қисмлар – таҳр.) олиш учун қисқа муддатли кредитлар берилаяпти. Ҳаракат бўлаяпти.

Инқироз, инқироз деб бақириб ўтираверсанг, нима бўлади? Ахир бу касофатдан чиқиш керак-ку. Ҳаракат бўлаяпти, Худога шукур, дейди Қубай Ортиқов.

Ўзбекистонлик сиёсатчи Тошпўлат Йўлдошев мамлакатда ҳукумат томонидан инқирозга қарши амалга оширилаётган ишларни кўзбўямачилик, деб атайди.

- Ўзбекистон ўзи дунëдан ажралган мамлакат. Ўзбекистонга инқирознинг таъсир қилиши нисбий. Инқироз Ўзбекистонга бошқа тараққий этган давлатларга таъсир қилгандай таъсир қилмаяпти.

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг “инқирозга қарши курашаяпмиз" деган риторик сўзлари орқали, кўзбўямачилик билан қилаëтган ишларини парламент орқали¸ ҳокимиятлар орқали¸ маҳаллий органлар орқали “мана шу ишларни қилаëтганимиз учун бизга инқироз таъсир қилмади” деб кўрсатишга ҳаракат қилаяпти.

Ҳукумат ўзининг қанчалик фаоллигини халққа сўзлар орқали, пропаганда орқали етказмоқчи бўлаяпти, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Лекин Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими Тўлқин Бобоқулов глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистон таъсири бўлиши мумкинлигини айтиб, энг аввало, бунда Ўзбекистон фойдаланаётган хорижий кредитлар ва халқаро инвестициялар хавф остида қолиши ҳақида гапиради.

- Жуда нуфузи баланд бўлган¸ барқарорлик даражаси юқори бўлган Европа банкларидан биз даромад оламиз. Улар бизларга фоиз тўлайди.

Бу инқироз биз ишониб келган банкларни ҳам, корхоналарни ҳам оғир аҳволга солиб қўйди.

Айни пайтда хорижий банкда муаммолар кўпаётгани учун¸ жойлаштирилган маблағнинг қайтмаслик риски юзага келади, дейди Тўлқин Бобоқулов.

Иқтисодий таҳлилчи Комрон Алиев эса, молиявий инқироз Ўзбекистоннинг экспорт бозорига салбий таъсир кўрсатишини айтади.

- Ўзбекистон ўз товарини халқаро бозорларга чиқаради. Масалан, газ чиқаради, нефт чиқаради, уран сотади, пахта толаси сотади.

Буларнинг ҳаммасига бўлган талаб чет эл бозорларида камаяди. Чунки у ерда кризис натижасида иқтисодий тараққиëт тўхтаб қолаяпти, дейди Комрон Алиев.

Таҳлилчиларга кўра, жаҳон молиявий инқирозининг Ўзбекистонга таъсирида маҳаллий ишлаб чиқариш кўлами нисбатан камайиши мумкин, лекин Ўзбекистонда аҳолининг жамғармаларга қизиқиши камлиги ҳамда мамлакатда ипотека ва суғурта тизими кенг кўламда ривожланмаганлиги боис бу соҳаларда иқтисодий бўҳрон кузатилмайди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонга ҳам глобал молиявий инқироз шамоллари кириб келмоқда.

Хусусан¸ кейинги ойларда мамлакатнинг айрим ҳудудларида нақд пул муаммоси кузатилиб, жойларда нафақа пуллари, ойлик маошлари ўз вақтида берилмаётганлиги кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG