Линклар

Ҳукм яна кучда қолди

  • Абдулла Искандар

Қорақалпоғистон Олий суди қарори¸ мустақил журналистнинг озод этилишини кутаëтганлар ҳафсаласини янада пир қилмай қолмади.

Қорақалпоғистон Олий суди қарори¸ мустақил журналистнинг озод этилишини кутаëтганлар ҳафсаласини янада пир қилмай қолмади.

25 март куни Қорақалпоғистон Олий суди, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Солижон Абдураҳмоновга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдириш ҳақда қарор чиқарди.

Бу воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Солижон Абдураҳмоновнинг укасига телефон қилдик.

Озодлик: Ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан теелфон қилаяпман. Исмим Абдулла Искандар. Солижон Абдураҳмоновнинг ҳукми ўзгаришсиз қолди¸ дейишаяпти. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

- Мен ҳаммасини аллақачон интернет орқали тегишли жойларга жўнатиб юбордим. Ўша ëқда чиққан хабарларнинг ҳаммаси шу масала билан боғлиқ. Бўпти раҳмат¸ саломат бўлинг¸ дея суҳбатни у бошланмай турибоқ кесиб қўйди маҳбус журналистнинг укаси.

Солижон Абдураҳмонов яқинларига кўра¸ Қорақалпоғистон Олий суди назорат комиссияси Абдураҳмонов ишини, Ўзбекистон Олий суди талабига кўра қайта кўриб чиқиб олдинги суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Бу маълумотни ҳимоячи Рустам Тўлаганов ҳам тасдиқлади.

Рустам Тўлаганов¸ Солижон Абдураҳмонов 2008 йилнинг октябр ойида наркотик моддаларни сотишга уринишда айбланиб¸ 10 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса-да¸ маҳкама жараëнида унинг айбини исбот қилувчи далил исботлар топилмаганини таъкидлайди.

Рустам Тўлаганов: Чунки унинг қўл изи топилмаган эди. Айбловда кўрсатилган опиум¸ наша пакетларида унинг қўл изи топилмаган.

Озодлик: Ҳозир ҳимоя имкони қолдими? Ҳамма инстанциялар тугадими?

Рустам Тўлаганов: Йўқ¸ ҳали тугагани йўқ. Олий судда тугаган. Олий суддан кейин мен билан ҳеч ким шартнома тузмаса¸ мен уни ҳимоя қила олмайман. Менинг ваколатим тугайди. Яна ордер олиш керак.

Озодлик: Олий суддан кейин нима бўлади?

Рустам Тўлаганов: Олий суддан кейин агар яна кучда қолдирган бўлса¸ ҳозир яна Олий судга мурожаат қилиш керак. Мен Солижонга тегишли деб айтилаëтган пакетлардан унинг бармоқ излари топилмагани бу пакетларнинг унга тегишли бўлмаганидан далолат беришини исботлаб берганман. Шунинг учун Олий суд қайтариб берган эди.

Аслида ҳам шунақа бўлган. Уйига 150 метр қолганда уни тўхтатишган. Ўша ерда иккита ит билан милиция ходимлари турган. Машина бир ҳафта ремонт қиладиган жойда ëтган. Кейин уни қариндошлари Тошкентдан олиб келиб беришган. У машинасида нима бор¸ нима йўқлигини билмаган.

Кейин шу пайтда машинани кўчага улоқтириб чиқариб ташлашган. Машина бир кеча кўчада турган. Иккинчи куни машинани ëқиб¸ уста олиб келиб ҳайдагандан кейин милиция ходимлари тўхтатаяпти ва машинасидан наркотик солинган пакет топаяпти. Бу ажабланарли ҳол эмасми?

Бир ҳафта турганида ҳеч ким индамаган. Орган ходимлари пайдо бўлиб машинанинг атрофида айланиб юришган. Бундан келиб чиқадики¸ буни орган ходимлари қилган. Бу уюштирилган иш. Чунки пакетларнинг биттасида ҳам унинг бармоқ изи йўқ. Агар бу пакетлар Солижонники бўлганида¸ бармоқ излари бўлиши керак эдику. Бу пакетни скоч билан ўраган одам Солижон бўлиши керакми ë бошқами? Ахир скочда қўл изи қоладию.

Мен 16 йил терговчи бўлганман¸ шунинг учун биламан. Наркотик қанақа ўралади¸ қанақа дозага бўлинади¸ мен уни тергов қилавериб¸ суягим ўшанда қотган. Бу ерда биттаси “мен пожарныйман” деб келиб машинани кўчага чиқариб юборган ва машина ҳеч қандай қоровулсиз кўчада бир кун турган. Наркотик модда у машинада борлигини билган одам олиб кетиб қолардию. Кечаси келиб олиб кетарди уни.

Солижон “Бу меники эмас. Ҳамма ялаб кўрди¸ мен ҳам ялаб кўрдим. Ҳамма ушлаб кўрди¸ мен ҳам ушлаб кўрдим” деяпти. Қўлидан¸ лабидан топилган нарса ўша. Агар у багажникка қўйган бўлса ëки бекитган бўлса¸ шунда Солижоннинг айби бўлади.

Ҳақиқатан гувоҳлар иштирокида унинг қўл изи борлигини ва унинг ўзи қўйганини исботлаганида бошқача бўлар эди. Мен ҳам адвокат сифатида уни ҳимоя қила олмасдан қолардим. Лекин бунақа ҳолат йўқ. Шунинг учун ҳам унинг ҳеч қанақа айби йўқ¸ дейди қамоқда қолаëтган журналист Солижон Абдураҳмонов ҳимояси билан шуғулланган Рустам Тўлаганов.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Солижон Абдураҳмонов касбий фаолиятига кўра тазйиқ қилинмоқда¸ деган фикрни айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG