Линклар

Тушликка ҳам етмайдиган маош таклиф этилди

  • Садриддин Ашур

Агар меҳнат биржалари таклиф қилаëтган иш билан кун кўриш мумкин бўлганда эди¸ минглаб ўзбекистонликлар кунини мардикор бозорда мижоз кутиб сарғайиш билан ўтказмас эди¸ дейди кузатувчилар.

Агар меҳнат биржалари таклиф қилаëтган иш билан кун кўриш мумкин бўлганда эди¸ минглаб ўзбекистонликлар кунини мардикор бозорда мижоз кутиб сарғайиш билан ўтказмас эди¸ дейди кузатувчилар.

25-26 март кунлари Тошкентдаги Навоий боғида шаҳар ҳокимияти ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркасини ўтказди. Кузатувчиларга кўра, бу ерга иш излаб келганлар кўп бўлган эса-да¸ аксарият иш ўринлари яна эгасиз қолган. Нега?

Бу ярмаркада шахсан иштирок этган Абдулла Тожибой ўғлининг айтишича, бўш иш ўринлари ярмаркасида ёшларга жуда кўп ишлар таклиф қилинди:

- Менинг айланиб кўришим бўйича¸ туманларнинг ҳаммаси эмас олти-етттитаси ўз кўргазмалари¸ ўз таклифлари билан чиқишган. Бу ерда ҳар хил соҳада иш кўрсатилган. Электриклик¸ ошпазлик¸ фаррошлик¸ боғбон ва ҳоказо¸ дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғлининг айтишича, ярмаркада таклиф этилган иш ўринларининг ойлик маоши 60 мингдан 200 минг сўмгача бўлган. Лекин 200 минг сўмлик маошли иш ўринлари жуда кам ва алоҳида мутахассислик ва диплом талаб қиладиган раҳбарлик ишларидир:

- Масалан¸ қоровулга 66 минг бўлса¸ қандайдир бир илмий ходим ëки бўлмаса ташкилот ëрдамчисига 200 минг атрофида пул таклиф қилинаяпти¸ дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Тошкентлик Шавкат Усмонов эса, бундай ярмаркаларга у бир неча марта боргани, лекин тайинли бир маош берадиган иш тополмаганини айтади:

- Мен жон-жон деб борардим. Мен агар борсам¸ ўша ердан ўзимга тўғри келадиган ишни¸ албатта¸ топаман. Биринчидан мен авиационний техникумни қизил диплом билан тугатганман. Иккинчидан институтни битирганман¸ математика ўқитувчисиман. Мен любой ярмаркага борсам ўзимга мос келадиган ишни албатта топаман. Лекин бу таклиф қилинаëтган ишларнинг ойлиги бизнинг қора қозонни қайната олмайди.

Ўша ҳунарга яраша ойлик тайинланган бўлганда эди¸ жон-жон деб инженерский ëки технологический соҳа бўйича¸ албатта¸ топган бўлардим. Демак таклиф қилинаëтган иш ўринларининг ҳаммасининг ойлиги паст.

Менинг охирги ўқиган эълонимдаги иш нари борса 75 минг¸ 80 минг сўмлик иш. Ҳозир 80 минг сўм билан якка одамнинг ўзи яшай олмайдию. Кийиши бор¸ ейиши бор¸ даволаниши бор¸ транспорти бор. Ҳозир ойлик йўл чиптасининг ўзи 40 минг.

Мен 80 минг тўлайдиган ишга кирсам¸ 40 минг сўмга проездной олсам¸ қолган 40 минг сўми менга нима бўлади? Тушлигимга ҳам етмайдику. Нонушта билан кечки овқатни қўшмаса ҳам бўлади¸ дейди Шавкат Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, корхона ва ташкилотлардаги маоши кўп иш ўринлари раҳбарларнинг қариндош ва танишларидан ортмайди:

- Ундан қолган гўштини шилиб олиб қуруқ суякнинг ўзи қолади. Ана улар кейин ҳисоботга тушиб¸ эълонга тушиб¸ ярмаркаларда қатор қилиб ëзиб қўйишади¸ дейди Шавкат Усмонов.

Айни шундай тадбирлар вақт-вақти билан Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ҳам ўтказилади. Фарғона вилоятидаги туманларнинг биридаги аҳолини иш билан таъминлаш биржасида ишлаётган бу одам ўз исмини ошкор қилишни истамади. Унинг айтишича, бундай ярмаркалар фақат хўжакўрсинга ўтказилади:

- Корхоналари бор шаҳарларда ишчи ўринларга муҳтож ташкилотлар бор. Лекин ойлик қониқтирмаганлиги учун ҳеч ким бормайди¸ дейди Аҳолини иш билан таъминлаш биржасида ишлаётган ходим.

Таклиф этилаётган иш ва унга бериладиган маош 60 минг сўмдан ошмайди, дейди меҳнат биржасида ишлайдиган бу одам. Шунинг учун ҳам одамлар, мардикор бозорига чиқиб ишлашни афзал кўрадилар:

- Одамлар мардикорлик қилаяпти. Кунига 6000¸ 7000 ҳатто 10000 гача ишлаëтганлар бор¸ дейди меҳнат биржасида ишлайдиган бу одам.

Хўш, давлат корхоналари иш ўринлари учун таклиф этилаётган маошлар мардикор бозоридан ҳам паст экан, унда нега ҳукумат бундай ярмаркаларни ўтказади. Бунинг сабаби нимада? Бу саволимизга бу одам шундай деб жавоб беради:

- Ташкилий ишда. Аслида номига бўлади. Бу нарса ахборот учун¸ информация учун қилинади. Телевидение келади¸ дейди меҳнат биржасида ишлайдиган бу одам.

Тошкентлик Шавкат Усмонов бундай ярмаркаларни шунчаки кўзбўямачилик дейди:

- Бу ҳаммаси корчалонлик. Оғизда кар-кар қилиш. Ҳамма тушунадику. Бунақа эълонлар¸ бунақа жойлар тиқилиб ëтибди. Чорсудаги мардикор бозорда ҳам шунақа нарсаларни ëзиб¸ ëпиштириб ташлашган. Ойлигининг мазаси йўқ.

Улар таклиф қилаëтган ойлик нафақат мени¸ ўша бозорда юрганларни ҳам қониқтирмаса керак. Агар қониқтирганда¸ одамлар мардикор бозорида сарғайиб ўтирмасдан¸ ўша ëққа бориб ишлаб юрган бўларди. Бу чет элликларни кўзини бўяш учун чиқарилаëтган қуруқ сафсата гапнинг ўзи бу¸ дейди Шавкат Усмонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG