Линклар

Тожикистонда ўзбек мардикорлари кўпайди


Тожикистонга борган ўзбек мардикорларининг асосий қисми шахсий уй қурилишларида ишламоқдалар.

Тожикистонга борган ўзбек мардикорларининг асосий қисми шахсий уй қурилишларида ишламоқдалар.

Жорий йил 1 апрелидан Тожикистонда ишлаш ва мардикорликка бориш учун расмий рухсатга эга бўлмаган муҳожирлар ҳамда уларга иш берувчилар жазоланадиган бўлди.

Сўғд вилоятида тожикистонликларни ғайриқонуний равишда мардикорликка олиб кетаётган Қозоғистон фуқароси ҳибсга олинди.

Бир ҳафта олдин мана шундай айблов билан Қирғизистон фуқароси қўлга олинган эди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида истиқомат қилувчи 44 ёшли Дилдор Собитов йигирма нафардан ортиқ тожикистонликларни республикадан олиб чиқиб кетаётганида қўлга олинган.

Вилоят миграция хизмати раҳбари Шуҳрат Аҳмедовнинг айтишича, Дилдор Собитов жиноий жавобгарликка тортилади.

-Мазкур масала юзасидан шуни айтмоқчиманки, жорий йил 1 апрелидан мухожирлик ҳақида махсус фармон кучга кирди. Ана шу ҳужжат асосида Қозоғистон фуқароси Тожикистон Жиноий кодексининг икки моддаси бўйича, яъни паспорт режимини бузганлиги ва расмий ҳужжатсиз мардикорларни ғайриқонуний равишда республикадан олиб кетишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Айни пайтда Қозоғистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очилган,тергов давом этяпти, дейди Шуҳрат Аҳмедов.

Вилоят миграция хизматидан олинган маълумотларда айтилишича, жорий йилнинг сўнгги икки ойи давомида икки мингдан ортиқ сўғдликлар қонуний равишда Россия ва Қозоғистонга мардикорликка кетган.

Шуҳрат Аҳмедовнинг айтишича, айни пайтда Тожикистонга ишлаш учун келаётган хорижлик фуқаролар сони ҳам аввалги йилларга нисбатан кўпайган.

Агар илгари бу мамлакатга ишлаш учун фақат Ўзбекистон фуқаролари келган бўлса, ҳозир Қирғизистон фуқаролари ҳам келмоқда.

Бундан ташқари вилоятда уч мингдан ортиқ хитойликлар меҳнат қилмоқда.Улар асосан Душанбе - Хўжанд - Чаноқ йўл қурилишида меҳнат қилишмоқда.

Лекин норасмий равишда меҳнат қилаётганларнинг асосий қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Тожикистонда мардикорлик қилаётган ўзбекистонлик йигитлардан бирининг айтишича, Тожикистонда Ўзбекистондагига нисбатан кўпроқ иш ҳақи тулайдилар.

- Далада, дехқон хўжаликларида яхши ҳақ тўланмайди. Завод, фабрикалар ҳам ишламайди.Ишласангиз ойлик бермайди, нима қиламан у ерда хор -зор бўлиб.

Масалан, пахта мавсумини олсак, ўша пайтда ҳам сариқ чақага ишлаймиз. Тирикчиликка етмайди.

Умуман олганда, бу ерда мардикорлик қилиб, Ўзбекистондагига нисбатан икки баравар кўп пул ишлаш мумкин, дейди мардикор йигит.
Навбатдаги суҳбатдошимиз Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан. У кўпчилик қатори Россияга кетмай, Тожикистонда мардикорлик қилиши сабаблари ҳақида гапирди:

-Менга узоққа бормай яқин жойда ишлаганим яхши. Чунки, уйга бориб келишим осон, ўзимизни мусулмонлар, бир - биримизни яхши тушунамиз. Иш ҳақи ҳам чакки эмас, шароитлар ҳам яхши. Мен яшаётган жойда фабрика ёки заводлар бор , лекин у ердаги бир ойлик иш ҳақини бу ерда бир ҳафтада топаяпман, деди суҳбатдош.

Конибодомлик иш берувчиларнинг айтишларича, ўзбекистонлик мардикорлар энг арзон ишчи кучидир.

-Бир пайтлари ўзи мардикор бўлиб ишлаган, кейинчалик Россияга кетиб меҳнат қилиб қайтган қўшним бугун мардикор ёллаб уй қурмоқда.

Айтмоқчиманки, бугун Конибодом туманидаги қайси қишлоқда бўлманг, Бешариқ, Қўқон, Фарғонадан келиб мардикорлик қилаётган ўзбекистонликларни учратиш мумкин.

Муҳими, Ўзбекистонлик мардикорлар астойдил, сидқидилдан меҳнат қилишади. Улар ҳақиқтан ҳам ўз ишларининг усталаридир, дейди мардикор ёллаган конибодомликлардан бири.

Янги фармонга асосан хорижлик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тожикистон қонунларига амал қилмаган ҳолда ишга жалб этаётган алоҳида шахсларга 13 долларгача, ҳуқуқий шахсларга эса 80 долларгача жарима белгиланган.
XS
SM
MD
LG