Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Қозоқ масжидларининг "сиёсий жума"си


Қозоғистондаги барча масжидларда жума куни президент Назарбоевнинг халққа қилган мурожаати ҳақида гап борди.
Қозоғистондаги барча масжидларда жума куни президент Назарбоевнинг халққа қилган мурожаати ҳақида гап борди.

Қозоғистондаги барча масжидларда жума намоз вақтида имомлар президент Нурсултон Назарбоевнинг халққа қилган мурожаати ҳақида масала қилдилар.

Қозоғистондаги имомлар оммавий равишда қозоқ ҳукумати юритаётган сиёсат тарғиботига киришдилар.

27 март куни бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққан Олмаота шаҳри марказий масжиди бош имоми Қулмуҳамбет Маҳамбет мамлакатдаги барча масжидларда ўқиладиган ярим соатлик жума намози вақтида президент Нурсултон Назарбоевнинг халққа йўллаган мурожаати ва мамлакатда кузатилаётган молиявий инқироз мавзусида гапирилишини маълум қилди.

Унга кўра, мамлакатда кузатилаётган молиявий инқироз қийинчилик эмас, балки Яратган томонидан юборилган синов бўлиб, мамлакатдаги барча расмий масжид имомлари қозоғистонлик мусулмонларни молиявий инқироз шароитида сабрли бўлишга даъват этишлари лозимдир.

- Оллоҳ таоло одам боласини турли қийинчиликлар билан синайди. Мусулмонлар бундай синовдан қўрқмайди. Яратган синовни фақат суйган бандасига юборади, - деди Олмаота марказий масжиди бош имоми Қулмуҳамбет Маҳамбет.

Журналистларнинг “Намоз пайтида имомларнинг бундай мавзуда фикр юритишлари диннинг сиёсатга аралашаётганидан дарак эмасмикан”, қабилида берган саволига имом қўйидагича жавоб берди:

- Ҳосиятли Қуръони каримда ояти карима бор. Унда “Аллоҳ, унинг пайғамбари ва Худонинг ердаги сояси бўлмиш амирингизга бўсунинглар”, дейилган.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг халққа йўллаган мурожаати эса қозоғистонликларни бирликка ундайди, шунинг учун биз уни қўллаб-қувватлашга мажбурмиз,- деди имом.

Аммо кузатувчилар Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг мамлакатдаги барча масжидларда имомлар президент Нурсултон Назарбоевнинг халққа йўллаган мурожаати ва мамлакатда кузатилаётган молиявий инқироз вақтида мусулмонларни сабрли бўлишга қилган даъватлари мамлакат Конституциясида келтирилган давлатнинг диндан ажратилгани ҳақидаги моддасига мутлақо зид эканини билдирдилар.

Масалан, Хелсинки инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси диний бирлашма ҳисобланиши ва мамлакатнинг “Диний бошқармалар ва дин эркинлиги ҳақидаги” қонунига мувофиқ, диний бирлашманинг сиёсатга аралашуви қонунбузарлик ҳисобланишини таъкидлади.

- Конституция бўйича диннинг сиёсатга аралашуви мутлақо таъқиқланишидан келиб чиққан ҳолда, мен Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳаракатини чинакам сиёсий акция сифатида баҳолайман,- деди Фокина.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг ходимаси Анара Ибраева эса, сўз эркинлиги борасидаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳам унутмаслик кераклигини айтади:

-Хусусан, диний ташкилот раҳбарлари ҳам ана шу сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақлидирлар,- деди қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG