Линклар

Фермер яна зиёнда


Ўзбекистонлик фермерларнинг айтишларича, деярли уч йилдан бери сувсизлик туфайли давлат режасини бажара олмаяптилар, ҳукумат эса режани бажара олмаган фермерларга миллион сўмлаб жарима солмоқда.

Ўзбекистонлик фермерларнинг айтишларича, деярли уч йилдан бери сувсизлик туфайли давлат режасини бажара олмаяптилар, ҳукумат эса режани бажара олмаган фермерларга миллион сўмлаб жарима солмоқда.

Ўзбекистонлик фермерлар сув танқислиги муаммоси ҳал этилмаётгани туфайли ҳосилнинг чўғи бўлмаётгани, бунинг натижасида эса бу йил ўтган йилларга нисбатан кўпроқ зиён кўришлари мумкинлигидан ташвишдалар.

Ўзбекистонда жорий йилда ҳам сув тақчиллиги бўлиши кутилаяпти.

Ўтган йили сув камлиги боис режадаги ҳосилни ололмаган фермерларнинг айни пайтда боши қотган.

Хоразмлик фермер Отаназар Оллабергановга кўра, хоразмлик фермерлар 2006 йилдан буён сув тақчиллигидан азият чекишаяпти.

-Ҳозирда Хоразмда деярли сув йўқ. Ариқларда озгина сув бор. Бироқ ариқни тагида оқаётган бу сув ҳаммага етмайди.

Бу миқдордаги сув фақат бир-икки фермерга етади, холос. Бошқа фермерлар нима қилади? Масалан, бизнинг Охунбоев номли қишлоғимизда юздан зиёд фермер бор, дейди Отаназар Оллаберганов.

Қорақалпоғистонлик фермер Кубай Ортиқов ҳам сув камлигидан хавотирда.

Кубай Ортиқов Хўжайли туманидаги “Боға Раҳмон” фермер хўжалиги раҳбари.

У жорий йилда фермер хўжалигини кенгайтириб, экин майдонини 100 гектардан оширди. Бироқ Кубай оға сув муаммоси кўнгилдагидай ҳосил олишга тўсқинлик қилишидан ҳафа.

-Қорақалпоғистонда сув жуда ҳам танқис. Сув борасида жуда катта муаммога эгамиз. Сув бўлмаса нима қилиш мумкин?

Бу йил ўтган йилдагига нисбатан ҳам сув кам бўлади, деган гап бор. Лекин Худодан яхши умид қиламиз, дейди Кубай Ортиқов.

Хоразмлик фермер Отаназар Оллаберганов ўтган йили сув тақчиллиги кўплаб фермерларнинг инқирозга учрашига сабаб бўлганини айтади.

-Ўтган йили фермерларнинг кўпчилиги банкрот бўлди. Давлат режаларини бажара олмадилар.

Ўтган йили аксар фермерлар қилган ҳаражатларини қоплай ололмадилар. Лекин мен режани ошиғи билан бажардим. Захкашдан насос орқали сув олиб, далаларимни суғордим. Ишқилиб, бир амалладим.

Лекин кўпчилик қилган меҳнатига куйиб қолди, дейди Отаназар Оллаберганов.

Сув тақчиллиги бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовни ҳам қийнаяпти.
“Чамангулбиби” фермер хўжалиги раҳбари Бобомурод Раззоқов 51 гектар ер майдонида буғдой етиштираяпти. У яна 49 гектар майдонга пахта чигити экишни режалаштирган.

-Агар бу йил ҳам сув кам бўлса жуда катта зарар кўрамиз. Ўтган йили сув масаласида фавқулодда вазият кузатилиб, фермерлар сувсиз жуда қийналди.

Лекин шундай бўлса ҳам ҳукумат сув камлигини инобатга олмади. Сув танқислиги туфайли режани уддалай олмаган фермер хўжаликлари жаримага тортилди.

Ҳукумат режани бажара олмаган фермерларни ёппасига жаримага тортиб, фермерлардан миллион-миллион сўм пулни ундириб олди.

Ҳукумат фермерларга нисбатан “Ўзинг учун ўл етим” деган мақолни қўллаяпти, яъни ҳукумат зўровонлик усулига ўтиб олган, дея нолийди бухоролик фермер.

Бобомурод Раззоқов бу йил ҳам сув кам бўлса фермерлар ўтган йилга нисбатан кўпроқ зарар кўришлари мумкинлигини айтади.

- Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги сув муаммолари сиёсий йўллар билан ечимини топмагунича, аҳволимиз оғирлашиб бораверади.

Президентимизга кўрсатма бера олмасак ,“Сен жўра, бориб Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон билан келишиб олгинда, сув муаммосини бизга ҳал қилиб бергин”, деб айта олмаймиз.

Энди президент бўлса у киши. Бугунги кунда юритилаётган сиёсат натижасида қишлоқ хўжалигининг инқирозга юз тутиш эҳтимоли пайдо бўлди, дейди Бобомурод Раззоқов.

Амударё сув ҳавзалари бирлашмаси мутахассиси Маримбой Сапарбоев бу йил сув билан боғлиқ вазият ўтган йилга нисбатан яхшироқ бўлиши кутилаётгани ҳақида гапиради.

-Ҳозирча қўлимизда мавжуд маълумотларда “Сув муаммоси ўтган йилгидан кучлироқ бўлади”, деган гап йўқ. Ўтган йилги даражадан яхши бўлиши мумкин бу йил... Тахминан, бу йилги сув таъминоти ўтган йилгига нисбатан беш фоизга яхшиланиши мумкин, дейди Маримбой Сапарбоев.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, Хоразм вилоятида сув таъминоти сўнгги йилларга нисбатан 44 фоизни ташкил этади. Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 60 фоизга тенг.

Шунингдек, жорий йилда Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам сув танқислиги кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG