Линклар

logo-print

Обама янги стратегияни эълон қилди

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон ва Покистон бўйича янги стратегияни эълон қилар экан, бундан кўзланган асосий мақсад Жанубий Осиёдаги экстремистик базаларни йўқ қилиш эканини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон ва Покистон бўйича янги стратегияни эълон қилар экан, бундан кўзланган асосий мақсад Жанубий Осиёдаги экстремистик базаларни йўқ қилиш эканини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обама 27 март куни Вашингтонда АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича янги стратегиясини эълон қилди.

Обама янги уриниш асосан толиблар ва Ал-Қоида жангариларининг минтақадаги базаларини нишонга олишини айтди.

Шунингдек, АҚШ раҳбари жанубий Осиёдаги мураккаб вазиятни ҳал этиш учун минтақа давлатларига молиявий ёрдам кўрсатиш, қўшимча қўшин жойлаштириш, ижтимоий ривожланишга туртки бериш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришда ёрдам беришни ваъда қилди.

АҚШ президенти Барак Обама шаффофлик, кўп қирралилик ва масъулият Афғонистон ҳамда Покистон бўйича АҚШ янги стратегиясининг муҳим жиҳатлари эканини айтди.

Обама АҚШ янги стратегиясини Афғонистон ва Покистонда зўравонлик авж олаётган бир пайтда ошкор қилди.

Масалан, ҳужжат эълон қилинишидан бир неча соат олдин Покистоннинг Хайбар довони яқинидаги масжидда жума намозига йиғилган мусулмонлар орасида худкуш кимса ўзини портлатди. Оқибатда элликдан ортиқ одам нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди.

- Вазият янада хавфли бўлиб бормоқда. Толиблар ҳокимиятдан ағдарилганига етти йил бўлганига қарамай, уруш давом этмоқда. Исёнчилар Афғонистон ва Покистоннинг бир қисмини назорат қилмоқда.

Бизнинг қўшинлар, НАТОдаги иттифоқчиларимиз қўшинлари ва Афғонистон ҳукуматига қарши ҳужумлар кучайиб бормоқда. Энг ачинарлиси, 2008 йил Америка кучлари учун энг кўп талафот кўрилган йил бўлди,- деди АҚШ президенти.

Барак Обама Жанубий Осиё минтақасидаги экстремистларга тегишли базаларни йўқ қилиш АҚШнинг асосий мақсадларидан бири эканини алоҳида таъкидлади:

- Шуни аниқ айтмоқчиманки, 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши ҳужум уюштиришни режалаган ва уюштирган Ал-Қоида, унинг иттифоқчилари ҳозир Афғонистон ва Покистонда. Турли разведка манбалари маълумотига кўра, Покистонда хавфсиз бошпана топган Ал-Қоида АҚШ ҳудудида ҳужум уюштиришни режаламоқда.

Агар Афғонистон ҳукумати толибларни енга олмаса ёки Ал-Қоидага қаршилик кўрсатмаса, бу мамлакат яна имкон қадар кўп одамларимизни ўлдиришни хоҳлаётган террорчилар базасига айланади,- деди АҚШ раҳбари.

АҚШнинг аввалги президенти Жорж Буш маъмурияти юритган сиёсатдан фарқли ўлароқ, Барак Обама эълон қилган янги стратегия Покистонда энди оёққа тураётган демократик ташкилотларни қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутган.

- Экстремизмни фақат қурол кучи билан енгиб бўлмайди. Ал-Қоида Покистон халқига вайроналик ва абгорликдан бошқа нарсани таклиф қилаётгани йўқ. Биз анча яхши нарсани таклиф қиляпмиз. Шу боис мен Конгрессни Жон Керри ва Ричард Лугар ташаббуси билан икки партия аъзолари бирга ишлаб чиққан қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақираман.

Бу ҳужжат беш йил давомида Покистон халқига йилига бир ярим миллиард доллар ҳажмида ёрдам маблағи ажратишни кўзда тутади. Бу маблағ Покистонда мактаблар, йўллар, касалхоналар қуришга ва демократик ташкилотлар ролини оширишга сарфланади, -деди Барак Обама.

Афғонистон расмийлари АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича эълон қилинган янги стратегиясини олқишламоқда. 28 март куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШнинг қайта кўриб чиқилган стратегиясини “тўлиқ қўллаб-қувватлашини” айтди.

- Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, бу биз кутгандан анча яхши стратегия бўлди. Биз уни қўллаб-қувватлаймиз ва тўлиқ амалга ошишига умид қиламиз,- деди Афғонистон раҳбари.

Шунингдек, Карзай минтақа муаммоларини ҳал этишда Эроннинг ролини ошириш ҳақидаги АҚШнинг таклифини ҳам олқишлади.
XS
SM
MD
LG