Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:24

Роғун ўрнига Сарез


Ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, Тожикистондаги Сарез кўлида ГЭС қурилиши минтақадаги сув муаммосини ҳал этишга хизмат қилади.
Ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, Тожикистондаги Сарез кўлида ГЭС қурилиши минтақадаги сув муаммосини ҳал этишга хизмат қилади.

Ўзбекистонлик энергетиклар Тожикистондаги Сарез кўлининг ўпирилиб кетиши олдини олиш ҳамда сув масалаларига оид келишмовчиликларга барҳам бериш мақсадида Роғун ГЭСи ўрнига Сарез ГЭСини қуриш таклифи билан чиқишди.

“Регниум” ахборот агентлигининг ёзишича, ўзбекистонлик энергетиклар беш - олти йил вақт сарфлаб янги қурилажак Роғун ГЭСи сув омборини тўлдириш ва дарёлар қуйи оқимида жойлашган давлатларда сув тақчиллигини яратиш ўрнига, сўнгги юз йил давомида Помир тоғидаги Сарез кўлида тўпланиб қолган сув -энергетика заҳираларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф қилганлар.

Ўзбек экспертларига кўра, Сарез ГЭСини қуриш Тожикистон учун Роғун ГЭСини қуришдан осон, арзон ва фойдалидир.

Аммо тожикистонлик соҳа мутахасислари ва таҳлилчилар бу икки лойиҳа ўртасида катта фарқ борлигини айтадилар.

- Роғун ГЭСи Тожикистон ва Марказий Осиё минтақаси учун долзарб бўлган сув масалани ҳал қилиши керак.

Сарез ГЭСи эса Сарез кўли хавфсизлигини таъминлаш муаммосини ҳал қилади. Шунинг учун бу икки лойиҳани бир-бири билан чалкаштирмаслик керак, - дейди Тожикистон Фанлар академиясининг сув масалалари бўйича тадқиқотлар маркази директори Георгий Петров.

Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи тўғонининг лойиҳа бўйича баландлиги 335 метрдир. Аммо Сарез кўлидаги табиий тўғон 570 метр баландликка эга.

Роғун сув омборида беш йил мобайнида 12 ярим миллиард кубометр сув заҳира қилиш мумкин. Аммо Сарез кўлида эса сўнгги юз йил мобайнида 17 миллиард кубометр сув тўпланган.

Тожикистон Фанлар академияси ходими Ҳомиджон Орифовнинг маълум қилишича, Сарез кўлида ГЭС қуриш масаласи 1932 йилда москвалик олимлар томонидан ўртага ташланган.

ГЭС қуришдан асосий мақсад ҳам Сарез кўлининг ўпирилиб кетиши олдини олиш бўлган.

1979 йили тошкентлик мутахассислар Сарез кўлида 200 мегаватлик ГЭС қуриш таклифини киритганлар.

-Мен раҳбарлик қилган тадқиқотчилар айнан мана шу масала билан шуғулланарди. Бизга Сарез кўлида қурилиши айтилаётган ГЭС орқали Ўзбекистоннинг Андижонига электр узатиш масалаларини ўрганиш топширилган эди.

Ўша замонларда электр қувватининг нархи арзонлиги ва бунинг устига Сарез ва Андижон ўртасида саноқсиз довонлар ва водийлар мавжудлиги туфайли электр жуда қимматга тушиши мумкинэди. Шуни назарга олган ҳолда, бу лойиҳа амалга ошмай қолган эди,- дейди Орифов.

Мутахассисга кўра, бугунги кунда вазият ўзгарган. Унга кўра, Сарез электр энергиясини Душанбега олиб келиш Тожикистон учун қимматга тушади.

Аммо Афғонистон ва Покистонда бир киловат электр энергияси 6 ,5 центга қимматлаган. Сарез электр энергиясини бу мамлакатларга сотиш мумкин.

- Тожикистоннинг бу таклифи Америка ҳукумати томонидан ижобий баҳоланган. Америкаликлар бу лойиҳанинг техник жиҳатларини ўрганишга оид масалаларга сармоя ҳам ётқизмоқчи, - дейди Ҳомиджон Орифов.

Бироқ Герогий Петров Сарез кўлидан олинадиган электр энергияни Афғонистон ва Покистонга узатиш , бу масалада АҚШ кўмагига умид қилиш хомҳаёл эканини таъкидлайди.

- Мени кечирасизлару, бироқ бу қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас, -дейди Петров..

Унга кўра, америкаликларга Афғонистон учун Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳозирда фаолият қилиб турган гидроэнергетик иншоотларидан олинаётган электр энергиясини транзит қилиш жуда қулай ва осондир.

Эслатиш жоизки, 1911 йил 18 февралида Помир тоғларида содир бўлган зилзила оқибатида Сарез кўли вужудга келган эди.

Бу кўл 96 йилдирки Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистонннинг 5 миллион аҳолиси яшайдиган минтақаларига хавф солиб келаётгани айтилади.

Узунлиги 60 километр, кенглиги 3 ярим километр, чуқурлиги 500 метрли Сарез кўлида 17 миллиард кубометр сув йиғилган.

Мутахасислар мобода кўлнинг табиий тўғони ўпирилиб кетса, 26 минутда яқин қишлоқлар ва 38 соат ичида Ўзбекистоннинг айрим туманлари 12 метр баландликдаги сув остида қолишини айтишмоқда.

Сарез кўли ўпирилиб кетиши хавфини камайтириш бўйича лойиҳа экспертларининг халқаро кенгаши раиси, академик Собит Неъматуллоев кўл табиий тўғони кучли зилзилага бардош бера олмай ўпирилиб кетмаса, қоялар қулаши натижасида пайдо бўладиган тўлқин хавфи катта эмаслигини таъкидлайди.

Академикнинг айтишича, шунга қарамай, Сарез кўли суви сатҳини пасайтиришга тўғри келади

-Ҳозир асосий масала Сарезнинг сув - энергетик заҳираларидан тўла фойдаланишни йўлга қўйишдан иборатдир. Бунинг учун ГЭС қуриш ва секундига 100 кубометр сув ташлашга тўғри келади.

ГЭС 4 -5 йил ичида кўлдаги сув сатҳини 50 -60 метрга тушириши мумкин, -дея таъкидлаган эди Сарез кўли масаласига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда тожик академиги.
XS
SM
MD
LG