Линклар

Сув берилиши пулга боғлиқ


Қирғиз расмийларига кўра, қўшни давлатларга сув берилиши масаласи бу давлатларнинг Қирғизистондан қанча миқдорда электр энергияси сотиб олишига боғлиқдир.

Қирғиз расмийларига кўра, қўшни давлатларга сув берилиши масаласи бу давлатларнинг Қирғизистондан қанча миқдорда электр энергияси сотиб олишига боғлиқдир.

Қирғиз ҳукуматининг навбатдаги йиғилишида айтилишича, 2009 йилда Қирғизистон Ўзбекистонга қанча электр энергияси сотиши ва қанча миқдорда сув бериши номаълумлигича қолаётир..

Ўтган йилнинг 18 октябрида Олмаота шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари энергетиклари сув-энергетика муаммоларини ҳамкорликда ҳал этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эдилар,

Бироқ бу ҳужжат қачон амалга тадбиқ этилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолаётир. Чунки Қирғизистон Энергетика вазирлиги шу кунгача бу борада Ўзбекистон томони билан бирон бир битимга келмаган.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов ҳукумат йиғилишида Қирғизистон энергетика вазирлигини бу борадаги сусткашлиги учун танқид қилди. Бош вазирнинг айтишича, электр энергияси экспорти қўшни давлатларга қанча сув чиқарилиши ва кейинги қиш мавсумига Қирғизистон қай тарзда тайёргарлик кўришини белгилаб берувчи асосий омилдир.

- Экспортнинг нақадар аҳамиятли эканини тушинишимиз керак. Экспорт масаласининг ҳал этилиши сув омборларидан қанча миқдорда сув чиқаришимизни, сотилган электр энергияси учун қанча ҳақ олишимизни, кейинги қишга қандай вазиятда кириб келишимизни белгилаб беради.

Тўқтўғул сув омборидаги сув заҳираси миқдорининг қанча бўлиши электр энергияси экспорти билан узвий боғлиқдир,-деди Игор Чудинов.

Қирғизистон Энергетика вазири Илёс Давидовнинг айтишича, шу кунгача Қозоғистон билан электр энергияси экспорти борасида шартнома имзоланган. Қозоғистон томони Қирғизистонга 550 миллион киловат соат электр энергияси учун 25 миллион доллар миқдорида маблағ ўтказиб берган.

- Агар Ўзбекистон бу йил 550 миллион киловат соат электр энергиясини олмаса, бу миқдордаги электр энергиясини ишлаб чиқаришга сарфланадиган сув заҳирада қолади. Бунинг оқибатида эса 2009-2010 йил қиш мавсумида қирғизистонликларни электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади,-деди энергетика вазири Илёс Давидов.

Айни пайтда Ўзбекистонга электр энергиясининг экспорт қилинмаслиги бу мамлакатга сув берилишини ҳам муаммога айлантириб қўяди. Чунки Илёс Давидовнинг айтишича, Тўқтўғул сув омборидаги сув заҳираси ўтган йилгига нисбатан кўпроқ бўлса ҳам, Қирғизистонда мавжуд энергетик етишмовчиликни бартараф этишга қодир эмас.

-Бу йил Тўқтўғул сув омборига 12 миллиард 260 миллион кубометр сув йиғилиши кутилмоқда. Бу эса ўтган йилга нисбатан деярли икки ярим миллиард кубометрга кўпдир. Бу республикадаги электр энергияси таъминотини ўтган йилга нисбатан 16 фоизга яхшилаш имконини беради. Лекин электр энергияси етишмовчилигини бартараф эта олмаймиз,-деди Илёс Давидов.
XS
SM
MD
LG