Линклар

Қозоғистон пул жўнатмаларини назорат қилмоқчи


Қозоғистон расмийлари пул жўнатмаларини назорат қилишдан асосий мақсад, катта миқдордаги валютанинг хорижга чиқиб кетиши олдини олиш эканини айтмоқдалар.

Қозоғистон расмийлари пул жўнатмаларини назорат қилишдан асосий мақсад, катта миқдордаги валютанинг хорижга чиқиб кетиши олдини олиш эканини айтмоқдалар.

Қозоғистон молия вазирлиги қозоғистонликларнинг маҳаллий банклар орқали хорижга жўнатаётган валюта ўтказмаларини назорат остига олиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Расмийларга кўра, сўнгги бир-икки йил ичида мамлакатдан тахминан 50 миллиард АҚШ доллари хорижга чиқиб кетган.

Расмийлар мамлакат молиявий бўҳрон шароитида сармояга катта эҳтиёж сезаётганини айтмоқдалар. Шундай вазиятда Қозоғистондан йирик миқдордаги валютани хорижга олиб чиқиб кетиш мамлакат иқтисодиёти ва халқ хўжалиги мажмуасига салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Шунинг учун Миллий банк раиси хорижга юборилаётган валюта миқдори 2,5 минг АҚШ долларидан юқори бўлган тақдирда, банклар валюта жўнатмаларини назорат остига олиши зарур, деган ташаббус билан чиқди.

Кузатувчилар эса банклар орқали хорижга юборилаётган валютани назорат қилиш аксар хориж давлатлардаги банкларда ҳам қўлланилиши, бироқ уларда катта миқдордаги валюта ўтказмалари назорат қилинишини билдиришмоқда:

- Ўйлашимча, 2,5 минг АҚШ доллари назорат қилиш учун жуда кам миқдор.

Банклар бундан кўпроқ бўлган пул жўнатмалари, масалан, 20 минг АҚШ долларидан юқори бўлган валюта жўнатмаларини назорат остига олишлари зарур.

Аммо валюта жўнатмаларини назорат қилиш хориж давлатларида ҳам қўлланилади. Агар Қозоғистонда 2,5 минг АҚШ долларидан юқори бўлган валюта жўнатмалари назорат остига олинса, бу мамлакат молия хизматида қора бозорнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади,- дейди иқтисодчи Ўраз Жандосов.

Бундан аввал Қозоғистон Миллий банки раиси мамлакатдаги барча хусусий саррофлик дўконларини ёпиш ва валюта айирбошлаш бўйича операцияларни банклар ихтиёрига топшириш таклифини киритганди.

- Ҳукумат мамлакатдаги энг йирик бўлган БТА банк орқали хорижга миллионлаб АҚШ доллари чиқиб кетишини тўхтатиб қололмаганди. Шундан келиб чиқилса, 2, 5 минг АҚШ долларини назорат қилиш даражасигача тушишнинг нима кераги бор?

Қозоқ ҳукуматининг буни назорат қилишга кучи етармикан? Сабаби, 2,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги валютани аксар ҳолларда мамлакатда ишлаётган меҳнат мухожирлари жўнатадилар.

Бу орқали, менимча, қозоқ ҳукумати ўз аҳолиси қаторида меҳнат мухожирлари валюта жўнатмаларини ҳам назорат қилмоқчи, шекилли,- дейди иқтисодчи Раҳмон Алшанов.

Мавзуни ёритиш асносида, қозоқ ҳукуматининг маҳаллий банклар орқали хорижга юборилаётган валютани назорат остига олиш эҳтимоли мамлакатда ишлаётган меҳнат мухожирлари, хусусан уларнинг аксарини ташкил қилаётган ўзбекистонликларни ҳам ваҳимага солиб қўйганини кузатдик.

Бунинг боисини ўзбекистонлик суҳбатдошимиз мана бундай изоҳлади:

- Ўзи қўрқиб яшаб юрибмиз бу ерда, янада қўрқувга тушираяпти, бу гаплар. Чунки ҳамқишлоқларимиз ишлаган пулларимизни тўплаб, юртимиздаги бир кишига юборардик. У кейин пулларимизни оиламизга бериб қўярди.

Энди биз банкдан ташқари йўлларни қидиришга мажбур бўламиз. Ўзи нолегал ишлаб юрганимизда, яна бундай хавф пайдо бўлди.

Автобус орқали бериб юбориш ёки биронта юртдош кетаётган бўлса, ўша орқали бериб юборишга тўғри келади, бошқа илож қолмайди,- дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG