Линклар

logo-print

Сўмнинг кучи "Дамас"га етмайди

  • Садриддин Ашур

"Ўзавтосаноат" ширкати ўзбекистонликларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган айрим русумдаги автомобилларни фақат АҚШ долларига сотмоқда.

"Ўзавтосаноат" ширкати ўзбекистонликларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган айрим русумдаги автомобилларни фақат АҚШ долларига сотмоқда.

Фарғоналик Азимжон бобога миллий валюта - ўзбек сўмига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Дамас” автомашинасини сотишмади. "Ўзавтосаноат" вакиллари: “Отахон, доллар олиб келинг”, дейишди.

Саксон ёшни уриб қўйган Азимжон бобо Муталибов 50 йил мактабда ўқитувчилик қилган, меҳнат ва иккинчи жаҳон уруши фахрийси.

Фарғона вилоятининг Сўх туманида истиқомат қилувчи Азимжон бобо, серфарзанд ва сернабира бўлганлиги учун у ёқ, бу ёқдан йиғиб хўжаликбоп “Дамас” машинаси харид қилмоқчи бўлди.

Ҳа, энди невара чеварадан худо берган, унча –мунча мошинга сиғмайди.

“Ўзимизнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мошинлар Фарғонадаги дўконларда турганмиш”, деган гапларни эшитганидан сўнг, 12 миллион сўм ўзбек пулини белига маҳкам тугиб Фарғонага келди.

Лекин “Ўзавтосаноат” компаниясининг Фарғона шаҳридаги дўконига кирганидан сўнг, ҳафсаласи пир бўлди:

- Фарғонага мошин олишга бордим. Давронбек деган одамнинг идорасига кириб, мен мошина олишга келдим, деб айтдим.

Сотувчи одам жуда хурсанд бўлиб: “Қанақа мошин оласиз?” деди. Мен “Дамас” олмоқчиман, дедим. У айтдики: “Биз “Дамас”ни ўзбек сўмига бермаймиз. Биз “Дамас”ни долларга берамиз”...

Шунда Азимжон бобонинг феъли келди:

-Мен унга айтдим, Ўзбекистон бир мустақил давлат бўлса, 27 миллион аҳолиси бўлса, ўзининг байроғи бўлса, ўзининг герби бўлса, ўзининг миллий пули бўлса, уни бутун дунё давлатлари таниган бўлса, бу нима деган гап? Нима ҳақларинг бор, ўзбек мошинасини долларга сотишга, деб айтдим.

Мен бир оддий ўқитувчи, пенсионер бўлсам, бутун умримни мактабга бағишлаган бўлсам, долларни умримда ушлаб кўрмаган бўлсам, савдогар бўлмасам, коммерсант бўлмасам, қаердан топаман, сенларга долларни, деб айтдим.

Мошина сотувчи эса отахонни тинчлантирди:

- Ҳа,энди хафа бўлманг, отахон. Биз фақат долларга сотамиз. Ҳай, майли, битта ариза ёзиб беринг. Агар сўмга сотадиган бўлсак, хабар берамиз.

Отахон ариза ёзиб ташлаб чиқди. Бу воқеа 17 мартда бўлган эди. Иттифоқо, отахонни 27 март куни мошина сотувчилар чақириб қолишди.

“Ветеранлигимизни ҳисобга олишибди, мошин бериб қолишар”, деб, хурсанд бўлиб, яна фарғонага келди, Азимжон бобо. Лекин яна бўлмади...

“Бошқа мошинларни, марҳамат, сўмга олаверинг, лекин “Дамас” фақат долларга”, дейишди.

Отахоннинг феъли яна тутди:

-Мен уларга айтдим. Ким бу қарорни чиқарган бўлса ҳам, бу нотўғри қарор, дедим. Биз Ўзбекистонда яшаймиз, шундай экан нега оддий одамлар ўзбек пулига мошин сотиб ололмайдими, дедим.

Бу ахир Америка эмаску, дедим. Мен бунга норозиман, мен норозилик билдираман, дедим,- дейди Азимжон бобо.

Лекин бу гаплар мошина сотувчиларга таъсир қилмади. Улар отахонни ҳайдаб юборишди.

Азимжон бобо бу гапларини Озодлик радиосига сим қоқиб, айтиб берди.

Биз “Ўзавтосаноат” компаниясининг Фарғона шаҳридаги бўлимига сим қоқдик. Мутахассис Баҳром Саъдиев билан суҳбатлашдик.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам “Ўзавтосаноат” компаниясининг “ЎзДЭУ автомашиналарининг айримлар фақат долларга сотилсин”, деган махсус буйруғи бор экан.

-Бизга ҳам фақат валютага сотинглар, деган буйруқ келган. Марҳамат, бошқа мошинларни олсинлар. Мана “Матиз”ларимиз бор, сўмга. Бизга валютага сотилсин, дейилган, биз уни сўмга сотолмаймиз,- деди Баҳром Саъдиев.

Азимжон бобо мошин ишлаб чиқарувчилардан ҳам, мошин сотувчилардан ҳам хафа бўлди.

- Четдан мошин олиб кириш мумкин бўлмаса, мумкин бўлганда ҳам 100 фоиз божхона солиғи бўлса, ўзингнинг юртингда ишлаб чиқарилган мошинга эса доллар олиб кел, дейишса, ўзбек сўмининг қадри шу бўлдими, - дейди Азимжон бобо.

Отахон жуда хуноб. Бир феъли тутиб, бошқа юртдошлари сингари хорижга чиқиб, доллар ишлаб келсаммикин, деган хаёлда юрибди ҳозир...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG