Линклар

Дилмурод Саййиднинг соғлиғи ёмон

  • Барно Анвар

Товламачиликда айбланиб қамоққа олинган ўзбекистонлик журналист Дилмурод Саййиднинг соғлиғи унинг яқинларида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Товламачиликда айбланиб қамоққа олинган ўзбекистонлик журналист Дилмурод Саййиднинг соғлиғи унинг яқинларида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Самарқанд шаҳрида ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййидни кўриб қайтган яқинлари унинг соғлиғидан хавотирда.

Сўнгги бор журналистнинг ҳолидан хабар олган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти вакиллари ҳам журналистнинг соғлигидан хавотир билдирган эди.

Журналистнинг рафиқаси Барно Жуманованинг айтишича, турмуш ўртоғини кўриш учун жума куни қайнонаси Ҳамида Толипова билан бирга Самарқандга борган ва уларга кўришишлари учун имкон берилган.

- Кўришдик. Лекин ëнма-ëн кўриштиришмади. Алоҳида хонада кўришдик. Ëнимда ойим ҳам бор эдилар. Телефон орқали гаплашиб бир биримизни кўриб турдик. Яхшимисиз¸ деб сўрасам “Ойимга яхши гапиргин. Менинг аҳволим яхши”, дедилар.

Жуда озиб кетибдилар. Аҳволлари ҳақида “яхшиман” дедилар. Ундан бошқа бирор гап гапирмадилар. Бирор нарса керакми¸ десам¸ “Мендан хавотир олманглар. Ҳеч қачон йиғлаб, сиқилманглар. Мен айбдор эмасман”, дедилар¸- дейди Барно Жуманова.

Барно Жуманова турмуш ўртоғининг соғлиги оғирлашгани сабаби унга нисбатан ҳибсхонада қўпол муносабатда бўлингани ёки тазйиқ ўтказилганида, деб гумон қилмайди.

Унинг айтишича, Дилмурод Саййид аслида бироз бетоб бўлган. Шу боис, у вақти-вақти билан даволанишга муҳтож.

- Ўзбекчиликда “илик узилди”. деган маҳалку ҳозир. Ҳолсизланиш бўлади. Айнан шу пайтда у киши иммунитетни оширадиган муолажа олардилар. Тиббий муолажа ҳам йўқ. Ейиш-ичиши ҳам яхши эмаслигидан, мана, озиб кетганлар¸ -дейди журналист Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова.

Дилмурод Саййидни кўриш учун онаси Ҳамида Толипова ҳам Самарқандга борган. Бу аёл ўз вақтида прокуратура тизимида, маълум вақт вилоят прокурори лавозимида ҳам ишлаган.

Озодлик билан суҳбатда Ҳамида Толипова ўғлининг ҳибсга олинишини асоссиз, деб ҳисоблашини айтди.

Ҳамида Толипова 85 ёшга киргани ва ногирон бўлгани боис биз билан телефонда суҳбатлаша олмади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган собиқ прокурор аёл журналист ўғлинининг ҳибсга олинишини асоссиз, деб билиши сабабини у келини Барно Жуманова орқали Озодликка етказди.:

- Ойим биринчи гуруҳ ногирони. Қулоқлари яхши эшитмайди¸ кўзлари яхши кўрмайди. Ойимларнинг фикрича¸ ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қилган иши бутунлай қонунга зид.

Чунки кимнидир қамоққа олиш керак бўлса¸ қўлда ордер бўлиши лозим экан. Ҳозир буни, менимча, оддий одамлар ҳам тушунади.

Ойимнинг прокурор сифатидаги гаплари мана шу, - дейди ҳозир Самарқандда ҳибсда сақланаётган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова.

Унинг айтишича, Дилмурод Саййидни уйидан ўзини таништирмаган ва қўлга олиш тўғрисидаги ордерни кўрсатмаган фуқаролик кийимидаги шахслар олиб чиқиб кетишган.

Барно Жумановага кўра, ҳибсхонада журналистнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганига асос бўлувчи ҳатти-ҳаракатлар сезилгани йўқ. Айни пайтда унинг ҳуқуқий ҳимоячилари ҳам ўз ҳимоясидаги одам билан бемалол кўришиш имконига эга.

- Адвокатлар кираяпти. Борганимизда бизларни ҳам киритишди. Бунга эътирозим йўқ. Лекин соғлигидан қаттиқ хавотирдамиз, дейди Барно Жуманова.

48 ёшли ўзбек журналисти Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб қўлга олинган эди. Бунга қадар эса у мустақил электрон нашрларда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқид қилувчи таҳлилий мақолалар чоп этиб борган.

Дилмурод Саййид илк бор 2005 йилда Ўзбекистонда чоп этилган ва журналистнинг ўзи ишлаган “Адвокат” номли газетада “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” номли мақоласини чоп эттирганидан сўнг ҳукумат босимига учраган эди. Ўшанда у ишдан бўшатилган, бироз ўтиб эса газета ҳам ёпилган эди.

Ҳозир журналистга нисбатан тергов ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG