Линклар

Қозоғистонда интернет назоратга олинмоқчи


"Zonakz" сайти раҳбари Юрий Мизиновнинг айтишича, бугунги кунда Олмаота шаҳрида унинг интернет нашри тўсиб қўйилган.

"Zonakz" сайти раҳбари Юрий Мизиновнинг айтишича, бугунги кунда Олмаота шаҳрида унинг интернет нашри тўсиб қўйилган.

Қозоғистонлик журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари парламент томонидан муҳокама қилинаётган интернет тўғрисидаги янги қонун сўз эркинлигига зарба беришидан ташвишдалар.

Қозоқ парламенти интернет ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришди.

Кузатувчилар мазкур қонун лойиҳаси кучга кирган тақдирда, мамлакатдаги барча электрон ОАВ лари фаолияти қозоқ расмийларининг кучли назорати остига олинишидан қаттиқ ҳавотир билдирмоқдалар.

Қозоғистонда ушбу қонунни қабул қилмаслик талаби билан нафақат оммавий ахборот воситалари, балки аҳоли ҳам бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Ўтган ҳафта қозоғистондаги сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилот ва ҳуқуқ ҳимоячилари парламентга очиқ хат йўлладилар.

Бу очиқ хатда айтилишича, қозоқ депутатлари террорчилик, экстремистлик ва миллатлараро низо келтириб чиқарадиган интернет сайтлари билан курашиш баҳонасида мамлакатдаги барча электрон оммавий ахборот воситаларини ўз назорати ости олмоқчи бўлаяпти.

- Депутатлар интернетда порнография, экстремистлик ва террорчиликка оид сайтлар кўпайиб кетганини айтишаяпти.

Биз ҳам уларга қаршимиз. Аммо депутатлар ана шундай интернет ресурслари сарасига электрон оммавий ахборот воситаларини ҳам қўшиб юбряпти.

Парламент Бош прокурорга электрон оммавий ахборот воситаларида миллатлараро низо қўзғайдиган маълумотни аниқланган тақдирда, ўша сайтни уч кун ичида ёпиб, уни судга тортиш ваколатини беришни режалаштираяпти.

Биз бунга қаршимиз. Чунки расмийлар журналистлар фаолиятидан қай қтарзда камчилик топиши бизга анчадан буён аниқ, - дейди Қозоғистон журналистлари иттифоқи раиси Сеитқози Матаев.

Қозоқ депутатлари ахборот ва коммуникация тармоқлари ҳақидаги қонун лойиҳасини бир тарафлама, яъни нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокисиз кўриб чиқмоқда.

- Депутатлар бизни ана шу йиғилишга чақирсалар ҳам, чақирмасалар ҳам биз Остонага боришга қарор қилдик.
Сабаби, кўпчилик расмийлар интернет ўзи нималигини яхши тушуниб етмаяптилар.

Ҳозир интернетни назорат қилиш ваколати Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ихтиёрига ўтказилмоқда.

Агар интернет, хусусан, электрон оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига ўтса, бу мамлакатдаги ахборот сайтларидан ярмидан кўпининг фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлади,- дейди Қозоғистон журналистлари иттифоқи раиси Сеитқози Матаев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Игорь Ласкутов ахборот ва коммуникация тармоқлари ҳақидаги қонун лойиҳасига депутатлар таклиф этаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши мамлакатдаги сўз эркинлиги вазияти ёмонлашувига сабаб бўлиши ҳақида гапиради.

-Бу ҳуқуқ-тартибот идораларининг исталган веб-сайтни ёпиб қўйиш ҳуқуқини қўлга киритишига олиб келади.

Ҳозир мамлакатда аксар веб-сайтлар тўсиб қўйилаётир. Бу эса уларнинг фаолиятини оғирлаштириб қўйди.

Бироқ ҳозирги кунда сайтлар ким томонидан тўсилаётганини аниқлаш жуда қийин. Ахборот ва коммуникация тармоқлари ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши оқибатида электрон оммавий ахборот воситалари фаолияти айнан қайси тузилма томонидан бекор қилинганини аниқлаш қийин бўлмай қолади.

Бироқ бизнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қонунни ҳурмат қилмасликларини ҳисобга олсак, мамлакатдаги электрон оммавий ахборот воситалари фаолияти қай тарзда бекор қилинишини ҳозирданоқ тасаввур қилиш қийин эмас.

Ачинарлиси, қозоқ депутатларининг хитойлик ҳамкасблари йўлидан кетаётганидир. Масалан, Хитойда йил бошидан буён бир ҳафта ичида 150 мингдан ошиқ веб-сайт фаолияти тўхтатиб қўйилган,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Айни пайтда, қозоқ депутатларининг ахборот ва коммуникация тармоқлари ҳақидаги қонунни қабул қилишларига нафақат сўз эркинлиги ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари, балки мамлакатдаги блоггерлар ҳам қарши чиқмоқдалар.

Ўтган ҳафта мингдан ошиқ қозоғистонлик блоггерлар ахборот ва коммуникация тармоқлари ҳақидаги қонунни қабул қилишларига йўл қўймаслик талаби билан мамлакат бош вазири, “Қозоқтелеком” ширкати раҳбари ҳамда Ахборотлаштириш ва алоқа агентлиги раисининг шахсий блогларига оммавий равишда ҳужум уюштирдилар.
XS
SM
MD
LG