Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:13

Бозорчининг бозори юришмади


Тожикистон президенти девони олдига тўпланган савдогар аёллар "Зарнигор" бозори ёпилгач ярим очлик ҳолатида яшаётганларидан арзландилар.
Тожикистон президенти девони олдига тўпланган савдогар аёллар "Зарнигор" бозори ёпилгач ярим очлик ҳолатида яшаётганларидан арзландилар.

Душанба куни эрталаб 30 нафар савдогар аёл Тожикистон президенти девони қошида тўпланиб, айрим амалдорлар томонидан ҳуқуқлари поймол қилинаётганига норозилик билдирди.

Тадбиркор аёллар бундан олти ой аввал ёпилиб қолган “Зарнисор” бозорининг қайта ишга туширилишини талаб қилдилар.

Тахминан бир ярим соат давомида норози аёллар ҳузурига ҳукумат мулозимларидан бирор киши чиқмади.

-Хўроз қичқирмай туриб президентимизнинг идорасига келдик, арз қилиб. Ҳеч ким додимизга етмайди. Бирор киши ҳолинг нима демайди,- дейди 55 ёшлардаги савдогар аёл.

Расмийлар норози аёллар олдига бир гуруҳ журналистлар тўпланганидан хабар топгачгина, ноилож аёллар арзига қулоқ солиш учун ташқарига чиқишди.

Тожикистон президенти ижроия девонининг ҳуқуқ бўлими бошлиғи Юсуф Салимов норози аёллардан бир гуруҳини музокара залиги олиб кирди.

-Камбағални туянинг устида ит қопар экан.. Бир танишимдан 1000 доллар қарз олиб, тижорат қилмоқчи эдим. Ўша пулнинг 500 долларига юк олиб келган куним, Душанбе шаҳар ҳукумати ҳеч бир огоҳлантиришсиз “Зарнисор”нинг эшигига қулф урди.

Эрим вафот қилган. Уч болам ҳам бирин - кетин ҳар хил касалликдан ўлди. Ёш ўлиб кетган опамнинг тўрт етим боласини шу бозордан топган даромадим билан катта қилдим.

Бозорда ишлар тўхтаб қолгандан кейин улардан икки нафари Россияга кетган эди.

Мана уч ойдирки улар Россияда сарсон, иш йўқ эмиш, кризис экан,- дейди эшик ортида қолган аёллардан бири Зайнаб йиғидан ўзини тия олмай.

Зайнаб ўтган олти ой давомида савдогар аёллар бозорни қайта очиш илтимоси билан барча тегишли идора ва ташкилотларига мурожат қилганларини, аммо бирор идорадан жўяли жавоб олинмаганини айтди.

-Менинг беш болам бор. Эрим иккинчи гуруҳ ногирони, икки кило юк кўтара олмайди.

Шунинг учун ўзим бозорда савдо қилиб, болаларимни боқаётган эдим. Мана, ярим йилдирки хоҳ ишонинг хоҳ ишонманг, иссиқ таом у ёқда турсин, тўйиб нон ея олмаймиз,. Мажбурлигимиз учун жон аччиғидан бу ерга келдик ,- дейди Гулнора Файзибоева.

Ўз номини айтмаган бир аёл бу йил Тожикистонга баҳор эрта келгани ва Оллоҳ қудрати билан униб чиққан ялпиз ва исмалоқлар болалари жонига оро кирганини айтади.

- Худога шукур, шу ўтлар ердан униб чиқди, ўшаларни еб турибмиз,- дейди аёл.

Ҳукумат расмийлари билан музокара ўтказган Ҳабиба Талбакова ташқарида қолган шерикларига бу гал ҳам “Зарнисор” бозори тақдири мавҳум қолгани тўғрисида хабар берди.

-Эронликлар, хитойликлар, афғонистонликлар келиб бизнинг юртимизда нонини топиб ейишаяпти. Биз ўз ватанимида хор - зормиз.

Бир ишга қўл урдингми, бу ҳукумат дарров бир баҳона билан қўлингни калта қилади.

Етимларнинг оғзидан нонини тортиб олишга ҳам ҳазар қилмайди. Очиқдан очиқ ҳуқуқларимизни поймол қилишаяпти.

Энди Тожикистон Конституцион судига ариза ёзишимиз тавсия этилди. Бу суд ҳам бошқа судлар каби ҳукумат фойдасига ҳукум чиқариши аниқ,- дейди Ҳабиба Талбакова.

“Зарнисор” бозори хўжайини Жумахон Талбаков ва 500 кишидан иборат савдогарларнинг адвокати Шуҳрат Қудратовнинг Озодликка маълум қилишича, Душанбе шаҳар иқтисодий ишлар суди 2008 йилнинг 22 октябрида “Зарнисор” бозори ноқонуний асосда қурилгани ва у бузиб ташланиши борасида ҳукм чиқарган.

Жорий йил 17 мартида Тожикистон Олий суди ҳам бу ҳукмни ўз кучида қолдирилган.

- Ҳукумат расмийлари билан бўлган бугунги учрашувимизда ҳам республика судларининг юқори поғонасига мурожат қилишимиз кераклиги айтилди.

Юусуф Салимов суд беғараз, ҳар томонлама аризамизни ўрганиб чиқишига кўмаклашишга ваъда берди, - деди адвокат Қудратов.

Душанбенинг ғарбий қисмида жойлашган “Зарнисор” бозорида 500 нафардан ортиқ савдогар тирикчилик қилар эди.

Аммо Душанбе шаҳар ҳукумати 13 йил давомида ишлаб келган бозор ноқонуний ўзлаштирилган ерга қурилгани сабабли бузиб ташланиб, ер аввалги ҳолатига қайтарилиши тўғрисида қарор қабул қилган.
XS
SM
MD
LG