Линклар

logo-print

Имтиҳондан “бўйсунмаслар” ўтмайди


Ўзбекистонлик айрим адовкатларнинг айтишларича, бугунги кунда оқловчи ўз ҳимоясидаги одам, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва суд ўртасидаги даллолга айланиб қолган.

Ўзбекистонлик айрим адовкатларнинг айтишларича, бугунги кунда оқловчи ўз ҳимоясидаги одам, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва суд ўртасидаги даллолга айланиб қолган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда 1 апрелдан бошланажак оқловчиларни аттестациядан ўтказиш жараёнида ҳукуматга номаъқбул бўлган адвокатлар фаолияти тўхтатилиши мумкин.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистондаги барча адвокатлар аттестациядан ўтказилади.

Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раиси Санжар Ёқубовга кўра, ушбу имтиҳон орқали билимли ва тажрибали адвокатлар саралаб олинади.

-Адвокатлар имтиҳон топширади. Ким имтиҳонни топшира олса¸ ўтади¸ ким топшира олмаса, ўтмайди. Қонунда ëзилган¸ қонун бўйича аттестация ўтказиш учун палатага рухсат берилган.

Бу тадбир қонуний йўл билан амалга ошириляпти. Имтиҳонда 1400 та савол бор. Жиноий ҳуқуқ¸ жиноий процессуал ҳуқуқ¸ фуқаролик ҳуқуқи ва ҳоказо бўйича, - дейди Санжар Ёқубов.

Адвокат Отабой Раҳмонов 23 йиллик тажрибага эга. У аттестациядан ўтиш учун билим ва иқтидори етарли эканига ишонади.

-Биринчидан, адвокатларнинг ҳақиқий билимларини текшириш мумкин бўлади. Уларнинг иш қобилиятлари текширилади.

Аттестация орқали адвокатуранинг нима эканини тушуниб-тушунмай ишлаб юрганларни¸ албатта адвокатликдан чиқариб ташлаш мақсад қилиб қўйилган бўлиши мумкин,-дейди Отабой Раҳмонов.

Маълумки, ўтган йилнинг 12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси ўтказилиб, унда Адвокатлар ассоциацияси Адвокатлар палатасига айлантирилган эди.

Бу ташаббусга шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи бош- қош бўлиб, айни тадбир натижасида адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилиш режалаштирилгани таъкидланганди.

Ўша пайтдаёқ айримлар адвокатларни мажбурий тарзда Адвокатлар палатасига аъзо қилдириш орқали уларни назоратга олиш мўлжалланганини таъкидлашганди.

Адвокат Рустам Тўлаганов ўтказилажак аттестацияни ҳукуматнинг адвокатларни назоратга олиш бўйича навбатдаги тадбири сифатида баҳолайди.

Унга кўра, ҳукумат шу йўл орқали судя ва прокурорлар ноғарасига ўйнамайдиган, эркин фикрли адвокатларни бир четга чиқаришни кўзлаган.

-Бу тадбир адвокатларга қарши. Адвокатга фақат унинг мижози баҳо беради. Ҳукумат адвокатлар ўзини - ўзи бошқаришини ҳоҳламаяпти.

Адвокатларни “Сенлар ўзларингни ўзларинг бошқармайсан. Сенларни биз бошқарамиз”, деган нарсага олиб бораяпти булар, -дейди Рустам Тўлаганов.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи “Ҳозиржавоб гуруҳ” тарқатган маълумотда ҳам ҳукумат аттестация орқали эркин фикрли, мижоз манфати учун астойдил курашадиган, ҳақиқатпарвар адвокатлардан холос бўлишни режалаштираётгани таъкидланади.

Ўзбекистонда мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари ёки мустақил журналистлар билан боғлиқ маҳкама жараёнларида барча адвокатлар ҳам уларни ҳимоя қилишни ҳоҳламасликлари маълум.

Мамлакатда бу каби шахслар ҳимоясига бел боғлаган саноқли адвокатларгина фаолият юритаяпти.

Адвокат Руҳиддин Комилов фикрича, бу каби адвокатлар ҳукуматнинг жиғига тегаётгани аниқ. Шунинг учун аттестация орқали улардан бутунлай қутилиш режаси бўлиши мумкин.

-Балки ҳукуматнинг режаси аттестация орқали ҳақиқатпарвар адвокатларнинг думини тугиб қўйишдир. Яна ким билади. Гапнинг очиғи биз ҳар кун аттестациядан ўтамиз. Ҳар янги келган иш бизни аттестация қилади,- дейди Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистондаги адвокатура тизимида салбий ҳолатлар кўплиги, маҳкама жараёнларида адвокатларнинг фикрлари деярли инобатга олинмаслиги ёки адвокатлар оқловчи эмас, балки ҳуқуқ- тартибот идоралари билан айбланувчи шахслар ўртасида воситачилик вазифасини ўтаётгани кузатилади.

Собиқ адвокат Фуад Рўзиевга кўра, бу ишларни қилишни ҳохламаган ёки ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига бўйсунмаган адвокатларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Фуад Рўзиевнинг ўзи мафия бошлиғи сифатида қораланиб 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган хоразмлик Худайберган Нафуллаевга ҳимоячилик қилаётган пайти безориликда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинганди.

-Қонунда ëзилган, Олий суднинг қарорларида тасдиқланган талабларни бузиб суд ўтказилгани учун мен қонуний талабларни кўтараверганимдан кейин, мени атайлабдан шундай баҳона билан қамаб қўйишди,- дейди Фуад Рўзиев.

Агар аттестация ўтказилиб адвокатлар сараланадиган бўлса, кейинчалик Ўзбекистонда озчиликни ташкил этаётган “бўйсунмас” адвокатлар қолмаслиги мумкин.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG