Линклар

Сомса емайдиган кунлар

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон бозорларида сўнгги кунларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилиб кетди.

Ўзбекистон бозорларида сўнгги кунларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилиб кетди.

2008 йил мартининг охири, апрелининг боши ўзбекистонликлар учун сомса емайдиган кунлардир. Бундай фикрга "илик узилди" фасли нархларини суриштириш натижасида келдик.

Мухбирингиз мамлакатнинг қатор минтақалари бозорларидаги нарх-навони ўрганар экан, кейинги 4-5 ой ичида пиёз 10 бараварга қимматлаб кетганини аниқлади.

Пиёз нархини суриштиришни бир чеккадан – Андижондан бошладик.

- Пиëз бизда 2000 сўм. Майдасини 1800 сўмга оламиз. Мен кеча 1800 сўмга олдим.

Озодлик: Демак пиëзнинг 2000 сўмлиги ҳам бор.

- Ҳа.

Озодлик: Пиëз қачон бу нархга чиқди?

- 20 кунча бўлди.

Озодлик: 20 кун олдин қанча эди?

- 500-800 сўм эди.

Озодлик: Нима учун 20 кунда бу қадар кескин қимматлаб кетди?

- Чунки таги йўқ шу нарсанинг.

Озодлик: шу кунда Андижонда сотилаëтган пиëз қаернинг пиëзи? Маҳаллий пиëзми ëки...

- Йўқ¸ маҳаллий эмас. Кўпроқ Қирғизистондан олиб келишаяпти.

Андижонда гўшт ҳам қимматлади кейинги кунларда.

- Мол гўштининг 5000 сўмлиги ҳам бор. Лекин у сифати паст бўлган гўшт. Аслида ейдиган нормалный гўшт 6500 сўм.

Озодлик: Бир неча кун олдин 6000 сўм эди шекилли?

- Ҳа¸ шунақа эди¸ ҳозир 6500 сўмга чиқди. 6000 сўмга тушиб 15 кун¸ бир ойча турди холос.

Энди Фарғонанинг Тошлоқ туманига ўтамиз.

Озодлик: Пиëз бир ой олдин неча пул эди?

- 800-900 сўм эди. Ҳозир қимматлашиб кетди. Сал майдароғи 1500 сўм.

Озодлик: Бу бу йил бўлаëтган ҳолатми ëки ҳар йилги бўладиган ҳолатми?

- Ҳар йили ҳам бўлардию¸ лекин бу йил жуда қиммат бўлиб кетди. Ўтган йил пиëз сероб бўлиб унча қиммат бўлмаган эди. Бу йил камроқ шекилли¸ қиммат бўлиб кетди.

Озодлик: Тошлоқликлар ўзларида етиштирилган пиëзни ейдими ë ташқаридан келадими?

- Ташқаридан кўпроқ келади.

Озодлик: Асосан қаердан келади?

- Асосан билмадим¸ ташқаридан келади. Тошлоқда картошка бўлади¸ лекин пиëз унчалик эмас.

Озодлик: Бошқа маҳсулотларнинг нархи кўтарилдими?

- Кеча якшанба куни картошканинг нархи кўтарилипти. 600 сўмдан олаëтган эдик. 900 сўмга чиқипти.

Озодлик: Гўшт неча пул?

- 7000 сўм.

Озодлик: Қачон қимматлади?

- Бирор ҳафта бўлди. 6500 сўмга тушиб қолган эди.

Фарғонанинг Тошлоқ туманидан анча олисга, мамлакатнинг бошқа минтақаси – Қашқадарёнинг Шаҳрисабзига ўтамиз.

- Ҳозир сифатли¸ яхши пиëз 1800 сўмгача бор экан.

Картошкаям қимматлаб кетди Шаҳрисабзда.

- Картошка 850 сўм эканда.

Сирдарёнинг Оқ олтинида эса:

- Картошка 600 сўм.

Озодлик: Қимматладими у?

- 400-500 дан 600 га чиқдику.

Асосий қаҳрамонимиз – пиёзга қайтайлик.

- Пиëз 2000 сўмгача бор.

Озодлик: Бир ой олдин неча пул эди?

- 1000-1200 сўм эди. Кузда 250 сўм эди. Майда-майда¸ зўрға тўрғаладиган пиëзлар ҳам 1000-1200 сўм.

Сирдарёнинг Оқ олтинидаги гап эди.

Албатта, пиёз билан картошканинг қимматлагани бозордаги ҳамма маҳсулотлар қимматлади, дегани эмас. Андижонда ҳам, Тошлоғу Шаҳрисабз, Оқ олтинда ҳам ун қимматламай турибди, деб суюнишди.

Сабзи эса, бу йил хор бўлди. Масалан, Шаҳрисабзда:

- Бизда, энди, сабзи арзон. Мисол учун 1000 сўмга 10 кило ҳам бериши мумкин¸- дейди шаҳрисабзлик суҳбатдош.

Андижонда эса, минг сўмга 5 кило сабзи берадилар шу кунда.

Лавҳамизнинг сарлавҳаси "Сомса емайдиган кунлар" эди. Уни "Сабзи ейдиган кунлар" деган остлавҳа билан шу жойда тугатиб қўймоқчи бўлиб турганимизда Намангандан мана бу хабар келиб қолди:

Наманган вилоят Норин тумани ҳокими Ўктамжон Эргашев фермерлар ва мактаб директорлари иштирокида ҳар куни йиғилиш ўтказади.

- Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида ҳоким фермерларни назорат килиш учун бириктирилган давлат ташкилотлари вакилларини ишни эплай олмаганликда айблаб ҳақорат қилган, ҳатто уларга қўл кўтаришгача борган,

деб хабар қилди Инсон ҳуқуқлари жамияти Наманган вилоят бўлими аъзоларидан бири.

Ҳоким жаноблари нега пиёзни қимматлатиб, сабзини арзонлатвординг, деб мактаб директорларини сўккандирда?!

Рост-да ахир, қараб қўйишса бўлмайдими?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG